Эзгулик оҳанрабоси

59

Яхши журналист бўлиш кун тартибини унутиб, дам олиш ё байрамларда ҳам уйда бўлмай, ўзгалар дардини тинглаб, унга ечим излаш каби ташвиш­ларни тортишгина эмас. Журналист, аввало, ҳеч кимникига ўхшамаган бетакрор услубини ярата олиши шарт. Ўз ёзиш услубига эга бўлмаган журналист қуроли йўқ жангчидир.
Яқинда чоп этилган «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» тўпламини ўқир эканман, муаллиф Гулчеҳра Умарованинг бу жиҳатдан яхши қуролланганига, ОАВ майдонида ўзининг бетакрор имзосига эгалигига яна бир бор амин бўлдим. Тўпламда Гулчеҳра опанинг бир неча йиллик чиқишлари, суҳбатлари жамланган бўлиб, улар бир нафасда ўқилади, ифода усули билан ўқувчини ўзига маҳлиё этади, кўтарилган мавзулари билан эътибор қозонади.

Журналистика ва журналистларга бўлган муносабат мураккаб. Уларни юз берган барча мусибатларда айбловчилар ҳам, тарафини олиб оқловчилар ҳам етарли. Аммо ҳар икки томон ҳам бир нарсада муштарак – журналист жамиятга сув билан ҳаводек зарур. У ўқувчилар тўғри қарор чиқаришига ёрдам беради. Қандай қилиб? Кўрган-эшитган барча нарсани тўғри ва тўлиқ тасвирлаш, адолатни тиклаш орқали. Гулчеҳра опа бутун журналистик фаолияти давомида ўқувчиларига шу тўғри ва холис фикрини етказиб келди.
«Шу чоққача «…биз Москванинг қўлига қарам эдик, ўз ихтиёримиз билан фильм суратга олиш ҳуқуқимиз йўқ эди…» қабилидаги гап-сўзлар кўп бўлди. Бугун мавзу танлаш, сценарий ёзиш, актёрларни саралаш каби барча ташкилий ишлар ўзимизнинг қўлимизда-ку!… Лекин, очиғини айтиш керакки, ҳали кинода ярқ этиб кўзга ташланган асарлар яратилмади». Бу сатрлар «Бурилиш қачон бўлади?» мақоласига тегишли бўлиб, унда опа ўзбек миллий киночилиги йўқлиги, яратилаётган фильмларни асар деб аташ мушкуллиги, кинематография битта мавзу атрофида ўралашиб қолаётгани, режиссёрлар ўзбек тилини ҳам, ўзбек ҳаётини ҳам етарлича билмасликлари каби муаммолар ҳақида жон куйдириб ёзади.
Гулчеҳра опа ўзи қаламга олаётгани масалани совуққон ёрита олмайди, доим жўшиб, ички туйғуларини билдириб ёзади – бу беихтиёр ўқувчига ҳам юқади, уни бефарқ қолдирмайди:
«Ижод яхши маънода – касаллик. Илмий тил билан айтганда, инсоннинг эмоционал-руҳий ҳолати… Ҳиссиз ижод оддий ҳунармандлик бўлиб қолади. Айнан ҳис-туйғу ҳар куни устахонага бош­лаб келади». Жавлон Умарбеков ижодига бағиш­ланган «Юракда туғён бўлса» мақоласидаги бу сатрлар санъатдан йироқ кишиларни ҳам бефарқ қолдирмайди. Шу билан бирга, моҳир журналист сифатида нохолисликка, далилларни ўз таассуротига бўйсундиришга, бировни яхши ёки ёмон кўрсатишга уринмайди. Борни борича, ортиқча замзамаларсиз, «гард»лардан тозалаб тасвирлайдики, дарҳол диққатни ўзига жалб этади: «… битта бўлса ҳам ҳақиқий, ўз мухлисига эга актёр чинакам бахтиёр санъаткордир», «баҳордаги лолақизғалдоқдек потраб кетган қўшиқлар», «образларнинг ҳар бири умрининг бир бўлаги, қалбининг бир парчасидир».
Гулчеҳра опа ҳар бир қаҳрамонининг кўпчиликдан ниҳон қирраларини очишга, бошқа ракурсдан туриб тасвирлашга интилади. Шу боис биз севимли санъаткоримиз Лола Элтоевани янгидан таниймиз, мақомларнинг маҳоратли ижрочиси Нодира Пирматовани инжа таъбли, тўғрисўз инсон сифатида кашф этамиз ва ҳоказолар.
Журналистикада «Сарлавҳа – мақоланинг ярми» деган гап бор. Гулчеҳра опанинг бу борада қанчалар талабчан экани «Муножот»нинг бекаси», «Ниятлар туташганда», «Юзингни кўрсатиб аввал…», «Санъат ҳам тафаккур меваси», «Бир баҳорий насим бўлсам Сурхонимга», «Бахтга бурканган аёл» каби мақолаларидан сезилади. Опа мақолада кўзда тутилган масала, ёритилаётган мавзуни сарлавҳада акс эттиришга уринади. Бу тўғри ҳам. Ўқувчида дарров тасаввур уйғонади, муайян мавзуни ўқишга тайёр бўлади, умуман, сарлавҳа унинг эътиборини тортмаса, ўқиб ҳам ўтирмайди. Ўқувчининг бу шафқатсизлиги журналистни мудом ўз устида ишлашга ундайди. Шунга жавоб бера олмадими, журналист касбини, касби эса журналистни такомиллаштиришдан тўхтайди.
Гулчеҳра Умарова суҳбатдошини унинг ўзига билдирмаган ҳолда интервьюга тайёрлайди, респондентига маъқул, қадрдон кайфиятни ярата олади, унда журналист эмас, инсон сифатида ижобий таассурот уйғотади. Чунки шу ҳолдагина суҳбатдош тўла очилади, самимий бўлади, кўнг­лидаги гапларни бемалол айтади. Журналист гурунгдошини ўзига жалб эта олмаса, суҳбат қуруқ ва рангсиз бўлиб қолади. Гулчеҳра опанинг ҳар бир мақоласида шунга гувоҳ бўлиш мумкин – у жуда яхши ҳамсуҳбат сифатида рўпарасидаги кишини беихтиёр ўзига махлиё этади.
Муаммо ҳақида сўзлаш, танқид қилиш осон. Бу ҳозир ҳатто русумга айланиб бораётир. Аммо муаммони шунчаки тилга олиш билан иш битмайди. Унга ечим топиш керак. Бунинг учун эса сабабларини аниқлаш шарт. Гулчеҳра опа фақат босма нашрларда эмас, балки телевидение ва радиоканалларда ҳам жуда фаол. Ҳар бир чиқишида албатта одамларни қийнаётган масалани тилга олади, илдизларини қидиради, ҳал этишга уринади. Шунчаки сўзлаш билан чекланмайди.
Гулчеҳра опа инсон руҳиятини пухта ўрганган. Ҳозирги ғалаба ёки йўқотишлар ортида ҳамиша ўтмиш туришини билади ва ишни «мозийға қайтмоқ»дан бошлайди. «Китоб ўқимаган одам яхши куйлай олмайди» мақоласида қаҳрамон санъаткорнинг ўтмишига мурожаат қилади. Болалик қувонч­лари, оилавий шароити, энг катта орзуси, илк қадамидаги қоқилишлару ютуқлар, армонлари билан танишади. Ва шу тариқа бизга ўз қаҳрамонини суйдиради, уни қадрдонимизга айлантиради:
«Озодбек дастлаб миллий чолғулардан бирортасини ўрганмоқчи бўлди. Мусиқа мактаби пулли эди. Оилада кўпчилик бўлгани учун Озодбек уйдагиларга бу ҳақда оғиз очишни истамади. Ўзи яширинча мусиқа мактабига бориб, синфга кирарди-ю, охирги партага ўтириб оларди».
Журналист қизиқувчан, тасаввури кучли, қатъиятли, ҳамдард, таъсирчан бўлиши керак. Буларсиз ҳам мақола ёзса бўлаверади, аммо у ўқишли чиқмайди. Гулчеҳра опада бу сифатларнинг барчаси мужассам. У қўл урган мавзусини синчиклаб астойдил ўрганади, энг ичкин жиҳатларигача хабардор бўлишга, ўша соҳага оид атамаларни қўллашга интилади:
«Римма Аҳмедова овоз берган ролларнинг қай бирини кўздан кечирмайлик, уларнинг барчасидаги овоз тебранишлари, бетакрор интонациялар кишини ҳайратга солади. Римма Аҳмедова овозининг тиниқлиги, ёқимлилиги, кенг диапазонлилиги, эгилувчанлиги, драматик образларга хос бўлган ички дардни дубляж санъатининг актёр учун ягона воситаси – овоз орқали бера олиш хусусияти «Яшил карета» бадиий фильмидаги крепостной театр актрисаси Варвара Асинкова образида янада яққолроқ намоён бўлади». (Сўз юритилаётган тўпламдан иқтибос).
Яна бир муҳим жиҳат – журналист фаолиятида касбий маҳорат ва кўникмадан ташқари, шахсий фазилатлар ҳам муҳим саналади. Истаган киши ўқиб, журналист дипломига эга бўлиши мумкин, аммо, ҳақиқатан ҳам, етук мутахассисга айланиш ҳар кимнинг қўлидан келавермайди. Унинг жамиятдаги ўрни беқиёсдир, бу шараф бўлиш билан бирга маънавий масъулият ҳам демакдир. Гулчеҳра опа буни чуқур ҳис қилади. Ҳамиша шахсий ҳаётида журналист деган номга доғ туширмасликка, касбий фаолиятида эса, ИНСОН эканини унутмасликка интилади. У касбининг барча қирраларини билади, шов-шув учун чегарадан чиқмайди, ўзгалар шахсий ҳудудини ҳурмат қилади. У ўз устида мунтазам ишлаб, маҳоратини такомиллаштириб боргани учун ёзганлари сифатли ва қизиқарлидир. Ўқувчиларини (аудиториясини) тўғри ва тўлиқ тасаввур қилиши, маълумотларни йиға олиши ва улар билан ишлаши, далилларнинг тўғри-нотўғрилигини текшириши, улардан ўринли фойдаланиши, кези келганда, илмий тадқиқотчи, кези келганда эса, изқувар бўлиши, қизиқарли баён эта олиши, мавзу қанчалар ўткир, оғриқли ва долзарб бўлмасин, ахлоқ чегараларидан четга чиқмаслиги Гулчеҳра опа Умаровани ҳурмат ва ҳавасга лойиқ ижодкорга айлантирган. Мақолалари ҳар бир ғишти маҳорат билан териб чиқилган бино каби пишиқ-пухта чиқади.
Эътибор бердим: опанинг қаҳрамонлари куюнчак, бошқалар ташвишини ўз дарди сингари қабул қилувчи, шахсий манфаатини энг охирига қўювчи, ишини мукаммал эгаллаган мутахассислар бўлади. Худди Гулчеҳра опа каби. Яхши одам яхшиликни оҳанрабо каби ўзига тортиб туришига яна бир бор амин бўлдим. Кимни эътироф этганига, нимадан ҳайратлангани ёки завқланганига, изтиробга тушганига қараб, кишининг ­фитратини билиб олиш мумкин.
Санъаткор билан суҳбатлашганида санъатшунос, мусаввир билан суҳбатда ранглар ўйинини нозик илғайдиган рассом, мумтоз ашулалар ҳақида гап кетганда мақомнинг тарихи, миллий маданиятимизда тутган ўрни, бошқа йўналишдаги куй-қўшиқлардан фарқини чуқур биладиган хонанда каби соҳа мутахассислари билан тенг мунозара юрита олувчи Гулчеҳра Умаровани «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» китоби билан қутлаймиз. Бу тўплам нафақат муаллиф, балки барча ўқувчилар учун ҳам яхши совға бўлди.
Умидимиз, шундай асарлар кўпайсин. Чунки улар жамият аталмиш бино ­мустаҳкам, умри узоқ ва тоза бўлишига хизмат қилади.

Муҳайё ЙЎЛДОШЕВА,
«ISHONCH»