Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Фарғона филиалида ушбу меҳнат аҳлининг 2021-2023 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг ўтган йилда бажарилиши бўйича йиғилиш ўтказилди.
Муассасада икки минг нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари ва ишчилар аҳоли соғлиғи йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилиб келишмоқда. Албатта, ҳар қандай вазиятда ва ҳамиша хизматга шай саломатлик посбонларининг иши осон эмас. Шу боис уларнинг меҳнат муҳофазаси, ижтимоий ҳимояси ҳамда саломатлиги учун қайғуриш доимо маъмурият ва касаба уюшма қўмитаси эътиборида. Қолаверса, ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак бериш жамоа шартномасида ўз аксини топган ва ундаги бандлар ижросига жиддий эътибор қаратилган. Айниқса, шифокорларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни оммавий спорт машғулотларига жалб этиш, санаторийларда соғлиқларини тиклаш, юртимиз бўйлаб уюштириладиган саёҳатларга олиб бориш, фарзандлари оромгоҳларда имтиёзли равишда дам олишларини таъминлаш доимо диққат марказида.
Бундан ташқари, самарали фаолият юритаётган ходимлар рағбатлантирилмоқда. Кўмакка муҳтож ва кам таъминланган оилалар изчил қўллаб-қувватланмоқда. Бултур ана шундай оилалар фарзандлари учун касаба уюшма қўмитаси маблағлари ҳисобидан талай миқдордаги ўқув қуроллари харид қилинди.
Йиғилиш ниҳоясида касаба уюшмаси фаолияти қониқарли деб топилди.
Жамшид ЭРГАШЕВ.
«ISHONCH»
