Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юқори ҳароратли об-ҳаво шароитлари кузатилаётгани сабабли ходимлар ва иш берувчилар томонидан белгиланган тартибдаги микроиқлим бўйича санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда меҳнат фаолиятларини амалга оширишларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан «Юқори ҳароратли об-ҳаво шароитларида корхоналарда ишлаётган ходимлар ва иш берувчилар учун ишлаш тартиби ва тавсиялар» ишлаб чиқилиб, жойларга етказилди.
Мазкур тартиб ва тавсияларда таъкидланганидек, корхоналарда йилнинг иссиқ даврида ишлаб чиқариш хоналари, цехлар, бўлимлар ва бошқа ёпиқ ҳудудларда микроиқлимнинг меъёрлари СанҚваМ 0324-16 талаблари асосида бўлиши лозим.
Меҳнат кодексининг 211-моддаси ҳамда «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги» қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига киради.
Иш берувчи томонидан ҳавонинг ҳарорати ўта юқори бўлган вақтда биноларда микроиқлим шароитини яхшилайдиган ускуналарнинг (кондиционер, вентиляция, ишлаб чиқариш майдонларига ўрнатилган қуруқ ҳавони намлантириш ускуналари ва бошқалар) фаолиятини таъминлаш ва назорат қилиш, техник жиҳатдан бундай ускуналарни ўрнатиш ва ишлатиш имкони бўлмаган тақдирда ходимларнинг иш режимини ўзгартириш ва дам олиш вақтларини кўпайтириш ёки иш вақтини қисқартириш, ходимларни бепул тоза ичимлик (минералланган) сув билан таъминлаш чоралари кўрилиши лозим.
Агарда ходим очиқ майдонда (қурилиш майдонларида, далаларда) фаолиятини амалга ошираётган бўлса, иш берувчи томонидан мавсумга мос бўлган ҳимоя воситалари ажратилиши, иш режими ўзгартирилиши (дам олиш вақтларини узайтириш ёки ишлаш соатларини ўзгартириш, иш вақтини қисқартириш), шунингдек, ходимлар бепул тоза ичимлик (минерал) сув билан таъминланиши лозим.
Иш вақти қисқартирилган тақдирда, куннинг ишланмаган иш вақти учун ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади (МКнинг 159-моддаси).
Корхонадаги бундай ишлар рўйхати ва уларни бажаришда иш вақтининг муайян муддати тармоқ (тариф) келишувларида, жамоа шартномаларида белгилаб қўйилади, агар улар тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиб олинган ҳолда амалга оширилади.
Меҳнат кодексининг 219-моддасига мувофиқ ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келиб қолгани тўғрисида иш берувчига дарҳол хабар қилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар ана шу ҳолатларни тасдиқлаган тақдирда, иш берувчи бу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим.
Об-ҳаво ҳарорати даражаси юқори бўлган вақтларда Ўзбекистон фуқароларига бериладиган тавсиялар қуйидагича:
– тўғридан-тўғри қуёш нурларидан сақланиш, кўпроқ сояда бўлиш;
– имкон қадар кўчада камроқ юриш;
– ёрқин рангли, енгил, табиий матолардан тикилган кийим кийиш;
– иссиқдан ҳимояланиш учун, айниқса, ёши 55 дан юқори бўлган одамлар учун бу жуда зарур, бош кийим ёки соябон билан юриш;
– жисмоний фаолиятни камайтириш;
– автомашинани бошқариш вақтини қисқартириш;
– кўпроқ сув, илиқ чой ёки газланмаган минерал сув ичиш;
– спиртли (алкоголь) ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилмаслик ва бошқалар.
Мазкур тавсиялар тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига етказилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Матбуот хизмати
