«Ishonch» газетасининг 2022 йил 23 апрелдаги «Жавобини кутаётган саволлар» рукнида фуқаро Лола Ўролованинг «Имтиёз бизга ҳам тааллуқлими?» номли саволи мутасаддилар эътиборига ҳавола этилган эди.
Мазкур саволга Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси қуйидагича муносабат билдирди:
– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасига асосан ногиронлик пенсиялари қонунчиликда белгиланган тартибда биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган фуқароларга, шунингдек, Чернобиль AЭСдаги авария туфайли майиб бўлиш ёки касаллик оқибатида учинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган фуқароларга тайинланади.
Қонуннинг 18-моддасига биноан, пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган (17-модда), умумий касаллик оқибатида биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик пенсиялари бор стажларига мутаносиб миқдорда тайинланади.
Президентимизнинг 2022 йил 17 февралдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» фармонининг 1-бандига мувофиқ, 2022-йил 1 апрелдан бошлаб меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 440 000 сўмдан 622 000 сўмгача оширилиши белгиланган.
Ушбу фармонга асосан иш стажига эга бўлмаган биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлик нафақалари ва тўлиқсиз иш стажи ҳисобидан тайинланган иккинчи гуруҳ ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори 622 000 сўмга етказилди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 163-бандига асосан 2011 йил 1 январдан кейин ногиронликнинг учинчи гуруҳи белгиланган шахсларга, шу жумладан, такрорий тиббий кўрикдан ўтказилгандан сўнг ногиронликнинг учинчи гуруҳи белгиланган шахсларга ногиронлик пенсияси тайинланмаслиги ва тўланмаслиги белгиланган (Чернобиль ҳалокати оқибатида учинчи гуруҳ ногиронлигини олган шахслар бундан мустасно).
Президентимизнинг 2022 йил 29 апрелдаги «Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонининг 2-бандига мувофиқ, 2022 йил 1 майдан бошлаб, ногиронлик пенсиялари, жумладан, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори ойига 698 000 сўм деб белгиланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сон қарори билан тасдиқланган «Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш» қоидаларининг 42-бандига асосан белгиланган тартибда ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун жавобгар деб эътироф этилган юридик шахс қайта ташкил этилган (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) тақдирда, зарарни тўлаш бўйича тегишли тўловларни тўлаш мажбурияти учун унинг ҳуқуқий вориси жавоб беради. Зарарни тўлаш тўғрисидаги талаб ҳам унга берилади.
Фуқаро Лола Ўролова билан телефон орқали суҳбатлашилганда, учинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслиги, ногиронлик пенсияси тайинланмагани ва у меҳнатда жароҳатлангани сабабли айбдор ташкилотдан товон пули олиши аниқланди.
Фуқарога товон пули ҳозирда фаолият кўрсатиб келаётган «Ингичка» тажриба участкаси томонидан тўлаб келинаётгани сабабли товон пули миқдорини қайта кўриб чиқиш масаласида мазкур ташкилотга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, фуқаро 55 ёшга тўлганда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи мавжудлиги ҳақида у билан телефон орқали бўлиб ўтган суҳбат давомида тушунтириш берилган. «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 32-моддасига асосан фуқаро мазкур жавоб хатидан норози бўлган тақдирда, юқори турувчи органга ёки судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Молия вазирлиги ҳузуридаги
бюджетдан ташқари Пенсия
жамғармаси ижро этувчи
директорининг
биринчи ўринбосари З.Турсунов
