Яқинда эълон қилинган «Ер ости чучук сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасида 7 вилоятдаги баъзи ҳудудларда ер ости чучук сувларига қудуқ бурғулаш ва сувдан махсус фойдаланишга рухсатнома бериш бўйича мораторий жорий этилиши кўзда тутиляпти.
Ҳа, бу бежиз эмас, албатта. Қурғоқчиликнинг йил сайин шиддатли тус олаётгани боис сувга бўлган талаб кескин ошиб кетди. Самарқанд вилоятида ҳам тоғ ва тоғолди ҳудудларида кўплаб булоқлар қуриган, борлари эса маҳаллий ҳокимликлар қарори билан фуқароларнинг хусусий мулкига айлантирилган. Нурота тоғ тизмасига кирувчи Оқтовда расмий ҳуқуққа эга булоқ соҳиблари оз эмас. Лалмикор Қўшработ туманида ҳам аҳвол шу.
– Илгарилари бутун қишлоқ бир жилғадан сув ичиб, битта ҳовуз сувидан экин-тикин қиларди, – дейди қўшработлик Шакарбой Эшбеков. – Ҳокимликларнинг рухсати билан булоқларга эга бўлганлар сувни елим қувурларга солиб, тортиб кетишди. Жилғалар қолмади. Сув чиқадиган минглаб кўзлар қуриб, наботот оламига катта зиён етди. Одамлар ер қаъридан сув тортиб, тирикчиликнинг янги манбаини ахтаришга тушди…
Бир қатор қишлоқлар аҳлининг айтишича, туманда ер ости сувлари сатҳи 5 метрдан 25 метргача тушиб кетган. Сув истеъмолчилари сафига фермер хўжаликлари қўшилгач, сув янада тезроқ пастлай бошлади.
– Илгари қишлоқни биттагина чашма сув билан таъминларди, – дейди Учоғоч қишлоғида яшовчи Ш.Отақулов. – У қуригач, одамлар қудуқдан фойдалана бошлади. Фермерларнинг қақроқ ерларни ўзлаштириши бошланганидан сўнг қудуқларимиз ҳам сув бермай қўйди. Тирик жонмиз-да, сув янада чуқурроқдан кавлаб олина бошланди. Энди ундаги сув сатҳи ҳам ўйнаб турибди.
Шу атрофдаги «Ниҳол майсазори» фермер хўжалиги далаларини кўздан кечирамиз. Субсидия асосида 30 гектар майдонда ток экиб, кўкартирган миришкорларнинг ҳам кайфияти жойида эмас. Сабаби – айни ҳосилга кирган токзорнинг катта қисми қовжираб қолган. Аномал иссиқ токларнинг тинка-мадорини қуритиб қўйган. Деҳқонларнинг айтишича, томчилатиб суғориш ток қаламчаларини ўтқазиш ва кўкартириб олишгагина асқотаётган экан. Энг ачинарлиси, катта сарф-харажат талаб қиладиган томчилатиб суғоришга мўлжалланган елим шланглар тезда ишдан чиқар экан. Ёндош ҳудуддаги 182 гектар майдонда деҳқончилик қилаётган «Жамол Исмоил боғлари» фермер хўжалиги жамоасига қарашли дала саҳродаги бўстонни эслатади. Наманган вилоятидан келган 5 та оила вакиллари 5 гектардан ер олиб, ҳақ тўлашнинг 50х50 фоиз услубида қовун-тарвуз экишган.
– Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг турли туманларида деҳқончилик қилиб кўрганмиз, – дейди наманганлик меҳмон деҳқонлардан бири. – Аммо бу ерда сув сарфи бениҳоя кўп. Ер қумоқ. Полиз экинлари сувни бошқа ҳудудлардагидан кўра 5-6 маротаба кўп талаб қиларкан. Қолаверса, қанча уринмайлик, пишиб етилган ҳосил майда. Шу чоққача ҳар бир оила 60 миллион сўм атрофида сарф-харажат қилдик. Сув артезиандан олингани боис электр энергиясига кўп пул сарфлаяпмиз.
Фермер хўжалигига қарашли ерни чўлланиб қолишдан сақлаш учун 9 та артезиан қудуғи туну кун ишлатиляпти. Акс ҳолда, шунча меҳнат ҳавога учади.
Фермер хўжаликлари тасарруфидаги битта артезиан қудуғи қишлоқлардаги 10-15 хонадон истеъмол учун чиқариб олаётган сув ҳажмидан ҳам ўн чандон кўп. Вилоят кенгаши сессияларининг бирида соҳа мутасаддиси Қўшработ туманида айни чоғда 7 минг гектар, 2023 йилда эса 10 минг гектар майдондаги токзор ҳосил бериши, 15 минг одам иш билан таъминланишини айтган эди. Хўш бу майдонларни суғориш учун қанча артезиан қудуқлардан фойланиляпти? Бир пайтлари 24-35 км3 ташкил этган табиий ер ости сув ресурсларимизнинг айни чоғдаги миқдори, қуввати қанча? Умуман, қудуқ қазиш, ундан фойдаланиш билан боғлиқ қатор саволларга жавоб излаб «Ўзбекгидрогеология» ДУКка қарашли Зарафшон гидрогеология станциясида бўлдик.
– Қўшработ туманида субсидия асосида фаолият юритаётган 30-40 та фермер хўжалигига артезиан қудуқлар қазишга рухсат берганмиз, – дейди Зарафшон гидрогеология станцияси бошлиғи Баҳодир Сайфиддинов. – Артезиан қудуқлар оралиғидаги масофа 300 метрдан кам бўлмаслиги керак. Туманда қанча қудуқ борлиги ҳақида бизда бошқа ҳисоб йўқ.
Тизим мутасаддиларининг айтишича, 35 гектар майдонни артезиан қудуқлари орқали суғоришга рухсат берилган. 2021 йилда бу тартиб ўзгартирилиб, ҳар 10 гектар майдонга 1 та чуқур қудуқ қазишга рухсат бўлган. Шундан сўнг ер остига росмана «ҳужум» бошланган эмиш. Шу идорага хизмат сафари билан келган Давлат геология қўмитаси рухсат бериш тартиб-тамойиллари бўлими бош мутахассиси Аслиддин Алимов билан мулоқот қилдик.
– Кейинги йилларда қўлбола бурғулаш ускуналар билан қудуқ қазиш авж олиб кетди, – дейди у. – Аслини олганда, бурғу қудуғини қазиш учун гидрохулоса олиниши лозим. Унда ер ости сув миқдори, захираси, қанча масофагача қазиш мумкинлиги хусусидаги маълумотлар тақдим этилади. Сув сатҳининг тушиб кетишига ўзимиз сабабчи.
Осмонга булут чиққанида шодланганидан дўпписини осмонга отадиган қўшработликларга осон эмас. Даштликлар сувнинг қадрини яхши англайди. Бир туп ниҳолини челаклаб суғориб келган халқ.
– Бизда экин саралаб экилади, – дейди Эсиргап Эгамов. – Томорқага энг зарур, рўзғорда кунда ишлатиладиган маҳсулот уруғини қадаймиз. Қудуқлар ҳуда-беҳуда ишга тушмайди. Катта электр энергияси талаб этадиган қудуқларни пайдар-пай ишлатишга ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтаравермайди. Бизга ичимлик сув ва заруратга лойиқ сув бўлса, кифоя.
Сув – ҳаёт-мамот масаласи. Бугунни ўйлаб, сувни меъёридан ортиқ ишлатиш тўғри бўлармикан? Оқибати ўйланмай қилинган ишлар, қуриб қақшаб қолган боғ-роғлар Қўшработда оз эмас. Мавжуд 39 минг гектар ердан халқ билан бамаслаҳат фойдаланса бўлмайдими? Бунинг учун эса одамлар орасига кириш керак. Ҳудуд муаммоси соя-салқинда ўтириб ҳал қилинмайди!
Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»
