Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарори билан «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 2022 йилнинг 25 июнидан 5 июлига қадар умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
Ушбу қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасини Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари жамоатчилик эшитуви шаклида бошлаб бердилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарори билан «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 2022 йилнинг 25 июнидан 5 июлига қадар умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
Ушбу қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасини Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари жамоатчилик эшитуви шаклида бошлаб бердилар.
Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган жамоатчилик эшитувида марказий студиядан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси, академик Акмал Саидов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосарлари, бўлим мудирлари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари мутасаддилари, йирик корхона ва ташкилотларнинг бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари, ҳудудий студиялардан эса Касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий Кенгашлари мутасаддилари, тармоқ касаба уюшмаларининг ҳудудлардаги масъул ташкилотчилари, корхона ва ташкилотларнинг бошланғич ва бирлашган касаба уюшма қўмиталари раислари, жами 1500 нафар касаба уюшма фаоли иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов олиб борди.
– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 20 июнида Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашиб, бир қатор аниқ таклифларни билдириб ўтдилар, – деди Қудратилла Рафиқов. – Давлатимиз раҳбарининг таклифлари 4 та асосий йўналишни – «Инсон қадр-қиммати ва манфаатлари», «Ўзбекистон – ижтимоий давлат», «Адолатли фуқаролик жамияти» ва «Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат» масалаларини қамраб олди. Президентимиз «Инсон қадри учун» ғоясини ҳамда «Инсон – жамият – давлат» деган методологик ёндашувни Конституциямиз мазмун-моҳиятига чуқур сингдириш лозимлигини алоҳида таъкидлаб, яна 2 та тарихий ташаббус – Конституциявий қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасидан ўтказиш ҳамда Конституциявий қонун лойиҳасини референдум йўли билан қабул қилиш ташаббусини илгари сурдилар.
Албатта, мамлакатимиз Конституцияси мустақиллик йилларида эришилган ютуқларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келмоқда. Шу билан бирга, ҳаёт ҳам, халқимизнинг дунёқараши ҳам ўзгармоқда. Айниқса, охирги 5 йил ичида Президентимиз ташаббуслари билан инсон манфаатларини таъминлаш, халқимиз турмуш даражасини ошириш мақсадида амалга оширилаётган ўзгаришлар, барча соҳаларни қамраб олаётган ислоҳотлар жамиятимизда кўплаб янгиланишларга замин яратди. Шу боис ҳам сўнгги йилларда фуқаролар томонидан Конституциямизни такомиллаштириш бўйича кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилаётган эди. Ана шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг май ойида Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан Конституциявий комиссия тузилди ва ўтган бир ой давомида комиссияга халқимиздан 60 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди. Бу юртимизда фуқаролик жамияти, халқимизда эса мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳисси шаклланиб бораётганидан далолат беради.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини референдум йўли билан қабул қилиш таклифини илгари сурди. Бундан кўзланган мақсад – ҳар бир фуқаронинг ўз фикрларини эркин айтиши учун кенг имконият яратиб бериш ва Бош қомусимизнинг том маънода халқ Конституцияси бўлишига эришишдир.
Анжуманда мамлакатимизда Конституциявий ислоҳотлар жараёни қизғин паллага киргани алоҳида таъкидланди. Конституциявий Қонун лойиҳаси Бош қонунимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиш киритишни назарда тутиши, шунингдек, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилаётгани қайд этилди. Конституцияга киритилаётган мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларнинг аксарияти инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлашдек эзгу мақсадларга қаратилгани эътироф этилди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Конституциявий комиссия аъзолари иштирокидаги учрашувда Конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан билдирилган таклифларни тўлиқ қўллаб-қувватладилар. Шунингдек, видеоконференцалоқа форматидаги умумхалқ муҳокамасида республикамизнинг турли ҳудудларидан иштирок этаётган касаба уюшма фаоллари томонидан Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
«Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилгунга қадар Бош қомусимизга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича турли соҳаларда меҳнат қилаётган 6 миллиондан ортиқ касаба уюшма аъзолари ва фаолларининг аксарияти томонидан кўплаб таклифлар берилди.
Тадбирда меҳнат жамоаларида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан ўтказилаётган умумхалқ муҳокамаларида касаба уюшма фаоллари томонидан билдирилаётган таклифларни умумлаштириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича таклифларни умумлаштирувчи Республика штаби тузилгани, Федерациянинг ҳудудий кенгашларида эса мувофиқлаштирувчи гуруҳлар ташкил этилгани, уларнинг асосий вазифаси барча ҳудудлардаги меҳнат жамоаларида Конституциявий қонун лойиҳасини муҳокама этиш жараёнларида билдирилган таклифларни умумлаштирган ҳолда Конституциявий комиссияга тақдим қилиш экани қайд этилди.
Тадбир сўнгида касаба уюшма аъзолари сонидан келиб чиққан ҳолда Конституциявий ислоҳотлар жараёнининг якунловчи учинчи босқичи, яъни референдум иштирокчиларининг ҳар 3 нафардан 1 нафари касаба уюшмалари аъзоси экани таъкидланиб, уларнинг барчаси умумхалқ муҳокамасида янада фаол қатнашишга чақирилди.
Ўз мухбиримиз
