Ҳар йили баҳорда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кўтарилиб кетишига ўрганиб кетганмиз. Бу йил, айниқса, шакар ва ўсимлик ёғи нархининг кескин ошиши кўпчиликни хавотирга солди.
Хўш, бугун бозорларда вазият қандай? Ҳақиқатан ҳам, тақчиллик ва қимматчилик борми? Шу каби саволларга жавоб топиш учун раста ораладик.
Урганч марказий деҳқон бозоридаги нархларга кўз ташлаймиз: картошка, пиёзнинг бир килоси – 3,5-4 минг сўм, сабзи – 1,5-2 минг сўм, гуруч – навига қараб 6,5-10 минг сўм, олма – 5 минг сўмдан 20 минг сўмгача.
Харидорларнинг фикри билан қизиқамиз.
– Мева-сабзавотлар нархининг ҳар йили баҳорда ошишини табиий қабул қиламиз. Лекин бу йил нархлар у қадар кўтарилганини сезмадим. Айниқса, бозорда. Уйимиз ёнидаги дўконда пиёзни 6 минг сўмдан олгандим. Бу ерда уч ярим мингдан олдим. Тухум – 800-900 сўм. Гўшт нархининг арзонлашгани биз – рўзадорлар учун айни муддао, – дейди меҳнат фахрийси Розия Каримова.
Аслида, март ойининг охирларида деҳқон бозорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи бироз ошганди. Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий чоралар кўрди ва бунинг натижасида барқарорликка эришилди. Савдо ярмаркалари ташкил қилиниб, «даладан – дастурхонга» тамойили асосида аҳолига қулай савдо шароити яратилди. Ушбу савдо расталарида чорвачилик, паррандачилик, ихтисослашган хўжаликлар, деҳқон ва фермерлар ўз маҳсулотларини элга тортиқ қилмоқда.
– Отанг бозор, онанг бозор дейишгани рост экан. Уйимиз ёнидаги шохобчада бир кило гўшт 65 000 сўм. Ярмаркадан 55 000 сўмдан олдим. Дўконда бир литр ўсимлик ёғи 23-34 минг сўмдан сотилаётган пайтда, бу ерда 18 000 сўм. Шакар эса 8 500 сўм. Ўн-ўн беш кунга етадиган харажат қилдик. Мўлжалимиздан ортган 200 минг сўм пулга невараларимга дафтар-китоб олиб бераман, – дейди Собир Қосимов.
Маълум бўлишича, «даладан – дастурхонга» тамойили асосида вилоятнинг барча деҳқон бозорларида 27 турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг узлуксизлиги ва нархларнинг барқарорлиги кунлик назоратга олинган.
– Бозорларимизда 70 та арзонлаштирилган маҳсулотлар растаси ташкил қилиниб, уларда мол, қўй, парранда гўшти, балиқ, картошка, пиёз, сабзи, гуруч, тухум каби озиқ-овқат маҳсулотлари сотиляпти, – дейди Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Дилрабо Қурязова. – Нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида 8,2 минг тонна картошка, 6,1 минг тонна пиёз, 3,4 минг тонна сабзи, 1,8 минг тонна карам, 3,9 минг тонна парранда гўшти, 4,4 минг тонна гўшт, 5,6 миллион дона тухум ва 2,6 минг тонна гуруч маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар нархида интервенция қилинди.
Ҳақиқатан ҳам, ярмаркаларда нархлар бозорнинг бошқа расталарига нисбатан сезиларли даражада арзон. Бу эса бошқа тадбиркорларнинг ҳам ўз маҳсулотларини арзонлаштиришига сабаб бўлмоқда.
Албатта, нархни барқарор ушлаб туриш учун омборда захира ҳам бўлиши зарур. Департамент матбуот хизмати раҳбарининг маълумотларига кўра, вилоятда жами 37 741 тонна маҳсулот, жумладан, 8 167 тонна картошка, 6 033 тонна пиёз, 12 983 тонна сабзи, 10 558 тонна гуруч захираси мавжуд. Уларни сақлаш учун 90 000 тонна маҳсулотни сақлаш қувватига эга 48 та замонавий музлаткич фаолият кўрсатмоқда.
– Давлатимиз раҳбари томонидан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар асосида захира омборларида сақланаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифати ва уларни савдо расталарига ўз вақтида етказилишини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳ шакллантирилган. Департамент, солиқ ва маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда аҳоли гавжум жойларда дала дўконлари, кўчма савдо ярмаркалари ташкил қилинмоқда, – дея қўшимча қилди Д.Қурязова.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»
