Пойабзалнинг қандайи афзал?

66

Инсоннинг кундалик турмушида энг зарур эҳтиёжлари қаторида пойабзал ҳам туради. Бугунги кунда савдо расталарида ҳар биримиз ўз дидимиз ва имкониятларимизга қараб турли-туман пойабзалларни учратишимиз мумкин. Аммо кўпчилик ўзларига қулайликдан кўра, оёқларида чиройли кўринишга эга бўлиб турадиган пойабзал танлашга уринади.

Аслида пойабзал танлашда нималарга эътибор бериш лозим? Қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.

Мутахассисларнинг фикрича, чиройли ва эркин, енгил юришга одатланишда пойабзалнинг оёққа, об-ҳавога ва мавсумга мослиги муҳим аҳамиятга эга. Пойабзал, аввало, юриш учун қулай бўлиши керак. Сифатли оёқ кийимларда махсус кўтариб турувчи юмшоқ матодан тайёрланган патак бўлади.

Пойбазал танлашда баланд пошналиларни танламаган маъқул. Боиси, пошна қанча баланд бўлса, болдир мушакларига тушадиган зўриқиш шунча юқори бўлади. Олимлар баланд пошнали оёқ кийимида умуртқа поғонасига оғирлик бир текис тушмаслигини ва бу тана ҳаракатининг бузилишига (дегенератив) олиб келишини исботлаган. Баъзан аёллар кичкина пойабзал кийишади. Бу ҳолда оёқ сиқилиб, юрганда азоб беради. Турли дардларга чалиниш ҳам мумкин. Танада қон айланиши мураккаблашади. Оёқ кафти ҳам хунуклашади. Бироқ мунтазам жуда ясси, пошнасиз пойабзалда ҳам одам чиройли юрмайди. Оёқ суяклари ҳам ясси бўлиб ўсади ёки мунтазам баланд пошна кийиш оқибатида силжиб, қийшиқ жойлашиб қолиши мумкин. Пойабзал пошнасининг баландлиги ўртача бўлгани маъқул. Бундай туфлида одам енгил, майин қадам ташлайди. Уйда киядиган пойабзаллар ҳам иложи борича бироз пошнали бўлсин. Энг баланд пошна камида уч сантиметр бўлса мақсадга мувофиқ. Шунда оёқларингиз унчалик чарчамайди ва яссиоёқликнинг ҳам олди олинади. Оёқ юзаси 28 суяк, 33 бўғин ва 3 та катта бириктирувчи бўғиндан иборат. Унинг вазифаси: юмшоқ ҳаракатланишни таъминлаш ва зарбани юмшатиш. Акс ҳолда, оддийгина югуриш ёки сакраш ҳам мия чайқалишига олиб келган бўларди.

Мустақил юра бошлаган бола учун оёқ кийим харид қилишда, аввало, уни кийдириб кўрган маъқул. Оёқ кийимнинг ташқи кўринишига эмас, бола оёғига қулайлигига эътибор қаратиш лозим бўлади. Мутахассисларнинг фикрича, пойабзал енгил ва унинг таглиги эгилувчан бўлгани яхши. Эгилувчан таглик оёқ ҳаракатига халал бермайди. Оёқ кийимни букиб кўринг, таги юмшоқ бўлса, осон бўкилади. Аммо баъзи шифокорлар оёқ кийим таглиги қаттиқ бўлиши керак, деган фикрни билдирадилар. Яна айтишадики, оёқ кийим катта ҳам, кичик ҳам бўлмаслиги керак. Баъзан фарзандалримиз кейинги йил ҳам кияди, деган фикрда ўз ўлчамидан каттароғини оламиз. Бунда ҳам эҳтиёт бўлиш керак экан, боиси, катта оёқ кийим оёқнинг шаклланишига таъсир кўрсатади.

Дўст бошга, душман оёққа қарайди. Бу мақол бежиз айтилмаган. Шу боис, пойабзалнинг тозалигига эътибор қаратишимиз керак бўлади. Кўчага кийиладиган оёқ кийимини чанг ва кирдан тозалаш учун кўчадан келган заҳоти аввал нам, сўнг қуруқ латта билан артиш керак. Бутунлай ивиган оёқ кийимига қоғоз солиб қуритган маъқул. Қoғoз намни яхши шимиб олади ва бу бир неча бор такрорланса, оёқ кийими тезда қурийди. Оёқ кийимини ҳеч қачон олов, печка ёки радиатор ёнида қуритманг. Юқори ҳарорат унга салбий таъсир этади: чарм шаклини ўзгартиради, эгилувчанлигини йуқотади, Вақти-вақти билан туфлини иссиқ сувда ювиш тавсия этилади. Шунда крем ва чанг қолдиқлари кетади. Тор оёқ кийимини кенгайтириш учун одеколон қуйилади, дарҳол кийилади ва ташқи томонига ҳам одеколон сепилади. Чарм юмшайди, кенгаяди ва оёққа лойиқ бўлади.

Шохиста Неъматова тайёрлади