Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни
қисқартириш вазирлигига!
Бир неча кундирки, Андижон вилоятида паррандачилик учун имтиёзли кредитлар ажратилиб, ягона таъминотчи фирма – «Пахтаобод парранда» масъулияти чекланган жамиятига йўналтирилаётгани-ю, мазкур МЧЖнинг товуқлари бозордагидан анчайин қиммат нархда, яъни 90-100 минг атрофида аҳолига мажбуран тақсимланаётгани ижтимоий тармоқларда муҳокама этиляпти.
Жамият манфаатларига дахлдор бўлмаган, маиший мавзудаги мурожаат ва танқидий чиқишларга «Ҳолат ўрганиляпти, натижаси маълум қилинади», деган икки энлик қолип-муносабат билдиришнинг ҳадисини олган ҳокимлик матбуот хизмати бу мавзуга келганда оғзига талқон солиб турибди.
Маълум бўлишича, Андижон вилояти ҳокимининг 2021 йил 7 декабрдаги фармойиши билан вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат жамғармасига ажратилган 10 миллиард сўм миқдоридаги маблағ бир муддат ўтиб, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасининг бюджетдан ташқари махсус ҳисобрақамига йўналтирилган. Ўз навбатида, мазкур маблағ уч ой муддатда қайтариш шарти билан парранда етказиб берувчи тадбиркорлар ҳисобига (вақтинча ишлатиб туриш учун) ўтказиб берилиши керак бўлган. Ушбу имкониятдан қайси тадбиркорлар фойдалангани очиқ-равшан эмаслиги, боз устига, фақатгина юқорида қайд этилган МЧЖнинг номи тилга олинаётгани сабаб жамоатчиликда шубҳа уйғонмоқда.
Энг қизиғи, «Андижонча тажриба» мамлакат бўйлаб қанот қоқиб, Фарғона-ю Бухоро томонларда ҳам қиммат нархдаги товуқлар маҳаллаларга мажбуран тарқатилаётгани, бу ишга бош қилиб қўйилган ҳоким ёрдамчиларининг эса бундан «рози» эмаслиги ҳақида бонг уриляпти.
Камбағалликни қисқартириш – бугунги куннинг бош масаласи, бунга эътироз йўқ. Аммо ушбу жараённинг кампаниябозликка айланиб кетгани, айрим тадбиркорлик субъектларининг эзгу ҳаракатни ниқоб қилиб, ҳисобини шишириб ётганини қандай тушуниш мумкин? Умуман, маҳаллий бюджетдан катта-катта маблағларни Озиқ-овқат жамғармалари орқали саноқли фирмаларга йўналтиришда қайси мезонларга таяниляпти? Таъминотчини саралаш жараёнида энг аввал аҳолининг кенг қатлами, яъни парранда харид қилувчиларнинг манфаатлари ҳисобга олиниши керак эмасми?
Модомики бош мақсад аҳолини даромадли қилиш экан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қайд этмоқчи, ажратилаётган маблағ аллақандай фирмаларга эмас, соддалаштирилган тартиб билан камбағалларнинг ўзига берилса бўлмайдими? Ахир шу юмуш билан шуғулланишни мақсад қилган оила парранда ёки чорванинг сифатлисини қаердан арзон нархда харид қилишни яхши билади-ку!
Нурилло НЎЪМОНОВ,
«ISHONCH»
