Бой берилаётган имконият

81

ёхуд оромгоҳлар қачон ором масканига айланади?

Ҳадемай барча таълим масканларида сўнгги қўнғироқ чалиниб, мактаб ўқувчилари таътилга чиқишади. Хўш, Андижон вилоятида болалар дам олиш оромгоҳларини мавсумга тайёрлаш ишлари қандай ­кетяпти?

Маълумотларга кўра, жорий йилда 14 та болалар оромгоҳида 5 навбатда 9 минг 100 нафар ўқувчи мазмунли ҳордиқ чиқариши режалаштирилган. Болаларнинг севимли масканларини мавсумга тайёрлаш борасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти кенгашига қарашли «Боғишамол» оромгоҳида ишлар қизғин олиб борилмоқда. Шаҳар четидаги адирликларда жойлашган 10 гектарлик сўлим гўшада эрта баҳордан вилоят кенгаши жамоаси 600 туп мевали ва манзарали кўчат экишди. Шунингдек, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари қизғин паллада.
Бундан тўрт йил аввал Пахтаобод туманида Андижон биокимё заводи томонидан бунёд этилган 100 ўринли «Бўстон» оромгоҳида ҳам мавсумга тайёргарлик ишлари кўнгилдагидек кетмоқда. ­Лойиҳа қиймати 7 миллиард сўмлик бўлган бу оромгоҳда болажонларнинг мириқиб дам олишлари учун барча шароитлар яратилган.
Таассуфки, Хўжаобод туманидаги «Боғбон» ва Улуғнор туманидаги «Мингбулоқ» оромгоҳларида тайёргарлик ишлари ­кўнгилдагидек эмас. Ҳали бу жойларда бир талай юмушлар бажарилиши керак. ­Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­сининг Андижон вилояти кенгашида ташкил қилинган ишчи гуруҳ кунлик қилинаётган ишларни назоратга олиб, амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар юзасидан мутасаддиларга зарур тавсияларни бермоқда. Лекин шундай бўлишига қарамай, айрим раҳбарларнинг бепарволиги, лоқайд­лиги оқибатида сусткашликка йўл қўйилаётган ҳолатлар ­аниқланяпти.
Яна бир оғриқли муаммо шуки, вилоятда турли корхона, ташкилот ва муассасалар тасарруфида бўлган 14 та оромгоҳ қаровсиз қолгач, сотиб юборилган. Агар улар бугун фаолият юритганда вилоятда 2 минг 140 нафар боланинг бир навбатда дам олиш имконияти мавжуд бўларди. Энди бу сонни бешга кўпайтиринг… Ҳа, афсуски, бир йилда 10 минг 700 нафар болани дам олдириш имконияти бой берилган.
Андижон вилоятидаги оромгоҳларнинг аксарияти анча йиллар олдин қурилган. Шу боисдан эксплуатация муддатлари тугаган оромгоҳлар капитал-реконструкцияга муҳтож.
Маълумки, давлатимиз раҳбари ­ташаббуси билан мактаб ва мактабгача таълим тўлиқ ислоҳ қилинди. Бугунги ёшлар барча шароитларга эга, замонавий боғча ва мактабларда таълим олишяпти. Энди улар янада кўпроқ замонавий оромгоҳларда дам олишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Шу маънода оромгоҳларни ҳам ислоҳ қилиш пайти келди.
Яна бир гап: болалар оромгоҳларидан фақат ёз мавсумида эмас, йил мобайнида фойдаланиш керак. Шунда дам олиш ­масканлари қаровсиз қолиб кетмайди, янги иш ўринлари ҳам яратилади.

Анваржон ҲАЛИМОВ,
«ISHONCH»