Адлия вазирлигига!
«Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча киритиш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасининг муҳокамаси якунланди.
Лойиҳага кўра, ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирларини унинг рухсатисиз интернет тармоғига жойлаштириш тақиқланади.
Авваламбор, бир нарсага аниқлик киритиб олсак. Фуқароларнинг ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқи Конституция, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги каби кўплаб қонунларда белгилаб қўйилган.
Иккинчидан, қонуности ҳужжатлари Конституция ҳамда қонунларга зид бўлмаслиги керак. Агар зид бўлса, у бекор қилинади. Қолаверса, ички ишлар ходими бошқа кўплаб соҳа вакиллари қатори бюджетдан маош олиб, халққа хизмат қилади. Унинг хизматдан ташқари вақтдаги шахсий ҳаётини суратга ёки видеога олиб, тарқатиш, албатта, қонунга зид. Аммо хизмат вақтида, айниқса, қонунга зид ҳаракатлари тасвирини тарқатишни чеклаш мамлакатимизда олиб борилаётган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги сиёсатига, жамоатчилик назоратига ҳамда шаффофликка қарши қадамдир.
Шу ўринда лойиҳа ташаббускорларига бир нечта саволларимиз бор. Авваламбор, бу масалада ватандошларимизнинг конституциявий ҳуқуқларини чеклаш ўрнига, интернет тармоғида ЙПХ ходимининг ишчанлик обрўсига путур етказадиган, туҳматдан иборат видео ҳамда суратларни жойлаштирганларга нисбатан қонуний жазо чораларини кучайтириш мақсадга мувофиқ эмасми?
Агар чеклов зарурати бўлса, нега қонун эмас, қарор лойиҳаси тайёрланди? Ахир Вазирлар Маҳкамаси қонунга зид қарор қабул қила олмайди-ку?
Қолаверса, ушбу тақиқ ЙПХ ходимлари томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни исботлаш имконини чекламайдими? Илгари тизимда мавжуд бўлган назоратсизлик, «режа»ни бажариш учун ёппасига рейдлар орқали жаримага тортишлар, умуман олганда, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларининг бузилишига олиб келмайдими?
Ҳилола ЖЎРАҚУЛОВА
