– Менга қара, ҳой, – ўдағайлади Турсун ака хотинига, – кўпам нолийверма, жавобингни бераман. Кейин «Ёр-ёр»да чиқаётган ёш жувонлардан бирига уйланаман…
Олтмишни қоралаган Мунира опа, эрим чиндан ҳам қариган чоғимда жавобимни бериб қўймасин, эл-юрт олдида шарманда бўлмай, дея аламини ичига ютади. Кўрсатув бошланса, юраги така-пука бўлади. Шу баҳона навбатдаги нағма бошланади-да…
Бу воқеа ҳаётий ҳақиқат, фақат қаҳрамонларининг исми ўзгартирилган, холос. Кундан-кунга Турсун амакилар сони ортиб бораётгани ҳақида эса кўп эшитяпмиз. Кўрсатув ижодкорлари ҳар икки гапининг бирида таъкидлаганидек, синиқ тақдирларни бирлаштираётгани, бахтсизлигини элга дастурхон қилиб, дув-дув кўз ёш тўкаётган қиз-жувонларга янги ҳаёт ваъда қилаётгани ростми? Тўғриси, дастур қаҳрамонларининг тақдирини тинглаб, уларга ачинасан, киши. Ёлғизларга осон тутиб бўлмайди.
Қатнашчи аёлларнинг аксарияти кўрсатувга 8-9 ёшли гўдакларининг илтимосига кўра келганини айтиб, ўзини оқлаган бўлади. «Ёр-ёрчилар» эса болакайнинг «қаҳрамонлиги»ни қарсак чалиб, қўллаб-қувватлашади. Бошловчи ҳам эфир давомида биз тўғри йўлдамиз, кўрсатувимизни бутун Ўзбекистон кўряпти, дейишдан чарчамайди. Бу ёлғончи одамнинг ҳар икки гапининг бирида, мен рост гапиряпман, дейишига ўхшайди.
Жамиятда Турсун амакига ўхшаб, эфир бошланиши билан оғзининг таноби қочганча аёллар орасидан бирор парини кўзлайдиган ишқибозлар, Мунира хола каби жабрдийдалар қатлами пайдо бўлаётгани эса ҳеч кимни қизиқтирмайди.
Кўрсатувнинг қайсидир сонида «Турсун амаки»лардан бири қатнашди. Айтишича, аёли кўп жаврагани учун алоҳида-алоҳида яшашга қарор қилибди, тил-забонсиз бир жувонга уйланиб, ҳаётини давом эттирмоқчи эмиш. Ёши олтмишдан ошган бу эркакка «раҳми келган» муаллиф ҳаётда жағи тинмайдиган хотинлар борлигини, уларга чидаб яшаш осон эмаслигини маъқуллади. Умрининг энг гуллаган даврини фарзандлари, эри ва оиласига бағишлаган аёл эса «чакаги тинмайдиган» тамғаси остида айбдордан олиниб, айбдорга солинди.
Яна бир сонда ҳали йигирмага чиқмай аллақачон уч эр кўрган жувон қатнашди. 13 ёшида аллақайси қишлоқдошига алданиб қолган, кейин яна кимгадир турмушга чиқиб, икки ҳафта яшаган, кейин бошқа бири билан яна икки ҳафта турмуш қурган бу аёлга шармисор ҳаётини эл олдида сўзлаб бериш вазифаси юкланди. Шусиз ҳам бебош қизининг қилмишларидан эл орасида бош кўтаролмай қолган ота-онанинг ярасини янгилаш кимга керак?
Кўрсатувнинг тезда омма орасида машҳур бўлиб кетишига асосий сабаби миллийлик, ўзбекчилик деган анъанавий чегарани бузиб ўтиб, ғарбона қарашларни бамайлихотир оммага сингдираётганида, деб баҳолаш мумкин.
Бухоро давлат университети доценти, психолог Шуҳрат Остонов телевизион шоуларнинг инсон онгига таъсири ҳақида ажойиб маълумотларни тақдим этди. Унда бундай шоулар худди йиғлаётган чақалоқнинг бешигига шақилдоғни осиб-қўйиб, уни у ёқдан бу ёққа тебратганда тинчланиб қолишидаги ҳолатга ҳам ўхшатилади. Телевизион шоулар, умуман, телевизордаги тасвир миямизнинг ўнг ярим шарини, нутқ, товуш ва тушуниш эса чап ярим шарини эгаллайди. Ярим шарлар ана шу тарзда бутунлай банд қилингач, эътиборимизни ўша нарсадан бошқа ёққа қарата олмаймиз.
АҚШда бу борада тажриба ўтказилган. Сунъий йўлдош канали очилганида эфирга узатиш учун бирор дастур йўқлигидан аквариум олдига камера қўйилиб, бир неча кун давомида балиқларнинг кун давомида сувда сузиш жараёни кўрсатилади. Бироз муддатдан сўнг теледастурлар тайёр бўлгач, аквариум эфирдан олиб ташланади ва кўрсатувлар узатила бошланади. Телеканал эса томошабинларнинг шикоят хатлари ва қўнғироқлари билан тўлиб кетади, уларнинг асосий мазмуни шундай эди: «Балиқни қайтаринг!»
– Телевизион шоуларнинг яна бир психологик таъсир тури «Thresh эффекти» деб аталади, – дейди Шуҳрат Остонов. – Бу «экрандаги чиқинди» дея тавсифланади. Одатда номақбул нарса экран орқали кўрсатилмайди. Масалан, ғайритабиий қиёфа, камдан кам учрайдиган ваҳимали воқеалар, қўрқинчли шарҳлар ва ҳоказо. Уларнинг тасвири элементар тарзда намойиш этилиши аввалига кишида жирканиш, жазава, ачиниш, қўрқиш, нафратланиш каби туйғуларни уйғотса, бора-бора экрандаги «чиқит»га кўника бошлайди. Натижада телевизорчилар ўз ғоявий мақсадларига эришадилар. Томошабинларнинг бундай ноодатий шоуларга берилиб кетаётгани фанда «Ҳаётнинг монотонлигини бузиш» таъсири деб изоҳланади. Дейлик, агар нарсаларнинг нормал ҳолати бузилган бўлса, одам ғазаблана бошлайди, йиғлайди, шикоят қилади, ҳаяжонланади, мутлақ тинчлик ҳолатидан четга чиқади. Телевизор ҳаётда уларга етишмаётган омилларни пайдо қилади, шу ишга рағбатлантиради, стимуллар, яъни бирор ишга қизиқиш туғдирадиган омилларни пайдо қилади. Оддий одамни ҳеч бўлмаганда бирор нарса ҳақида ўйлашга, ташвишланишга, кулишга ундайди. Зеро, ҳақиқий оғриқ ёки қувонч психиканинг гормонал фонини ўзгартиради ва инсон фақат ўзи учун мос бўлган жуда махсус стимулларни излашга мажбур бўлади. Аксарият томошабинлар турли хил телевизион шоу ва хорижий сериалларга стимуллар манбаи сифатида қарашади. Чунки ўзларининг шахсий ҳаётлари бир хилликдан иборат. «Ёр-ёр» дастури эса ҳаётнинг монотонини бузишга ва маълум бир ишни қилиш мумкинлигига рағбатлантиргани учун ўзига тегишли аудиторияни йиға олди.
«Ёр-ёр»нинг баъзи сонларини кузатганман. Бир талай қизиқарли ҳангомаларни бекорчиликда эрмакка томоша қилиш учун жуда яхши эфир. Қолаверса, кимлардир бахтини топишига қайсидир маънода кўмаклашаётгани ҳам ростдир. Лекин оламдаги ҳар бир мавжудот, ҳар бир жонзот жуфт-жуфти билан яратилганки, мавжудотлар ичида энг олийси саналган инсонларнинг тенгини топишида бундай олди-қочди ҳангомаларга ҳеч эҳтиёж йўқдек, назаримда. Қолаверса, жамиятда муаммоли масалалар тўлиб ётган бир даврда энг маҳоратли журналистлардан бири чуқур таҳлилий журналистик материаллар тайёрлаш ўрнига ўз истеъдоди ва маҳоратини Абдулла Қаҳҳор тили билан айтганда, «ўтин ёриш»га сарфлаётгани афсусланарли.
Дилдора ИБРОҲИМОВА,
«ISHONCH»
