Болаларнинг илк ёдлаган шеърлари табиат, гуллар, баҳор ва она ҳақида бўлади. Бу бежиз эмас. Мурғак қалб табиатдаги ўзгаришни олдиндан сеза олади. Наврўз ўйинларини ўйнаш, осмонда варрак учиришлар, ерга расм чизишлар ҳам айнан болажонларни қалбида ватанга бўлган муҳаббат, ўзига бўлган ишонч туйғуларини шакллантиришда пойдевор бўлади.
Республикамизнинг барча боғчаларида баҳор байрами кенг нишонланмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳар Сергели тумани 599-мактабгача таълим муассасаси 5-«Камалак» гуруҳи тарбияланувчилари ҳам баҳор айёмини кўтаринки руҳда нишонлашди. Улар кийган либосларнинг ўзиёқ даврага баҳор нафасини олиб кирди. Болаларнинг бадиий чиқишлари байрамни файзли қилди. Улар арқон тортиш, тош кўтариш, хўроз уруштириш, омонлик-сомонлик каби саҳна кўринишларини маҳорат билан ижро этишди. Турли миллатларнинг рақсларини ижро этишди, шеърлар ёдлашди.
Гуруҳ тарбиячиси Гулнора Юсуповна эса болаларнинг ўзларини мустақил тутишлари, иқтидори, берган тарбиясининг нишонасини кўриб кўнгли баланд тоғдек кўтарилди. Айниқса, тадбирга ташриф буюрган ота-оналар фарзандидаги қобилият ва истеъдодни кўриб осмон қадар юксалди.
Ҳ.Иброҳимова
