Акмал Саидов: Фуқаролардан 60 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди

81

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мажлислар залида Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича олиб борилаётган ишлар доирасида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Конституциявий комиссия раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази директори Акмал Саидов, масъул раҳбарлар, касаба уюшмалари фаоллари ва бошқалар иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, асосий қомусимизни ўзгартиришни бугун даврнинг ўзи тақазо қилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда таъкидлаганларидек, бош мақсадимиз – ҳар бир юртдошимиз ушбу ҳужжатни менинг Конституциям деб фахрланадиган мукаммал даражага олиб чиқишдир.

– Конституцияга ўзгартириш борасида фуқаролар биз кутганимиздан-да фаол иштирок этмоқда, – дейди Акмал Саидов. – Мисол учун, шу бугунгача аҳолидан 60 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди. Қувонарлиси, таклиф йўллаётганларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилмоқда. Яна бир муҳим жиҳат: таклиф билдираётганларнинг аксарияти бугунги ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда. Айни вақтда конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар қабул қилиш давом этмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, барчани ушбу жараёнда янада фаолликка чорлаб қоламан.

Йиғилиш давомида ҳудудий студиялардан қатнашаётган мутасаддилар ҳам ўз фикр-мулоҳазалари, таклифлари билан ўртоқлашдилар.