Жамоат транспорти хизматини қониқарли йўлга қўйиш аҳолининг маълум қатламини ҳимоя қилиш ҳам демакдир. Бу борада Андижон вилоятида аҳвол қандай? Келинг, сўзимизни рақамлардан бошлаймиз, сўнгра мулоҳазаларга ўтамиз.
Айни пайтда Андижон вилоятида кунлик ҳаракатланувчи ижтимоий фаол аҳоли 900 минг нафарни ташкил этади. Уларнинг 641 минг нафари, яъни салкам 90 фоизига мавжуд 359 та йўналишнинг 304 тасида «Андижон метроси», дея ном олган салкам 12 мингта «Дамас»да хизмат кўрсатилади. Атиги 9,2 фоиз – 72 минг нафар йўловчи автобус ва микроавтобуслардан фойдаланиш имкониятига эга. Қолаверса, вилоятдаги 49 та йўналишда қатновчи 253 та автобуснинг ўртача «ёши» 6,6 йилга етиб қолган.
1995 йилда 1 минг 980 та автобус, 216 та микроавтобус ҳамда 50 та троллейбус йўловчиларга хизмат кўрсатган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич атиги 311 тани ташкил этган. Минг нафар аҳолига 0,08 та автобус тўғри келади. Маълумот ўрнида келтирсак, ривожланган давлатларда ушбу рақам 2 тага тенг.
Кўриб турибмизки, йиллар мобайнида жамоат транспортида бир талай муаммолар йиғилиб қолган.
Биринчидан, арзон ва қулай бўлган жамоат транспортининг 60 фоизи ёки 153 тасининг фойдаланиш муддати 10 йилдан ошган. Айни вақтда вилоят миқёсида 538 та автобус етишмовчилиги мавжуд. Бунинг оқибатида бекатларда автобуслар орасидаги интервал 40 дақиқагача етмоқда.
Иккинчидан, 2,3 миллион, яъни вилоят аҳолисининг 72 фоиз ижтимоий фаол қисмининг шахсий транспортдан фойдаланишининг ортиб бориши натижасида кўчаларда тирбандликлар келиб чиқмоқда. Қолаверса, Андижон шаҳри чорраҳаларининг ўтказиш даражаси ва ҳаракатланиш маданияти пастлиги оқибатида кўплаб йўл транспорт ҳодисаси содир бўлмоқда. Шу билан бирга, вилоят марказининг Эски ва Янги шаҳар қисмида ҳамда Алоқа уйи олдидаги чорраҳалардаги тирбандликлар, Избоскан туманида бир неча йиллардан бери битиши даргумон автошоҳбекат муаммоларига ечим топилмаётгани кўпчиликка ноқулайлик туғдирмоқда.
Учинчидан, автотураргоҳларнинг деярли йўқлиги йўл ҳаракати қисмининг иккита йўлагининг тартибсиз банд қилинишига сабаб бўлмоқда. Афсуски, велотранспорт йўлаклари ҳам ҳали етарли даражада эмас.
Тўртинчидан, жамоат транспортини янгилаш учун самарали кредитлаш тизимини жорий этиш зарурати юзага келган.
Бугунги кунда кредит ажратиш йиллик 23-24 фоизни ташкил этиб, 3 йил муддатга берилаётгани ҳам масаланинг ечимига тўғаноқ бўлмоқда. Чунки молиялаштиришда имтиёзлар бўлмаса, ҳар қандай соҳанинг ривожланмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Қолаверса, бекатларда ҳаракат жадвали мавжуд эмаслиги, уларнинг талабга жавоб бермаслиги, айниқса, туманлардан вилоят марказига қатновчи ҳайдовчи ва назоратчиларнинг муомала маданияти қониқарсизлиги, электрон ва қулай тўлов тизимининг йўлга қўйилмагани одатий ҳолга айланиб қолди.
Шунингдек, бир вақтлар бекатлар тадбиркорларга фойдаланиш учун берилгани оқибатида бекатлар савдо дўконлари билан бирлашиб кетган. Бу жойларда йўловчилар учун эмас, балки харидорлар учун шароитлар яратилган, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Автомобиль йўлларининг таъмирталаб ва аянчли аҳволда экани эса алоҳида мавзу.
Хўш, бу борада қандайдир ўзгаришлар бўлишига умид борми?
– Тўғри тан олиш керак, жамоат транспорт тизими мамлакатимиздаги ислоҳотлардан ортда қоляпти. Ўз навбатида хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини юксалтириш, соҳани бугунги давр ва шароитга мослаштириш давлатимиз раҳбарининг олдимизга қўйган долзарб вазифаларидан биридир, – дейди Андижон вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Машрапов. – Транспорт вазирлиги, Транспорт ва логистика муаммоларини ўрганиш маркази, Транспорт университети билан ҳамкорликда хавфсиз, қулай ва тезкор транспорт тизимини яратиш мақсадида комплекс ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқдик. Унга кўра яқин беш йил ичида жамоат транспортини тубдан ўзгартириш, йўл ҳаракатини ташкил этишни такомиллаштириш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда самарали кредитлаш тизимини жорий этишни устувор йўналишлардан этиб белгилаганмиз.
– Комплекс ривожлантириш концепциясига асосан тўрт йил ичида шаҳар магистраль йўналишлари учун 301 та замонавий катта ҳажмли автобус келтирилади ва яна 305 та ўрта ҳажмли автобуснинг шаҳар атрофига қатнови йўлга қўйилади, – дейди Андижон вилояти транспорт бошқармаси автомобиль транспорти бўлими бошлиғи Акмал Асранов. – Шунингдек, Янги Андижон ва Андижон шаҳри оралиқ масофасини 22 та ўта катта ҳажмли автобус боғлаб туради. Тадбиркорлар ва банк кредитлари ҳисобидан 435 та микроавтобус келтирилиб, уларнинг сони 1 минг 374 тага етказилади.
Айни вақтда вилоятда велосипед йўлакчалари қуриш ишлари олиб борилмоқда. Келгусида идоралар, корхона ва ташкилотлар, маҳаллий ҳокимият органлари ёнидаги ҳудудда велосипед тураргоҳларини ташкил этиш режалаштирилган. Тадбиркорлар томонидан «Велошеринг» жойлари (велосипедларни қисқа муддатли ижарага бериш) тизимини босқичма-босқич жорий этиш ишлари бошлаб юборилган.
Жамоат транспортидаги муаммоларга илмий ёндашув энг маъқул ечим дейиш мумкин. Соҳа мутахассисидан мавжуд масалаларга қандай ёндашиляпти, деган савол билан мурожаат қилдик.
– Бу борада бир гуруҳ тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан тайёрланаётган «Давлат ва хусусий бизнес шериклиги асосида туман (шаҳар) жамоат транспортини ривожлантириш дастурининг рақамлаштирилган модели» мавзусида йирик лойиҳа якунланмоқда, – дейди Тошкент давлат транспорт университети доценти, иқтисод фанлари номзоди Туйғун Қодиров. – Лойиҳа дастурий аҳамиятга эга бўлиб, у республикамизнинг барча қишлоқлари билан туман марказлари ўртасида жамоат транспорти фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилган. Ушбу дастурни амалга ошириш асносида тўлиқ хусусий капитал жалб этилиб, мингга яқин янги йўналиш очиш ва мавжудларини оптималлаштириш ҳисобига 20 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Янги очиладиган барча йўналишда ташиш жараёни ягона электрон платформада, автоматлаштирилган тарзда ташкил этилади. Йўловчилар учун мобиль иловалар, ақлли (смарт) бекатлар, маҳаллий операторларнинг ўзаро аутсорсинг, инсорсинг операцияларини тезкор амалга ошириш платформалари операторлар фаолияти хизмат кўрсатиш сифатини яхшилайди, баҳолаш жараёнида коррупция ва инсон омили таъсирини бартараф этади. Муҳими, йўловчиларга керакли ҳамёнбоп, кафолатланган ва сифатли транспорт хизмати кўрсатиш таъминланади.
Демак, хулоса шуки, жамоат транспортида сифатли хизматни йўлга қўйиш маълум вақт, илмий ҳамда амалий ёндашувни талаб этади. Умид қиламизки, бу борадаги ишлар тез фурсатларда, пухта ёндашувлар асосида амалга ошади.
Анваржон ҲАЛИМОВ,
«ISHONCH»
