Тараққиёт кўчасига қачон тараққиёт келади?

45

Тан олиш керак, юртимизнинг турли гўшаларидаги бунё­дкорликларни, текис ва равон йўлларни кўриб, кишининг дили яйрайди.
Аммо, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, баъзи жойларда назардан четда қолаётган кўчалар ҳам йўқ эмас.

Шаҳрисабзнинг «Толзор» маҳалласидаги Тараққиёт кўчасига йўлингиз тушса, янги қурилган коттежларни эътиборга олмаса, тараққиётнинг «т» ҳарфини ҳам кўрмайсиз.
Яқинда айни ёмғир ёғаётган пайт­­да дугонамникига бориб, йўлнинг ўнқир-чўнқирлигидан такси ғилдираги ёрилиб, нақ бир соат қолиб кетишга тўғри келди.
– Кўчамизнинг кираверишида қурилиш ва бошқа бир нечта ишлаб чиқариш ташкилотлари бор, – дей­ди ушбу маҳаллада яшовчи Комила опа (исми ўзгартирилган). – Улар катта-ю кичик машинада киравериб, йўлнинг янада дабдаласини чиқариб юборишди. Бунинг устига, катта йўлдан 600-800 метр ичкарида қиммат коттежларни қуриб, эгаларига топширган қурилиш ташкилотининг ҳам йўлни таъмирлаш эсига келмади. Шу кўчага келин бўлиб тушиб, пенсияга ҳам чиқдим. Аммо бирор марта бу йўлни ҳатто жорий таъмирлашганини ҳам кўрмадим.
Шаҳрисабз – сайёҳлар шаҳри. Юртимизда эса туризмни ривож­­лантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо гўзал кент ҳуснига доғ бўлиб турган Тараққиёт каби кўчалар ҳам йўқ эмас.
Ҳар доим шаҳарнинг кўрки-ю жамолини мақтаб, хорижликларга кўз-кўз қиладиган мутасаддилар бу ҳолатни қачонгача билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка олишади?

Марям АҲМЕДОВА,
журналист