24 нафар ходимга кечкивақтдаги фаолияти учун қўшимча тўловлар тўланилишига эришилди
Шу йилнинг бошидан буён Республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилояти минтақавий филиалининг 24 нафар ходимига кечки вақтда ишлагани учун қўшимча пул маблағлари тўланмай келинган.
Ваҳоланки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасида имзоланган тармоқ келишувининг 4.15-бандига кўра «кечки смена» ёки «кечки вақт» учун ходимлар ҳисобига қўшимча пул маблағлари тўлаб борилиши керак.
Ушбу ҳолат Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилояти кенгаши режасига мувофиқ ўрганиш ўтказилганида маълум бўлди.
Аниқланган камчиликни бартараф этиш юзасидан иш берувчи номига кўрсатма хати киритилди. Қонуний ҳақлар ундирилиб, 24 нафар ходимга жами 6 миллион 552 минг 468 сўм миқдоридаги пул маблағлари жорий йилнинг январь ойидан ўрганиш кунига қадар қайта ҳисоб-китоб қилиниб, тўлаб берилди. Шунингдек, мазкур турга мансуб қўшимча маблағлар ходимлар ҳисобига доимий равишда тўлаб борилиши йўлга қўйилди.
Абдураҳим АЛБЕКОВ,
Соғлиқни сақлаш ходимлари
касаба уюшмаси Республика кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори
