ёхуд ёш авлод келажагини ким ўйлайди?
Бир пайтлар Ўзбекистон туманининг Ўқчи қишлоғида «Волга», Овчи қишлоғида Сирожиддин Валиев номли, Қирқкетмон қишлоғида Абдулла Набиев номли, Жонобод қишлоғида Собир Раҳимов номли болалар оромгоҳлари фаолият юритган бўлиб, бу ерда болажонлар мириқиб дам олишган. Ҳозирга келиб эса мазкур туманда бирорта ҳам болалар оромгоҳи қолмаган. Ваҳоланки, туманда 7-14 ёшдаги ўғил-қизлар сони 32 минг 336 нафарни ташкил этади.
Хўш, Ўзбекистон туманидаги салкам 32 ярим минг нафар ўғил-қиз қаерда дам олади?
Фарғона туманида ҳам қанчадан-қанча ўғил-қизларнинг болалик қувончига гувоҳ бўлган «Чайка», «Сувчи», «Колхозчи», «Ёрдон» сингари болалар оромгоҳлари бўлган. Аммо, ҳозиргача уларнинг номларигина хотираларда қолган.
– Болалик пайтимда бир неча бор «Чайка» болалар оромгоҳида дам олганман, – дея эслайди Охунжон Раҳмонов. – Ҳар йили шу масканга бориб, дам олишни интиқлик билан кутардим. Кейинчалик бу оромгоҳларнинг бирортаси қолмади…
Узоққа бормайлик, Фарғона туманининг сўлим гўшасида жойлашган «Орзу» оромгоҳи 2019 йилгача болажонларнинг ажойиб дам олиш маскани бўлган. Бироқ 2019 йилда оромгоҳ фаолияти тўхтатилди ва болалар учун «орзу»га айланди. Шу тариқа ўша йилдан Фарғонада болалар оромгоҳи яна биттага камайди.
Афсуски, вилоятда шу пайтгача мана шундай кўплаб ажойиб оромгоҳлар йўқ бўлиб кетди…
Айни пайтда вилоятда фаолият юритаётган оромгоҳларнинг ҳам сотилиб кетмаслигига кафолат бериб бўлмайди. Аммо мутасаддилар, оромгоҳлар сотилишига, умуман олганда, фарғоналик болалар тақдирига бефарқ қараб туришмаса керак, деган умиддамиз.
Болажонлар орзиқиб кутган ёзги таътил кунларининг бошланишига ҳам кўп вақт қолмади. Яқин орада болалар оромгоҳлари ўғил-қизларни ўз бағрига олади. Уларнинг мириқиб дам олиб, ҳордиқ чиқаришларида эса оромгоҳларда яратилган шарт-шароитлар муҳим ўрин тутади.
Ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, баъзи оромгоҳларда мавсумга шай ҳолатга келтириш ишларига аллақачон киришилган бўлса, айрим оромгоҳларда ҳали мавсумга тайёргарлик ишларига қўл ҳам урилмаган. Ҳатто баъзи бир оромгоҳларда ўтган йилги муаммолар шундайлигича сақланиб қолган.
Фарғона туманида жойлашган «Чимён» болалар оромгоҳида мавсумга пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Аввало, тоза ичимлик суви иншооти янгиланди. Футбол майдони бутунлай янгиланиб, майдонга чим экилди. Шунингдек, волейбол, баскетбол майдонлари ҳам обод қилинди. Умуман олганда, оромгоҳ ҳудудида олиб борилаётган ишлардан кўнгил тўлади.
Афсуски, мавсум бошланишига оз фурсат қолган бўлса-да, Фарғона туманидаги «Водил чақмоқ» оромгоҳини мавсумга шай ҳолатга келтириш бўйича ҳали бирорта иш бошланмаган. Ўйин майдончалари қаровга муҳтож. Ёзги айвончаларда чорва моллари учун ем-хашак сақланмоқда. Ётоқ биноларининг ташқи қисми жорий таъмирга муҳтож. Дераза-ромлар анча эскириб кетган. Қолаверса, хоналар ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Риштон туманидаги «Автомобилчи» оромгоҳида энг катта муаммолардан бири бу тоза ичимлик сувининг йўқлигидир. Негадир масъуллар оромгоҳга сув тармоғини тортишга шошилмаяпти. Аслида оромгоҳга сув тортиш ишлари у қадар мураккаб эмас, 500-600 метр нарида ичимлик сув тармоғи ўтган. Фақатгина ҳафсала бўлса, бас. Иккита ҳайҳотдек бассейнда сув йўқлигидан чўмилишнинг имкони йўқ.
Оромгоҳдаги мавжуд ётоқ кароватига ёстиқ, матрас, ёпинчиқлар етишмайди. Парта, стол-стуллар, кўрпа-тўшак, идиш-товоқ, музлаткич каби зарур жиҳозлар оромгоҳ ишга тушишидан бироз муддат олдин турли ташкилотлардан олиб келинар экан. Ўйлаб қоласан, наҳотки оромгоҳнинг мана шундай асосий жиҳозлари бўлмаса?
Аввало, юқоридаги камчиликларни бартараф этмасдан туриб, болажонларни ёруғ юз билан кутиб олиш бироз мушкул. Бунинг учун вақтни бой бермасдан ишга киришиш лозим.
Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»
