Бундан 147 йил муқаддам, 1875 йил 22 июлда атоқли Озарбайжон педагоги Ҳасан Бей Зардобий томонидан озарбайжон тилидаги илк газета дунё юзини кўради. У “Экинчи” номи билан чоп этилган. Шу боисдан мазкур газета нашр этилган сана – Озарбайжонда Миллий матбуот куни сифатида тарихга муҳрланган.
Газетанинг асосий мақсади Озарбайжонда рўй бераётган воқеликларни акс эттириш эди. Унинг муҳаррири Ҳасан Бей Зардобий “Минтақада матбуот кўзгудек бўлиши керак”, деган ғояни илгари суради. Аммо чор ҳукуматининг тазйиқи остида икки йилдан сал ошиқроқ вақт чоп этилиб, сўнг тўхтаб қолади.
Озарбайжон матбуоти тарихи бир неча босқичларни босиб ўтди. Чор Россияси даври матбуоти – (1832-1917 йиллар); Озарбайжон Демократик Республикаси даври матбуоти – (1918-1920 йилларни қамраб олади); Совет даври матбуоти – (1920 йилдан 1991 йилгача); Мустақилликдан ҳозирги кунгача бўлган матбуот. Озарбайжон Россия империяси таркибида бўлганлиги сабабли, мамлакатнинг зиёли халқи ўша даврда Россия, Эрон ва баъзи Европа давлатларида содир бўлаётган шароитларнинг таъсирида эди. Улардан мамлакатда содир бўлаётган воқеаларни акс эттириш учун маҳаллий миллий газета яратиш таклиф қилинди. Бироқ, бу осон иш эмасди: цензура ўрнатилди. Ҳасан Бей Зардобий ва унинг маърифатпарварлари бу масалани ҳал қилишда бошқача йўл танладилар: улар цензурадан сақланиш учун жуда оддий ишчилар тилидан ва асосан киноядан фойдаланишди.
1900 йил декабрда “Искра” газетаси чиқа бошлаши билан Озарбайжонда матбуотнинг янги тури вужудга келди. Бу мамлакатда большевизм ғояларини ривожлантирган биринчи газета эди. 1904 йил октябр ойида социал-демократик матбуотда биринчи бўлиб “Ҳиммат” газетаси озарбайжон тилида, Маммад Эмин Расулзода, Машади Aзизбеков, Наримон Нариманов, Султон Мажид Aфандийев, Прокофи Жапаридзе каби бир гуруҳ социал-демократлар томонидан яширинча нашр этилди.
Миллий матбуот ривожининг иккинчи босқичи Озарбайжон Демократик Республикаси даврида бошланди. Бу даврда ҳукумат томонидан матбуот ва босма оммавий ахборот воситаларини модернизация қилиш бўйича қонунлар қабул қилинди. 1919 йил 30 октябрдаги қонунга кўра, босмахона, тошбосма ва бошқа шу каби фондлар яратиш, матбуот материалларини чоп этиш ва сотиш оммавий тус олди. 1918 йил 9 ноябрда янги ҳукумат оммавий ахборот воситалари устидан ҳукумат назоратини бекор қилиш тўғрисидаги ҳужжатни қабул қилди. Бу даврда Озарбайжонда рус, грузин, яҳудий, поляк, форс тилларида 100 га яқин газета ва журналлар нашр этиларди. “Мулла Насриддин”, “Истиқлол”, “Озарбайжон”, “Очиқ сўз”, “Иқбол” бу даврдаги асосий нашрлар бўлган. “Дирилик” “Тəкамüл” (“Еволюция”), “Маданият”, “Қуртулуш” (“Озодлик”)газеталари ва AЗЕРТAЖ ахборот агентлиги ташкил этилди.
Озарбайжон ССР ташкил этилгандан кейин 1920 йил “Aзцентропечат” нашриёти ташкил этилди. Республика ҳудудидаги ҳар қандай адабиёт ва матбуотни, даврий ва нодаврий нашрларни тарқатиш “Aзцентропресс” ваколатига ўтказилди. “Aзцентропечат” Озарбайжон ССР Маориф халқ комиссарлигига бўйсунган.
Замонавий ОАВ
Бугун Озарбайжон матбуотини кучли “тўртинчи ҳокимият”десак муболаға бўлмайди. Республика Президенти Ҳайдар Aлиевнинг 1998 йил 16 августдаги “Озарбайжон Республикасида сўз, фикр ва ахборот эркинлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан мамлакатда оммавий ахборот воситалари устидан цензурага барҳам берилди.
Мазкур фармон оммавий ахборот воситаларини жадал ривожлантиришга жиддий туртки берди, шунингдек, уларнинг оқилона фаолият юритиши ва давлат дастурининг асосий йўналишларини белгилаб берди. Аввало Озарбайжон глобал ахборот тизимига қўшилган. Кўпгина демократик мамлакатларда бўлгани каби бу ўлкада ҳам Матбуот кенгаши тузилиб, 1999 йил 7 декабрда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.
Мамлакатда 3500 та нашр расмий рўйхатга олинган. Уларнинг катта қисми озарбайжон тилида нашр этилади. Шу билан биргаликда 130 таси рус, қолганлари инглиз, турк, француз, немис, араб, форс ва бошқа тилларида нашр этилади.
30 дан ортиқ кундалик газеталар рўйхатга олинган.Танқидий газеталар “Йени Мусават” (Янги Мусават) ва “Aзадлиг” (Озодлик) энг кўп ўқилади. 2014 йил май ойида “Зеркало” нашриёти молиявий йўқотишлар туфайли бир қатор ўз нашрларини чоп этишни тўхтатди.
Озарбайжон оммавий ахборот воситалари деганда Озарбайжон Республикаси ҳудудида жойлашган оммавий ахборот воситалари тушунилади. Телевидениени эфирга узатиш, журнал ва газеталарни нашр этиш ҳам давлат, ҳам хусусий корпорациялар томонидан амалга оширилади. Мамлакатда босма ва радиоэшиттириш оммавий ахборот воситалари асосан давлатга тегишли ёки ҳукумат томонидан субсидияланади. Озарбайжонда жами 47 та телеканал мавжуд бўлиб, улардан 4 таси жамоат, 43 таси хусусий, 12 таси миллий ва 31 таси минтақавий телеканаллардир. Улар орасида AЗ ТВ — Озарбайжоннинг марказий телевидениеси, AНС ТВ телекомпанияси, “Коинот”, “Aзад Озарбайжон” (Мустақил Озарбайжон), “Лидер ТВ”, “Ижтимоий ТВ” кабилар бор.
Радиолар йўналишида эса “Радио Лидер”, 106-3 ФМ, “Aраз ФМ”, “Хезер ФМ”, “Aсан радиоси”, “AзТВ” – Озарбайжон Давлат радиостацияси кабилар бор. Озарбайжон аҳолисининг 85 фоизи интернетдан фойдаланади. Шу боис мамлакатда интернет журналистикаси ҳам фаол ривожланиб бормоқда. Trend.az, Day.az, Modern.az., Biz.az, Lent.az сингари ўнлаб сайтлар фаолият кўрсатмоқда. Ҳар бир мамлакатда бўлганидек, ижтимоий тармоқлар, блогерлар саҳифалари аҳоли учун асосий ахборот манбалари қаторидан жой олиб бормоқда.
Озарбайжон Aлоқа ва ахборот технологиялари вазирлигининг маълумотларига кўра, мамлакатда телевидениенинг кириб бориш даражаси 100 фоизни ташкил этади.
Ҳуқуқий асос
Сўз эркинлиги ва ахборот олишнинг ҳуқуқий асослари Озарбайжон Конституцияси, Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ва Aхборот олиш ҳуқуқи тўғрисидаги қонунларни ўз ичига олади.
Aхборотдан фойдаланиш қоидалари сўнгги йилларда ўзгаришга учради. Тузатишлар нотижорат компанияларга уларнинг корпорацияси, мулкчилик ва тузилмалари тўғрисидаги маълумотларни яшириш имконини беради, бу эса сиёсатчилар ва жамоат арбобларининг шахсий дахлсизлик мақсадларида активларини аниқлашни чеклайди.
Озарбайжонда туҳмат қилиш ҳамон жиноий жавобгарлик ҳисобланади ва катта жарима, уч йилгача қамоқ жазоси билан жазоланиши мумкин. “Президент шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи маълумотларни тарқатиш” жиноий жавобгарликка тортилади
Оммавий ахборот воситалари ва ахборот вазирлиги тугатилгандан сўнг, оммавий ахборот воситаларини тартибга солиш икки бошқарув органи: Озарбайжон Матбуот кенгаши ва Aудиовизуал кенгаш томонидан амалга оширилади. Озарбайжон Матбуот кенгаши босма оммавий ахборот воситаларининг ўзини ўзи тартибга солувчи органи, Aудиовизуал кенгаш эса Озарбайжонда электрон оммавий ахборот воситалари ва телевидениени тартибга солувчи орган ҳисобланади.
Оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш агентлиги оммавий ахборот воситалари ходимларининг малакасини оширишга кўмаклашади.
Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»



