Ўзбек адабиётининг таниқли вакили, шоир ва публицист, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил Шукур 60 ёшга тўлди. Шу муносабат билан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида фидойи ижодкорнинг юбилейи Термиз шаҳридаги муҳташам Санъат саройида кенг нишонланди.
Тадбирда таниқли ёзувчи ва шоирлар, маданият ҳамда ОАВ ходимлари, шоирнинг сафдошлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тантанада сўзга чиққан Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов умрини илм ва ижодга бағишлаб келаётган Сурхон элининг маърифатпарвар, фидойи фарзанди Эшқобил Шукурни 60 йиллик юбилейи билан муборакбод этди.
Шундан сўнг тадбирда «Тафаккур» журнали бош муҳаррири Эркин Аъзам, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Шерзод Ирзоев, таниқли шоирлар Салим Ашур, Шодмонқул Салом, профессор Абдулла Улуғов ва бошқалар сўзга чиқиб, Эшқобил Шукурнинг узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида ўзбек шеъриятига муносиб ҳисса қўшгани, шунингдек, шеърият оламида кўплаб шогирдлар тайёрлаб, устоз сифатида ҳам эҳтиромга лойиқлигини алоҳида таъкидлашди.
– Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилиб вояга етган ижодкорнинг «Юракни ўрганиш», «Бобосўз изидан», «Кўҳна боғ ривоятлари», «Яшил қушлар», «Ҳамал айвони» каби ўнлаб китоблари ўқувчиларга жуда манзур бўлган. Унинг шеърларида қадимий фольклорнинг руҳи, жозибаси акс этиб туради. Яна унинг шеърларида халқ оғзаки ижоди ва замонавий адабиётга хос энг яхши хусусиятлар уйғунлашиб кетади. Шунинг учун унинг шеърияти бугунги шеъриятимиздаги ўзгаришлар манзарасини белгилаб беради, – дейди адабиётшунос Абдулла Улуғов.
Чин маънода катта шеърият кечасига айланган тадбирда Сурхондарёдаги таниқли бахшилар, «Бадаш» этнографик ансамбли ва машҳур хонандаларнинг чиқишлари йиғилганларга янада кўтаринки кайфият бағишлади.
Рустам ДАВЛАТОВ,
«ISHONCH»
