Маънавият чашмасини топдик

44

Ҳозирги ёшлар турли-туман ахборот олиш учун кўп вақтини интернетда ўтказади. Аммо маълумотлар тўғрими-нотўғрими, холисми ёки нохолисми, ажратиш даргумон.

Устозларимиз бизга мудом кўпроқ газета-журнал ва китоб ўқишни тавсия қилишади. Мутолаанинг завқи бўлакча, сара китоблар, жаҳон адабиёти дурдоналаридан баҳраманд бўлиш тафаккурни бойитади, инсонни фикрлашга ундаб, маънавиятини юксалтиради, дея уқтиришади. Китоб ўқиш кўникмаси эса газета-журнал мутолааси орқали ­шаклланади. Ҳар куни маълум вақтини бу нашрлар билан танишишга ажратмайдиган киши кўп нарсани йўқотади.
Бугунги кунда айрим кишилар «Бизга босма нашрлар керакми-йўқми?» деган мунозарали ­фикрлар билдиришяпти. Бир неча бор ойнаи жаҳонда ҳам шу хусусда кўрсатув берилди. Биз эса яқинда туман газетасида амалиёт ўташ жараёнида бир нарсани – босма нашрлар ҳамиша қадрланиши кераклигини, уларни узлуксиз мутолаа қилиб бориш зарурлигини чуқур ҳис этдик.
Мўъжазгина таҳририятнинг тор хонасида кўплаб газеталар, «Жаҳон адабиёти», «Тафаккур» журналлари тахламларини кўриб, кўзимиз қувнади. Бўш вақт топишимиз биланоқ уларни ўқидик. Янги тақдирларни кашф қилиб, чинакам бадиият намуналари билан танишдик. Маҳаллий газетанинг 20-30 йил муқаддам босилган сонларини кўздан кечираётиб, туман тарихига оид кўплаб маълумотларга эга бўлдик.
Ишончимиз комилки, бундан кейин ҳам шундай бўлади: йиллар, асрлар ўтаверади, ўтмишга айланган тарихни келажак авлод босма нашрлар орқали билиб олади. Бундан бир-икки аср бурун чоп этилган газеталарни ўқиш орқали ўша давр воқеликларидан хабардор бўлишнинг нимаси ёмон ахир!
Бас, шундай экан, зиёлилар сафидан ўрин олишни, маънавий олами бойишини истаган ҳар бир ёш газета-журналларни мунтазам ўқиб боришни канда қилмаслиги керак.
Амалиёт давридан ниҳоятда мамнун бўлдик. Чунки биз унда маънавият чашмасини топгандик.

Гулбаҳор ЖУМАНАЗАРОВА,
Гулёр РАҲМОНОВА,
Урганч давлат университети
талабалари