Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамкорлигида «Қалдирғоч» биринчи республика болалар мусиқа ижодкорлари танлови ўтказилди.
Мазкур тадбирда юртимизнинг турли ҳудудларидаги мусиқа ва санъат мактаблари, коллеж ҳамда лицейларда билим олаётган 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган 25 нафар ўқувчи ўзлари ёзган 40 га яқин асар билан қатнашди.
– «Қалдирғоч» шу пайтгача юртимизда мусиқа ва санъат йўналишида ўтказилган бошқа танловлардан айнан композиторликка қизиқувчи ёшларни кашф этишга, улар келгусида янада самаралироқ ижод қилишларига имконият яратишга йўналтирилгани билан ажралиб туради, – дейди Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси, профессор Рустам Абдуллаев. – Дунёга машҳур композиторларнинг барчаси болалигиданоқ истеъдодини намойиш этган. Масалан, Иоганн Себастьян Бах 5-6, Моцарт 3 яшарлигида, Людвиг ван Бетховен ҳам боғчага қатнаган пайтлари ўз асарлари билан халққа танилган. Сабаби, композиторликка иқтидор одамнинг қонида бўлади. Кўпинча мусиқа асбобларини чалиш жараёнида болалар куй басталайди ва шу тариқа атрофидагиларга бу соҳага лаёқати борлигини намоён этади. Бундай ёшларни қанчалик барвақт аниқлаб, тўғри йўналтирсак ва яхши ўқитсак, самараси шунчалик яхши бўлади. Ҳозир юртимизда Ўзбекистон давлат консерваторияси, Успенский ва Глиэр номидаги мусиқа мактабларидагина композиторликка ўқитилади. Бошқа мусиқа мактабларида бу йўналиш йўқ. Шунга кўра, биз мазкур танлов баҳонасида айнан композиторлик йўналишига қизиқиши бор ёшларни рағбатлантиришга ҳаракат қилдик.
Дарҳақиқат, композиторлик – куйни ноталарга солиб басталаш санъати бўлиб, одатда, бир мусиқани турли созларда ижро этиш учун яратилиши мумкин. Масалан, танловда иштирок этган опа-сингил Нуршода ва Закия Мусаевалар танловда ўзлари фортепьяно ансамбли учун басталаган «Ноктюрн» асарини ижро этиб, ҳакамлар ва кузатувчилар олқишига сазовор бўлишди.
Танловда Нуршода ва Закия кичик гуруҳда иккинчи ўринни эгаллашди. Улар келгусида шу йўналишда шуғулланишни давом эттириб, Закия композитор, Нуршода фортепьяно бўйича чолғучи мутахассис бўлмоқчи.
Миллий гвардияга қарашли ҳарбий мусиқа академик лицейи ўқувчиси Беҳзод Шарипов ҳам танлов совриндори бўлганлардан бири. У Европага хос баритон мисли дамли чолғу асбоби бўйича таҳсил олади. Устози Миркарим Мирзокировнинг маслаҳати билан шу асбобни ўрганишга аҳд қилган эди. Ҳозиргача мустақил равишда 3 та куй яратди. Танловда эса баритон ва фортепьяно учун ёзган «Лирик пьеса» асари ўрта гуруҳда биринчи ўринга муносиб деб топилди. У мусиқадан ташқари, инглиз ва араб тилларини ҳам пухта ўрганмоқда, стол тенниси ва футбол билан шуғулланмоқда.
– Танловга «Қалдирғоч» деб ном берилиши замирида ҳам кенг маъно мужассам, – дейди Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси, танлов ҳакамлар ҳайъати раиси Шуҳрат Деҳқонов. – Бу қуш тинчлик ҳукмрон ўлка ва маконда ин қуради. Бизнинг мусиқага иштиёқманд ёшларимиз ҳам тинч юртимиз бағрида камол топиб, қобилиятларини намоён этаётганини ҳисобга олсак, келгусида уларнинг истеъдодлари янада ривожланиб, дунё кезишга шайланади. Ниятимиз, ўзбек ёшлари ҳам дунё саҳналарини забт этишсин, миллатимизнинг иқтидорли фарзандлари борлигини исботлашсин. Биз уларни қўлдан келганча қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Шу ниятда ушбу танловни ҳар йили анъанавий тарзда ўтказишга келишиб олдик.
Тадбирда совриндорлар билан бир қаторда уларнинг устозларига ҳам махсус диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»
