Бирон-бир фуқаро давлат муассасаси вакилининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, ўша ташкилот раҳбарияти ёки масъул идораларга шикоят йўллаши фавқулодда ҳодиса эмас. Бундай вазиятларда шошилинч хулоса чиқариш ярамайди. Зеро, шикоят йўллаган одам ҳар доим ҳам ҳақ бўлавермайди!
Тиббиёт ходими Дилфуза Астанова шундай ҳолатни бошдан ўтказди. Андижон туманидаги «Роввот» оилавий шифокорлик пунктида доя вазифасида ишлаб келаётган аёл устидан бир фуқаро шикоят қилди-ю, унинг иддаолари ҳали исботланмай туриб, муассаса мудираси З.Ёқубова 35 йиллик тажрибага эга мутахассиснинг «паттасини» қўлига тутқазди.
Тўғри, мудира бу жараёнда унга ёмон гапирмади, дўқ-пўписа қилмади, қайтанга юмшоқлик билан йўл-йўриқ кўрсатди:
– Фуқаро А.Тўхтаназаров устингиздан арз қилганидан хабарингиз бор. Шикоят кўриб чиқилгунига қадар меҳнат таътилига ариза ёзсангизу, идорада уч-тўрт кун кўринмай турсангиз…
Д.Астанова шу куниёқ меҳнат таътили беришни сўраб, ариза ёзди. Аммо таътилдан қайтишига саноқли кунлар қолганда ҳамкасбларидан бири унинг бир ҳафта аввал ишдан бўшатилгани тўғрисидаги буйруқни қўлига тутқазди.
Маълум бўлдики, шикоят ўз исботини топмаган, шунга қарамай, муассаса маъмурияти унга «ўз меҳнат вазифаларини қўпол равишда бузган» деган тамға ёпиштириб, ишдан бўшатишга қарор қилган экан.
Ўзингиз ўйланг, бир умр касбига доғ туширмай, 17 йил доя бўлиб ишлаб, бирор марта интизомий жазо олмаган, ҳатто ўтган йили «олий тоифали доя» дея эътироф этилган аёл бундай хунук муносабатдан хафа бўлмаслиги, қадри учун йиғламаслиги мумкинми?
Д.Астанова низо муроса йўли билан ҳал бўлишига кўзи етмагач, эртаси куниёқ касаба уюшмасининг эшигини қоқди. Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Андижон вилояти кенгашининг аралашуви билан иш судга оширилди ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судида Д.Астановани ишга тиклаш ҳақидаги даъво қаноатлантирилди. Оилавий шифокорлик пункти мудирасининг низога сабаб бўлган ғайриқонуний буйруғи эса бекор қилинди.
Дарвоқе, суд мажлисининг сўнгги дақиқаларида Д.Астанова судьяга «даъвонинг мажбурий прогул учун иш ҳақи ундириш билан боғлиқ қисмини кўрмай қолдирсангиз», деб мурожаат қилса бўладими?
– Қарорингиз қатъийми?
– Гарчи ўз ихтиёримсиз ишга чиқолмаган бўлсам-да, меҳнат қилмаган кунларим учун ҳақ олиш ноқулай-да…
Ходимнинг андишаси унга нисбатан андишасизлик қилганларга маънавий тарсаки бўлса, ажабмас.
Нурилло НЎЪМОНОВ,
«Ishonch»
