Дунё болалари қандай тарбия топмоқда?

105

Юртимизда болалар ҳуқуқлари ҳар томонлама ҳимояланган. Халқимиз болажон халқ. Буни, албатта, барчамиз яхши биламиз.
Хўш, хорижда-чи, болалар ҳуқуқлари, уларнинг таълим ва тарбия борасидаги имкониятлари қандай тавсифланган? Қуйида шу ҳақда ҳикоя қиламиз.

Япония. Кунчиқар мамлакат аҳолиси фарзандлар тарбиясига ўта жиддий қарайди. Бу ерда ҳар бир ёшга нисбатан маълум бир муносабатда бўлинади, ва керак бўлса, алоҳида тарбия усуллари қўлланилади.
Машҳур япон руҳшуноси Масара Ибукининг фикрига кўра, болага асосий тарбияни 3 ёшгача бериш лозим. Айнан 3 ёшга қадар фарзандингиздаги яширин иқтидорни юзага чиқариш мумкин. Японияликлар 5 ёшгача бўлган кичкинтойга қиролдек муомала қилишади. Улар истаганларича ўйнашлари, миясига келган ишни қилишлари мумкин. Ҳаттоки, боғчаларда жажжилар фломастер билан деворга чизиб ўйнашлари учун махсус хоналар мавжуд. Ота-оналар ўз фарзанд­ларини ортиқча ўйинчоқлар ва кийим-кечак билан сийлашмайди. Улар кўпинча акалари ва опаларидан қолган ­кийимларни кийишади. Сайрга чиққанда эса болаларда атроф-муҳитга нисбатан меҳрни уйғотиш мақсадида турли ўйинлар ўйналади. 6 ёшдан 15 ёшга қадар болаларни тартиб-интизомга ва катталар гапини икки қилмасликка ўргатишади.
15 ёшдан сўнг эса ўсмирларга тенг ҳуқуқли фуқаро сифатида қаралади. Мактабда ҳар бир бошланғич синф ўқувчисини юқори синф ўқувчилари оталиққа олишади. Кичик синф ўқувчиларининг тушлиги синфга олиб келиб берилади, уларнинг муаммоларини «Ота-она қўмитаси» ҳал қилади.
Мактабда ота-оналар йиғилиши ўтказилмайди. Ўқитувчи ҳар бир ота-она билан мулоқот вақтини белгилайди ва бу учрашув 15 дақиқадан ошмайди.
Япония дунёда ёшлар томонидан содир этиладиган жиноятчиликнинг камлиги ва ҳаёт фаровонлиги юқорилиги билан етакчидир. Албатта, бунда тарбиянинг роли жуда ҳам катта.
АҚШ. Бу мамлакатдаги эркинлик бола тарбиясида ҳам ўз аксини топган. Оналар фарзанд­ларининг ҳар бир қизиқиш ва инжиқликларини қондиришга тайёр. Аксарият болалар 4-5 ёшларида ўйинчоқларнинг деярли барча тури билан танишишади. Америкалик болакайлар гўдаклигиданоқ «Сен энг чиройлисан, энг ақллисан, энг қобилиятлисан», деган сўзларни ҳар куни эшитади. Болага бундай муносабатдан мақсад – мустақил инсонни тарбиялаш! Агарда бола хато қилса, уни урушмасдан, аксинча, «Яна бир маротаба ҳаракат қилиб кўр! Сен, албатта, буни уддалайсан! Чунки сен зўрсан!» дея қўллаб-қувватланади. Бундай ёндашув эса келгусида ўз мевасини беради.
Швеция. Болаларга шаклланган шахс сифатида қаралади. Шунингдек, шведларда ўзига хос бағрикенглик, ўзгаларнинг маданияти, дини ва ирқига нисбатан ҳурматда бўлиш, агарда инсоннинг бирор жисмоний ёки руҳий камчилиги бўлса, унга тенгқур инсон сифатида қараш болаликдан сингдирилади.
Ҳар йили «Save the children» ташкилоти дунё мамлакатларининг қайси бирида оналар ва болалар яхши яшаётганлигини, рўйхатни эълон қилади. Унда Швеция деярли доим биринчи ўринни эгаллайди.
Ўтган асрнинг 70-йилларида Швеция биринчилардан бўлиб фарзандига қўл кўтарган ота-­оналарни жазолай бошлаган. Боғчаданоқ болалар ўз ҳуқуқларини биладилар. Мазкур усул «стрессиз тарбия» деб аталади. Аммо шведлар бола тарбиясида маълум чегараланиш бўлиши лозим, деб ҳисоблашади. Болани фаол, ўз фик­рини билдирадиган, мустақил, олдига қўйган мақсадига эришадиган инсон сифатида тарбиялашга ҳаракат қилишади. Ота-онанинг фарзандига қўл кўтариши, бақириши, бир нарса сўраса, унга тушунтирмаслиги, «Йўқ, дедимми, йўқ!» ­дейиши тарбиясизлик ҳисобланиб, қонун олдида жавоб беришига тўғри келади. Ижтимоий хизмат ходимлари ҳудуддаги ота-оналарнинг фарзандларига нисбатан хатти-ҳаракатидан доимий хабардор бўлиб туришади. Агарда сал ножўя ҳаракат сезилса, суд орқали бола ота-онадан тортиб олинади. Судлар фақатгина бола манфаатидан келиб чиққан ҳолда иш кўради.
Финляндия – дунёдаги энг болажон мамлакат. У ерда жисмоний имконияти чегараланган болалар ҳам оддий боғча ва мактаб­ларга боришади. У ерда ногирон ва соғлом болага ажратиш йўқ. Ўйинлар кичкинтойларни ривожлантиришга хизмат қиладиган асосий воситадир. Ота-оналар бунга катта эътибор беришади. Шунинг учун ҳам барча таълим муассасалари ҳамда жамоат жойларида болаларга мўлжалланган майдончалар, махсус хоналар мавжуд бўлиб, кафеларда болалар учун таомномалар, жамоат транспортида эса алоҳида ўриндиқлар бор.
Германияда болаларга 3 ёшдан бошлаб катта эътибор берилади. Болажонларга ёшлигиданоқ тежамкорлик, интизомли бўлиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, одоб-ахлоқли бўлиш ўргатилади. Болаларга кичик ёшида телевизор кўришга рухсат берилмайди ва эрта туриш учун соат 20.00 да ухлашга ётқизилади. Шунингдек, кичкинтой кунни режалаштиришга, муҳим саналар (масалан, қариндошларнинг туғилган кунлари)ни ёдда сақлашга, ўз харажатларини назорат қилишга ўргатилади.
Мактабларда бошланғич синф­лардаги барча фанлар ўйин тарзида ўтилади. Мактаб 9 йиллик бўлиб, ўқувчи шаънига путур етмаслиги учун, ҳаттоки назорат ишлар баҳолари синфда эълон қилинмайди, ота-оналарга алоҳида айтилади. Бола бир кун дарс қолдирса, таълим полицияси дарҳол бунинг сабабларини аниқлашга киришади. Сабабсиз ҳолат бўлса, ота-онага жарима солиши мумкин. Жисмоний камчилиги мавжуд ўқувчилар оддий мактабларга боришади, ақлий жиҳатдан камчилиги мавжуд болалар махсус мактабларда ўқитилади. Германияда 9 ёшга кирмаган болани уйда ёлғиз қолдириш мумкин эмас. Шу сабабли оналар ярим ставкада ишлашга ёки энага ёллашга ҳаракат қилишади.
Ҳа, дунё болалари шундай тарбия топмоқда, таълим олмоқда. Албатта, кўриб чиққан мисолларимиз ривож­ланган давлатлар ҳаётига тегишли. Демак, бола тарбияси ва таълимига беэътибор бўлмаган жойда тараққиёт ҳам бўлади.

Шаҳноза ТУРИКОВА,
Янгиҳаёт туманидаги 332-умумтаълим
мактаби ўқитувчиси