Бекобод шаҳар тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлимига кунига ўртача 100 дан ортиқ мурожаат бўлади. Касаллик ҳолатига қараб, баъзи беморлар стационар тарзда даволашга қабул қилинади. Лекин…
Шифохонада шароитлар етарли эмас. Бино эскириб, таъмирталаб бўлиб қолган. Икки қаватли бинода электр жиҳозлари соз ишлаётган хонани топиш мушкул. Ошхона, ювиниш хоналарининг деворлари тўкилиб кетган. Полдаги тўшаманинг ямоқ бўлмаган қисмини топа олмайсиз. Иссиқ сув йўқлиги етмагандай, баъзида совуқ сув ҳам жўмракдан томмай қўяди.
Шифокор хонасида ҳам зарур жиҳозлар йўқ. Эскирган стол-курси… Мутахассислар шундай аҳволда ишлашга мажбур бўлаётир. Шундай бўлса-да, ўз вазифасини юқори масъулият билан бажариб келаётган тиббиёт ходимларига тасанно айтиш керак.
Тўғри, муассасада бир неча бор жорий таъмирлаш ишлари бажарилган. Лекин бугунги манзараси таъмир кўрмаганига анча йил бўлганини «айтиб» турибди.
Мамлакатимизда ҳамиша инсон, хусусан, болалар саломатлигига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида аҳамият қаратиб келинмоқда.
Аммо юқоридаги ҳолатлар Бекобод бундан мустаснодек тасаввур уйғотади кишида. Мутасаддилар бунга нима дер экан? Бу ҳолатни қандай изоҳлашар экан? Ҳамма гап шунда…
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«ISHONCH»
