Истеъмол саватчаси – тирикчилик учун зарур энг кам миқдор. Янада соддароқ айтганда, истеъмол саватчаси – муайян вақт давомида инсон ҳаёти учун зарур маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг энг кам тўплами. Ҳамма овқатланиши, кийиниши, коммунал ва бошқа хизматлар ҳақини тўлаши, зарур дори-дармонларни харид қилиши лозим. Буларнинг барчаси маҳсулотлар саватчасида ўз аксини топиши керак.
Ўзбекистонда истеъмол саватчаси ўрнига минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичи қўлланилади. Мазкур кўрсаткичдан пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдори, шунингдек, кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам миқдори, ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолининг мақсадли гуруҳини аниқлаш ҳамда мамлакатда камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланилади.
Шу кунларда «Аёллар дафтари», «Темир дафтар» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган аҳоли қатламини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича қатор эзгу ишлар амалга ошириляпти. Ўз навбатида, истеъмол саватчасини аниқлаш орқали фуқаролар даромадининг яшаш минимумига тенг миқдорини солиққа тортмаслик ҳам мазкур аҳоли қатламини ишончли ижтимоий муҳофаза қилишга хизмат қилган бўларди.
Президентимизнинг Олий Мажлисга 2017 йил 22 декабрда йўллаган Мурожаатномасида илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича «истеъмол саватчаси» тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратиш вазифаси қўйилган эди.
Афсуски, давлат раҳбари қўйган бу долзарб вазифа ҳануз бажарилмаган. Хўш, «Истеъмол саватчаси» тушунчаси қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйиладими?
Бу саволга мамлакат иқтисодиётига масъул юқори бошқарув органлари – Иқтисодиёт ва Молия вазирликларидан жавоб кутиб қоламиз.
Анваржон ҲАЛИМОВ,
«ISHONCH»
