Иқтисодий журналистика жамиятга нима беради?

218

Жамиятимизда ахборот олишнинг эркинлашуви кўзга ташланган бўлишига қарамасдан, айрим йўналишларда аудиторияни қизиқтирувчи ахборот ва таҳлилларнинг етарли даражада эмаслигини кўриш мумкин. Жумладан, иқтисодиёт мавзусида ҳам.  

Жамиятни ислоҳ қилиш мақсадида юртимизда кўплаб ўзгаришлар юз бермоқда. Тармоқ ва йўналишларга кўплаб субсидиялар ажратилмоқда. Имтиёзли кредитларнинг турлари ошган. Уй-жой қурилиши кескин кўпайган. Аммо  шунга қарамасдан ўртача даромадли аҳолимизнинг янги қурилаётган хонадонларни сотиб олишга имконияти жуда паст. Хуллас, бу масалаларнинг барчаси қатор саволлар ва ўзига яраша жавобларни кутмоқда. Буни эса иқтисодий журналистика йўналишига ихтисослашган журналистларгина кўтариб чиқиши ва очиқ қолаётган саволларнинг жавобини халқимизга тақдим этиши мумкин.

Яқинда пойтахтимизда иқтисодий мавзуларни ёритувчи журналист ва блогерлар учун ташкил этилган  семинар-тренингнинг ҳам бош мақсади ОАВда фаолият олиб бораётган журналистларнинг иқтисодий саводхонлигини ошириш, уларнинг шу йўналишга ихтисослашувига ёрдам бериш,  бизнес журналистикаси доирасидаги билим ва салоҳиятини оширишдир. Тренинг лойиҳаси Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази ҳамда Ўзбекистондаги Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда тренерлар Анора Содиқова, Хотам Абдураимов, Нозима Тошпўлатовалар иқтисодий мавзуларни ёритишнинг ўзига хосликлари, хусусан, рақамларни жонлантириш, фактларни текшириш, холислик ва шаффофлик тамойиллари кабилар бўйича маърузалар қилишди.  Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов эса юртимиз текстил саноатидаги вазият, ютуқларимиз ва муаммоларимиз, уларнинг иқтисодий ҳолатимизга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги борасидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Семинарда Тошкент шаҳри ва вилоятлардан келган 30 нафардан ортиқ журналист ҳамда блогерлар иштирок этди.

–Журналистнинг чиқиши жамиятдаги муаммоларниниг камайишига ёрдам бериши керак. Хусусан, иқтисодий мавзулар ҳам, – дейди тренер Анора Содиқова. – Одатда кўпчилик жураналистлар ўзининг иқтисодий билимларини кам деб баҳолайди ёки ҳали бунга тайёр эмасман,  деб ўйлайди. Аммо иқтисодий журналистика улар ўйлаганчалик мураккаб эмас. Бироқ бунинг учун ҳам ўзига яраша билим ва маълумотга эга бўлишлари керак. Шунда атрофимиздаги иқтисодий жараёнлар ичидан мавзу топиш қийин бўлмайди. Аслида қайси мавзуни олиб қарамайлик, унинг негизида иқтисодиёт ётади. Нархларнинг ошиши ёки тушиши, солиқ бўйича имтиёзлар, халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар. Ва биз уларни халқимизга таҳлил қилиб бериш орқали, масъул идораларнинг ва мансабдорларнинг жамият олдида ҳисобдорлигини эслатиб туришимиз керак.

–Мен учун семинар-тренинг жуда фойдали бўлди, – дейди “Шинфо-инфо” газетаси муҳаррири Шаҳноза Хамраева. – Ўзим иқтисодий мавзуларни ёритишга қизиқаман, бироқ озгина чўчиш бор эди. Уч кунлик семинар давомида бу борада энг зарур билим ва маълумотларни олдим. Рақамларни визуаллаштириш, махсус расмий сайтлардан статистик  маълумотлар олиб, уларни қайта ишлаш бўйича тавсия ва амалий кўникмалар ҳосил қилдик. Келгусида албатта бу билимларимдан фойдаланиб яхши иқтисодий мавзудаги мақолалар ёзишга ҳаракат қиламан.

Умуман олганимизда ҳам иқтисодий журналистика жамиятга жуда зарур. У орқали иқтисодий ислоҳотларнинг қанчалик тўғри ва холис бораётганини, қайси ўринларда тузатишлар зарурлигини, қайси масалада давлат ўйлаган режа кутилганидек бўлмаётгани кабиларни экспертлар ва кузатувчилар ёрдамида аниқлаш мумкин. Бу эса маблағларнинг нотўғри тақсимланиши, самарасиз лойиҳаларнинг  қайтадан кўриб чиқилишига, алал оқибат жамиятимизнинг иқтисодий фаровонлигига ҳисса қўшишга олиб келади.

Зебо НАМОЗОВА,

“Ishonch.uz”