Кўп йиллардан буён Навоий вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасида ишлаб келаётган Шокир Вафоев 2020 йил пандемия муносабати билан вирусология лабораториясида ишга жалб этилди.
2020 йилнинг 30 апрелидан то 19 августига қадар Ш.Вафоев мазкур лабораторияда ички режимни бошқариш ва назорат қилиш масаласи бўйича раҳбар ўринбосари лавозимида виждонан меҳнат қилди.
Тўрт ойдан сўнг у лаборатория ишидан озод қилиниб, аввалги вазифасига қайтарилди. Аммо… Унга ўша вақтдаги ҳужжатларга асосан тўланиши лозим бўлган 248 миллион 578 минг 800 сўм миқдоридаги маблағ тўлаб берилмади.
Табиийки, мутахассис ўз ҳақини талаб қилди. Вилоятда у бош уриб бормаган идора, арзини айтмаган мутасадди қолмади, ҳисоб… Лекин шунга қарамай, муаммо ҳал бўлмади, токи Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Навоий вилояти кенгашига мурожаат қилмагунча…
Меҳнат-ҳуқуқ инспектори Завридин Ҳалимовнинг саъй-ҳаракати билан 2022 йил 1 июнда Навоий вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутасаддиларига тақдимнома киритилди. Шундан сўнг ходимнинг иш ҳақи тўлиқ ундириб берилди.
Нормурод МУСОМОВ,
«ISHONCH»
