Керак бўлмаса, нега чиқардингиз? Сочилиб ётган банкомат чеклари ҳақида мулоҳазалар

80

 Жуда кўп марта, деярли ҳар сафар пластикдаги пулни нақдлаштириш учун банкоматлар турган банк шохобчасига кирганимда шу ҳолатга гувоҳ бўламан. Ерда банкомат чеклари бетартиб сочилиб ётади. Ҳолбуки, банкомат олдида чиқит челаги турган бўлади.

Кейин эътибор қилдим. Жуда кўпчилик банкоматдан фойдаланишда “Чек чиқарилсинми?” сўровига “Ҳа” деган жавоб тугмасини босар экану, аммо чекни олмай кетворар экан. Ундан кейинги фойдаланувчи эса банкоматда қолган чекни олиб улоқтириб юборар экан. Ёки фойдаланувчилар чекни олиб, бир қараб, кейин ерга ташлаб, ўз йўлида давом этаверар экан.

Ахийри, бу ҳолатга чидай олмай, тахминан ўзимга тенгдош бир қизни тўхтатдим: “Чекни нега ташлаб юбордингиз?”.

Аввалига унинг жаҳли чиққандек бўлди. Кейин авзоимни кўриб, “Телефонимга СМС келади” деди.

Бундан янада ажабланиб, “чек керак бўлмаса, нега чиқардингиз?” дедим.

“Сизнинг нима ишингиз бор?”. Қиз жаҳл билан шундай деди ва шарт чиқиб кетди банкоматдан.

Шу ўринда уларга айтар сўзим бор.

Ишим бор. Чунки ер билан битта бўлиб ётган бу қоғознинг ҳам уволи бор. Балки бир энлик қоғоз арзимас кўриниши мумкин. Аммо денгизлар ҳам томчидан иборат. Ўша қоғоз ҳам қачондир яшнаб турган дарахт бўлган, атроф-муҳитга тоза ҳаво чиқариб, табиат софлигига ҳисса қўшган.

Яна бир жиҳат, банкомат турган жойни ҳам кимдир тозалайди. Бунинг учун меҳнат қилади.

Аслида табиатга муносабат шу арзимас ҳаракатимиздан бошланади. Бошқалар меҳнатига бўлган ҳурматимиз ҳам шу ишимизда намоён бўлади. Ва яна маданиятимиз ҳам шунда ўз аксини кўрсатади.

Сиз нима дейсиз, азиз замондош?

Фарида Темирова,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси