Сўнгги йилларда шаҳар-қишлоқларимиз янада чирой очиб, дам олиш масканлари, истироҳат боғлари ва хиёбонлар кўпаймоқда. Улар ҳаво мусаффо, экология ва атроф-муҳит тоза-озода бўлиши, ҳамюртларимиз фаровон турмуш кечиришлари, маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар мириқиб маданий ҳордиқ чиқаришлари учун барпо этилмоқда.
Бас, шундай экан, биз бу имкониятлардан ўринли фойдаланяпмизми? Лоақал уларни асраб-авайлаш чораларини кўряпмизми?
Афсуски, бу саволларга баралла «Ҳа!» деб жавоб бериш қийин. Чунки эзгу ниятда бунёд этилган истироҳат боғларининг айримлари орадан 3-4 йил ўтар-ўтмас, абгор аҳволга тушиб қолмоқда. Уларнинг ичкарисига кирсангиз, ўриндиқлари синиб ётганига, баъзиларига турли-туман уятсиз сўзлар ўйиб ёзилганига, махсус идишлар мавжудлигига қарамай, чиқиндилар дуч келган жойларга ташлаб кетилганига гувоҳ бўласиз.
Биз яқинда пойтахтимизнинг сўлим гўшаси саналмиш «Экопарк»да бўлдик. Унда спорт ихлосмандлари учун барча шароитлар яратилган, футбол, баскетбол, волейбол майдончалари қурилган.
– 20 нафардан ортиқ ишчи-хизматчи бўлса-да, баъзан ҳамма жойни бирдек саранжом-саришта тутишнинг уддасидан чиқолмаяпмиз, – дейди навбатчи маъмур Дилафрўз Мусаева. – Негаки, шаҳар марказида жойлашгани сабабли боғимиздан дам олувчиларнинг оёғи узилмайди. Улар орасида тартиб-интизомлилари ҳам, чиқиндиларни боғ ҳудудига ўрнатилган махсус идишларга ташламайдиганлари ва ўриндиқларни ўзлари хоҳлаган ерга қўйиб оладиганлари ҳам топилади. Устига-устак, ёшлар спорт инвентарларига нисбатан қўпол муносабатда бўлишади. Бу ҳақда ота-оналарига айтсак, улар фарзандлари ёнини олишади. Ҳатто белгиланган миқдордаги жарималарни тўлашдан ҳам бош тортишади.
«Tashkent city» паркида ҳам шунга ўхшаш ҳолатларни кузатиш мумкин. Боғ ҳудудида тамаддихоналар кўпайгани туфайли ён-атрофда ҳар хил озиқ-овқат қолдиқларини-ю, бўш сув идишларини кўриш мумкин. Бу ҳашаматли боғ барпо этилган дастлабки йилларда қўриқчилар саёҳатчиларни тартибга чақириб, ундаги саранжом-саришталикни узлуксиз сақлаб туришга анча ҳаракат қилишди. Лекин қачонгача одамлар тепасида пойлоқчилик қилиб, «Қўлингиздаги қоғозни ерга ташламанг», «Чимлар устидан юрманг», деб уларни огоҳлантириш керак. Наҳотки, ақл-ҳуши жойида бўлган инсон кераксиз нарсаларни қаерга қўйишни, ўт-ўланларни босиб, пайҳон қилмаслик кераклигини билмаса?…
Бундан сал олдинроқ Ботаника боғида рўй берган воқеа ҳаммасидан ошиб тушди. Китобхонликни тарғиб этиш мақсадида боғда Artel компанияси томонидан микрокутубхоналар очилганди. Бу ерга ташриф буюрувчилар вақтларини мазмунли ўтказиб, китоб мутолааси билан машғул бўлишаётганди. Улар ўқиган китоблари ўрнига ўқимаганларини олишлари, маънавияти ва дунёқарашларини янада бойитишлари мумкин эди. Таассуфлар бўлсинки, бир тўда безорилар қутичаларнинг анчасини синдириб, уларнинг ичидаги китобларни ўғирлаб кетишди…
Германия Европанинг ҳавоси энг тоза-беғубор давлатларидан бири саналади. У ердаги кўча-хиёбонларнинг саранжом-саришталиги маҳаллий ҳокимиятлар оқилона иш юритишидан, мамлакатда экологик мусаффоликни сақлаш бўйича махсус тартиб-қоидалар ва қонунлар амалиётга татбиқ этилганидан, уларни бузганлик учун махсус жарималар каталоги яратилганидан, жамоатчилик жорий талабларга қатъий риоя қилишидан далолат беради.
Мёнхенгладбах шаҳрида айни турдаги 35 хил тартиббузарлик учун жарималар белгиланган. Масалан, тамаки кукуни ёки кераксиз қоғоз парчаси махсус идишга ташланмаса, 20 евро, кўча чироқлари ўрнатилган устунга ёки ҳайкал устига сабабсиз чиқилса, 14 евро миқдорида жарима қўлланилади. Ҳатто кўчаларда ухлаб қолганлар ҳам, итини алоҳида ажратилган майдончаларда сайр қилдирмаганлар ҳам тегишли тартибда жаримага тортиладилар.
Эҳтимол, бизда ҳам шундай тамойилларни жорий этиш фойдадан холи бўлмас. Бу – биринчидан. Иккинчидан, авваллари ҳар қайси маҳалланинг кайвони отахонлари ва онахонлари бўлган. Улар ҳаммани тартиб-интизомга чорлаб турган. Кези келганда, кимнидир мақтаган, кези келганда, кимгадир дакки берган. Буни биргина «Суюнчи» бадиий фильми орқали ҳам билиб олиш мумкин. Ҳозир-чи?..
Ҳозир ножўя ишга қўл урган болаларни тартибга чақириш камдан-кам ҳолларда кузатилади. Ёши улуғ боболару момолар ҳам нохуш хатти-ҳаракатларни кўриб, кўпинча ўзларини кўрмаганга олишади. Аниқроғи, «Ота-онаси бор, менга нима?» қабилида иш тутишади. Бу лоқайдлик ва бепарволик доимий одатга айланиб бораётгани эса ўта хавфли ва аянчли иллатдир. Назаримизда, машҳур олим Альберт Эйнштейн худди шуни назарда тутиб, «Айрим кишиларнинг золимлиги туфайли дунё хавфли эмас, балки шу золимликларни кўра-била туриб, уни тўхтатмаслик хавфлидир», деган эди.
Зеро, ўтмишда бефарқлик урчиган жамиятлар таназзулга учраган ва келгусида ҳам шундай бўлиши табиий. Масалага шу нуқтаи назардан ёндашганда, ёзувчи, шоир ва драматург Бруно Ясенский «Душмандан қўрқма, у нари борса, сени ўлдириши мумкин. Дўстингдан қўрқма, у қийинчиликда сени сотиши мумкин. Сен лоқайд кишидан қўрқ, у сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, лекин қотиллар ва сотқинларнинг қилмишларига жимгина рози бўлади», деб бежиз айтмаган. Бу билан лоқайд кишилар ўлимни ҳам, сотқинликни ҳам тўхтата олмайди деган фикрни илгари сурган. Жамиятда бундай иллатнинг урчиши эса ушбу қабиҳликлар авж олишига кенг йўл очади.
Биз буни асло унутмаслигимиз, барча соҳаларда, айниқса, ёшлар таълим-тарбиясида зинҳор-базинҳор лоқайдликка берилмаслигимиз керак!
Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА,
«ISHONCH»
