МОЗИЙНИНГ “ОЧИҚ ЭШИКЛАР”И

85

 Республикамиздаги музейларда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Очиқ эшиклар” куни дам олишни режалаштириб юрган юртдошларимиз учун айни муддао бўлди десак адашмаймиз. Бу кунда барча музейларга кириш бепуллиги сабаб, ташриф буюрувчиларга тўлиб тошган.

Буни Тошкент шаҳри мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Мен бўлажак журналист сифатида музейлардаги жараённи ва у ердаги аҳоли ўртасидаги бугунги кун шукуҳини ўрганиш учун пойтахтимиздаги музейларга боришга қарор қилдим ва тўғри Темурийлар тарихи музейи томон йўл олдим. Ҳали музей эшигига етиб бормасимдан турнақатор бўлиб тизилиб турган автобусларга кўзим тушди. Ичкарига кирсам музей мактаб ўқувчилари билан тўлган. “Очиқ эшиклар” куни муносабати билан Тошкент шаҳри ва вилоятидаги кўплаб мактаб ўқувчилари устозлари билан биргаликда экскурсияга чиқишибди. Музейда нафақат мактаб ўқувчиларини, балки ОТМ талабалари ва ўқитувчиларини ҳам учратдим. Музейдаги экспонатларни кўриб бўлгач, “энди қайси музейга борсам экан?” деб турган эдим, ёнимдаги бир қизнинг дугоналарига, “Политехника музейига борақолайлик” дегани қулоғимга чалинди. Аввал ҳеч ҳам бормаган эдим, менда ҳам қизиқиш уйғонди. Музейдан чиқишдан олдин эшик олдидаги музей ходимидан бугунги ташриф буюрувчиларининг сонини сўрадим. Билсам, эрталаб соат 09:00дан тушгача музей 4000га яқин меҳмонни кузатибди. Қойилмисиз?! Сўнгра Тошкент Политехника музейига қараб отландим. Буни қарангки иккала музей орасидаги масофа унчалик узоқ эмас экан, пиёда юрганда ҳам чарчаб қолмас экан киши. Айтганча, йўлда Амир Темур бобомизнинг муҳташам ҳайкалига салом бериб, “Ҳали сизни кўриш учун алоҳида вақт ажратиб келаман” деб ваъда бериб ўтдим. Шундай қилиб, ўша ҳамма мақтаб чарчамаган Политехника музейига ҳам етиб келдим. Мақтаганларича бор экан, музей эшигига яқинлашишим билан музейнинг самимий ходимлари меҳмонларни очиқ чеҳра ва лабларида табассум билан қарши олишаётган экан. Эшикдан ичкарига шундоқ қадам қўйишимни биламан, ўзимни худди бошқа оламга тушиб қолгандек ҳис қилдим. Менга ўзимга ўхшаган чиройли музей ходимаси йўлбошловчилик қилди. Ёшини сўраган эдим ўзим тенгги экан. У менга киришдан чап томондаги экспонатларни кўришни таклиф қилди. Мен ҳам бир каттанинг бир кичикнинг гапига кир деганларидек “хўп” деб юрақолдим. Тўғри қилган эканман, бу томонда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг илк вакилларидан тортиб энг сўнгги русумигача бўлганлар намуналари жойлашган экан. Йўлакнинг чап томонида эса юртимизда фаолият ютаётган “GМ” компаниясининг Самарқанд, Хоразм, Тошкент ва бошқа вилоятлардаги филиалларининг макетлари бор экан. Кейин музейнинг бошқа бўлимига ўтдик. Буни қарангки, бу томон наригисидан-да қизиқарли. Бу ерда нафақат Ўзбекистондаги балки, дунёдаги илк автомобиллардан нусхалар ва уларнинг яратувчилари ҳақидаги маълумотлар ўрин олган экан. Бир томонда “Форд”, “Volkswagen” ва яна бошқа мен номини билмайдиган кўплаб машиналар бор эди. Музейни айланишга шунчалик берилиб кетганимдан вақт ўтганини ҳам сезмай қолибман. Энди уйга қайтсам ҳам бўлар, деб эшик томонга юраётган эдим, йўлбошловчи музейдаги энг янги экспонатни кўрсатмаганини айтиб қолди. Айтишича, бу янги ихтиро бўлиб, инсонлардаги 6 та имоционал ҳис-туйғуга мос равишда мусиқалар эшитилиб турадиган хоналардан иборат. Бу ихтиро ҳақида йўлбошловчимдан жуда кўп маълумотларни интервью қилиб олишга ҳам улгурдим. Ҳа, айтганча, менга музейни таништирган қиз билан дугона бўлиб олдим. Музейдаги янги ихтиро ҳақида кейинги мақолаларимда албатта тўлиқ таништириб ўтаман.

Севинчой ҚЎЧҚОРОВА,

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси