Мен 35 йил Хоразм вилояти туғуруқхонасининг реанимация бўлимида ҳамшира бўлиб ишладим. Шу жараёнда минглаб аёлларнинг ҳаётга қайтишига кўмаклашдим. Ҳозир ҳам қўни-қўшниларим ва қариндош-уруғларим «Қўлингиз енгил, ўзингиз қараб қўйсангиз», деб келишади. Уларга имкон қадар кўмаклашаман.
Албатта, тақдиримдан нолимайман. Чунки турмуш ўртоғим билан тинч-тотув яшаб, тўрт фарзандни вояга етказдик, шириндан-шакар набиралар кўрдик. Лекин ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғи деганларича бор экан. 2015 йили турмуш ўртоғим оғир дардга йўлиқди. Даволатиш учун қўлимиздан келган ҳамма чораларни кўрдик. Бироқ… оиламиз устуни қулади.
Дард бир келса, қўша-қўша келаркан. 2016 йили тўсатдан катта ўғлимнинг тоби қочди. Оёқларини ушласам, музлаб қолган. Юраги хуруж қилганини фаҳмлаб турибману 34 ёшли йигитда бу хасталик нима қилади, деб ўзимга-ўзим далда беряпман. Дарҳол «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилдим.
Шифокорлар етиб келишганида боламнинг юраги уришдан тўхтаган эди. Реанимация бўлимида ишлаганим боис бундай ҳолатда қандай чоралар кўриш кераклигини яхши биламан. «Фалон дори қани, пистон дори қани? Анави аппаратни уланг», дея зарур муолажаларни айтсам, фельдшер елка қисиб, «Бизда уларнинг биронтаси ҳам йўқ, фақат манави дори бор», деди.
Хуллас, тўнғичим қўлимда жон берди. Она учун бундан ортиқ мусибат бўлмаса керак?.. Мен «Қанақа «Тез ёрдам» бу?» дея бақириб юборганимни билмай қолдим.
Ўша кезлар шошилинч тиббий хизмат бугунги кундагидек зарур дори-дармонлар билан таъминланганида эди, ўғлимнинг ҳаётини сақлаб қолган бўлардик, дея ҳануз армон қиламан. Бу орада қизимнинг турмуши бузилди – ўғил туғмагани учун кўчага ҳайдалди. Устига-устак, тақдир мени яна бир бор синади. Оёқларимда оғриқ пайдо бўлди. Шифокорлар 4-даражали суяк емирилиши ташхисини қўйишди. Бу касалликни фақат жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин. Эндопротезнинг нархи 30 миллион сўмдан зиёд… Бизда эса бунча пул йўқ. Шундай бўлса-да, умидимни узмадим.
Халқимиз «Сабр таги – сари олтин» деб бежиз айтмаган. Бир куни уйимизга маҳалладан ва касаба уюшмаларидан вакиллар келишди. «Нима муаммоингиз бор? Биздан қандай ёрдам керак?» деб сўрашди. Қисқа фурсатда давлат томонидан зарур миқдорда маблағ ажратилиб, чап тиззамга эндопротез қўйилди.
Ҳозир «Темир дафтар» рўйхатига киритилганман. Мутасаддилар тез-тез йўқлаб туришибди. Насиб қилса, яқин орада ўнг оёғимни ҳам даволатишга ёрдам беришмоқчи. Умуман олганда, бу дафтар шарофати билан минглаб аёлларнинг орзулари ушалмоқда. Кимдир соғлиғини тиклаяпти, кимдир уйли-жойли бўляпти ёки иш билан таъминланяпти. Мен эса 64 ёшли онахон сифатида аслида оёқларда тик туришнинг ва юришнинг ўзи ҳам катта бахт эканини чин дилдан ҳис этиб яшаяпман.
Буларнинг барчасини Президентимиз ва ҳукуматимиз юритаётган оқилона сиёсат самараси деб биламан. Илоҳим, бизга ўхшаган кўнгли ярим дардмандларни ўйлаган, ҳаётга қайтарган ва одамларни рози қилиш йўлида заҳмат чекаётган раҳбарларимиз ҳамиша омон бўлишсин!
Гулой АБДУЛЛАЕВА
Урганч шаҳри
