Ҳунарли ҳеч қачон хор бўлмас…

74

Шаҳринисо опа бу кеча ҳам алламаҳалгача ишлади. Тикув машинаси ярим
тунгача ғириллаб, сукунатни бир оз бузиб турди.

Ниҳоят, у чарчади. Беҳолгина ўрнидан туриб, ётоқхонасига киргач, маза қилиб ухлаётган неварасининг устини ёпди. Кейин ўзи ҳам жойига чўзилди. Қўлига газета олиб бирпас ўқиган киши бўлди-ю, ухлаб қолди. Тонг саҳарда эса дарвоза қўнғироғининг кетма-кет жиринглашидан уйғониб кетди. Юз-қўлини ювиб, сочиққа артаркан, дарвозани тезроқ очишга ошиқди. Чунки ташқарида уни доимий мижозлари кутишарди…
Бунақа ҳолатлар қуйи чирчиқлик ёлғиз ва бева аёл Шаҳринисо Йўлдошеванинг ҳаётида кўп такрорланади. Уни нафақат Хўжаписқанд қишлоғи аҳли, балки бошқа қиш­лоқларда яшовчилар ҳам яхши танишади ва чевар аёл сифатида эъзозлашади.
Шаҳринисо опанинг болалиги армонли кечди. Чунки у тўққиз ёшида узоқ йиллар жамоа хўжалигига раислик қилган падари бузруквори Қурбон акадан жудо бўлди. Шу боис ота меҳрига зориқиб ўсди. ­Вояга етар-етмас, онаси Хосият ая билан бирга далада меҳнат қила бошлади. Мактабни битиргандан кейин эса, тикувчиликка ўқиди. Кўп ўтмай қўшни туманда яшовчи йигитга турмушга чиқди. Аммо оилавий ҳаётда омади чопмади. Муросалари келишмагани туфайли уч нафар фарзандли бўлганида турмуш ўртоғи билан ажрашиб, ота уйига бош эгиб қайтиб келишга мажбур бўлди.
Яширишнинг ҳожати йўқ, одамлар Шаҳринисони анча вақтгача гап-сўз қилиб юришди. У эса тақдиридан нолимади, кўз ёшини оқизиб, бировлардан ёрдам сўрамади. Аксинча, барча таъна-дашномларга чидаб, бор аламини меҳнатдан олди. Чеварлик қилиб, пул йиғди. Шу тариқа тураржойли ҳам бўлди.
Шаҳринисо Йўлдошева кейинчалик тумандаги маиший хизмат кўрсатиш уйида чеварчилик устахонаси очиб, бир қанча хотин-қизларни иш билан таъминлади. Шунинг баробарида мактабда ўқувчиларга ушбу соҳа бўйича дарс берди. Энг муҳими, шу касби ортидан ўғлини уйлантирди, қизларини турмушга узатди, қўша-қўша невараларнинг суюкли бувижонисига айланди. Лекин ҳануз бичиш-тикишда, бу касб сир-асрорларини бошқаларга ўргатишда давом этмоқда. Ўз навбатида, шогирдлари ҳам турли жойларда самарали меҳнат қилишмоқда.
Халқимиз «Ҳунарли хор бўлмас» деган нақлни бежиз тўқимаган. Мана, Шаҳринисо опадан қиёс. У ўз касбига садоқати ва меҳнаткашлиги туфайли ҳаёт машаққатларини дадил енгиб ўтишга ва бахтининг кемтикларини тўлдиришга эришди.

Хонбиби ҲИММАТ қизи,
журналист