Маълумки, глобаллашув даврига кирган замонавий дунё ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий-маънавий соҳада инсоний қадриятларнинг ўзаро боғлиқлигини сифат жиҳатидан янги позициялардан қайта кўриб чиқиш зарурлигини тақозо этмоқда. Кўп асрлар давомида улар маданиятларни бойитишга ва турли мамлакатлар халқларини бир-бирига яқинлаштиришга хизмат қилиб келган. Ўзаро маданий алмашинув тамойиллари давлатлараро алоқанинг замонавий шароитида, халқ дипломатиясининг механизми сифатида янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил май ойида Пекинда ўтказилган «Бир макон–бир йўл» халқаро форумида сўзлаган нутқида юртимизни қадимдан жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлгани, шунингдек, Буюк ипак йўли давлатлар ва қитъалар ўртасида маданий қадриятларнинг ривожланишида муҳим восита вазифасини бажарган ва шу тариқа ушбу маконда цивилизациялараро мулоқот учун шарт-шароитлар яратилганини таъкидлаган.
Ушбу вазифаларни амалда тадбиқ этиш мақсадида, Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва “Конрад Аденауэр” жамғармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида 2022 йилнинг 12 апрель куни Тошкентда “Цивилизациялараро мулоқот – халқ дипломатияси ривожининг муҳим омили” мавзусида илмий-амалий семинарини ўтказди .
Тадбирдан мақсад — Ўзбекистоннинг ташқи дунё билан кўп томонлама дипломатиясида цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш, Ўзбекистон манфаатлари учун қулай маданий-гуманитар соҳаларни аниқлаш ва истиқболларни белгилаш, мамлакат ва хорижда турли миллатларнинг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, халқ дипломатияси соҳасидаги ҳамкорлик доирасини кенгайтиришдир.
Тадбирда турли маърузачилар, жумладан, Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази директори Қ.Собиров, Конрад Аденауэр фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Р.Хайне, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров, БМТнинг Тошкентдаги UNESCO таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ваколатхона раҳбари Александрос Макаригакис, Лал Баҳодир Шастри номли Ҳинд маданияти маркази директори, профессор Чандер Шекхар иштирок этишди.
Семинарда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори, сиёсий фанлар доктори, Э.Султанова, Ўзбекистон Миллий университети тарих факультети “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” кафедраси доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори О. Алмардонов, Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Тошкент шаҳридаги ЮНИСЕФ болалар жамғармаси, Ташқи ишлар, Маданият вазирликларининг илмий экспертлари ҳам қатнашишди.
Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Сабиров ўз нутқида, Ўзбекистон ва хорижий давлатлардаги цивилизациялараро мулоқот масалалари юзасидан фикр алмашишга қаратилган тадбир муҳимлигини таъкидлади. Глобаллашув шароитида бу мавзу ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Шу муносабат билан маданий-гуманитар соҳада халқ дипломатияси механизмларидан фаол фойдаланилмоқда.
Шу билан бирга, давлатларнинг ўзаро ҳамкорликнинг барқарор механизмларини яратиш истаги қайд этилди, улардан бири, албатта, цивилизациялараро мулоқот – бу доимий хавфсизлик ва тенг фаровонликни таъминлайдиган барқарор дунёни яратиш. Мамлакатлар ва халқлар бир-бири билан мулоқот қиладиган ва бир-биридан ўрганадиган дунёни ва ўзаро ишонч ва турли маданиятларга ҳурмат асосида уйғунликда ривожланадиган дунёни яратиш.
Марказ директори ўз қутлов нутқини якунлар экан, Ўзбекистоннинг янгиланган ташқи сиёсатининг асоси хорижий давлатлар билан кўп векторли ва яқин ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланганлигини айтиб ўтди.
Сўзга чиққанлар ўз докладларида жамиятда ўзаро келишув, диний бағрикенглик ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлашни таъминлаш мақсадида динлараро ва конфессиялар мулоқотни фаоллаштириш зарурлигини таъкидладилар. Глобаллашув ушбу мавзунинг долзарблигига аҳамият беради, чунки у маълум бир цивилизация хусусиятларини акс эттирувчи диний, ахлоқий, фалсафий, бадиий, эстетик ва бошқа тоифалар ва тушунчалар тизимига сезиларли таъсир кўрсатади.
Шунга кўра, миллатлараро мулоқот халқ дипломатиясининг воситаси сифатида фаоллашиб, глобал ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, ўзаро келишув, диний бағрикенглик ва миллий қадриятларни асраб-авайлаш бўйича халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини бермоқда.
Шунингдек, динлараро тотувлик ва миллатлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, умуминсоний ва миллий қадриятларга ҳурматни кучайтириш, бу жараёнда таълим ва маърифат, бой дунё ва миллий маданий-тарихий мероснинг ўрни масалалари кўтарилди.
Тадбир иштирокчилари халқ дипломатияси воситаларидан самарали фойдаланиш орқали долзарб муаммоларни ҳал этишга ҳам эътибор қаратдилар.
Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати



