Дезинфекторга қўшимча тўлов тўланмайди…ми?

60

Кегейли тумани тиббиёт бирлашмаси бир ойга чўзилган судда ҳуқуқини Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси ­Республика кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳнат техник инспектори ҳимоя қилган фуқарога ютқазди.

Туман тиббиёт бирлашмаси ушбу муассасада дезинфектор лавозимида ишлаб келаётган Ш.Узақбергеновга соғлиқ учун хавфли ва меҳнат шароитлари оғир бўлгани учун тўланадиган тариф ставкасига 15 фоиз миқдорида қўшимча тўловни тўламай келган эди.
Бирлашма раҳбарияти унинг талабини ҳадеганда қондиравермагач, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Рес­публикаси кенгашига мурожаат қилди.
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳнат техник инспектори Полат Абдиязов мурожаатни ўрганиб чиқиб, бирлашма ходимининг ҳуқуқлари бузилаётганини аниқлади.
П.Абдиязовга кўра, тиббиёт бирлашмасидаги мутасаддилар Вазирлар Маҳкамасининг «Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорини тўлиқ тушунмасдан, иш ҳақини нотўғри ҳисоб­лаган. Чунки ушбу қарорнинг 2-иловаси 1.19-бандида «Врач-эпидемиологлар, дезинфекцияловчилар, паразитологлар, энтомологлар, вирусологлар, ўта хавфли инфекциялар бўлимлари (бўлинмалари), пункт­лари, санитария-назорат (карантин) ва дезинфекция станциялари врачлари лавозимлари» деган жумла аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган. У ерда фақат Санитария-эпидемиология хизмати муассасалари ходимлари дейилмаган.
«Худди шу каби ҳолат Қўнғирот туманида ҳам қайд қилинаётган экан. Биз барча тиббиёт муассасаларидаги ҳолатни ўрганиб чиқаяпмиз. Чунки қарор мазмунини тушунмаётганлар ҳам, ўз ҳуқуқини, яъни 15 фоиз қўшимча тўлов олиши кераклигини билмай юрганлар ҳам бўлиши мумкин», дейди П.Абдиязов.
Чимбой туманлар­аро фуқаролик суди томонидан фуқаро Ш.Узақбергеновнинг даъво аризаси қаноатлантирилиб, унга 2021 йил давомида тўланмаган 15 фоиз миқдорида қўшимча тўлов ҳисобланиб, 2 миллион 316 минг 625 сўм пул ундириб берилди ва келгуси ойлик маошларига қўшимча тўлов тўланиши тўғрисида суд қарори қабул қилинди.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»