Асрларга тенгдош гужумлар қани?

239

Азал-азалдан Хоразм элида, ота-боболаримиз ўз уйлари атроф­ларига, ариқлар, ҳовузлар, катта каналлар қирғоқлари ва йўл ёқаларига қайрағоч (бу дарахтни хоразмликлар «гужум» ёки «қаромон» ҳам дейишади) экиб, ўстириб келишган. Ёзнинг жазирама иссиқ кунларида одамлар гужумларнинг қуюқ соясида дам олишган. Ўтган асрнинг 70-80-йилларида Хоразмда бир асрдан ошган гужумлар ниҳоятда кўп эди.

Лекин пахта экиладиган майдонларни кенгайтириш мақсадида улар аёвсиз кесиб, қўпориб ташланганига ўзимиз ҳам гувоҳ бўлганмиз. Ҳозир Хоразмда 100 ёшдан ошган гужумларни деярли учратмайсиз.

Яқинда хоразмда яшовчи Ёқутжон опам менга қўнғироқ қилиб, дарвозахоналари олдида ўсиб турган гужумнинг барглари бирданига оқариб, қуриб тўкилганини айтиб, сақлаб қолишнинг бирон чораси борми, деб сўради…
Хўш, нега айнан қайрағоч (гужум) дарахтларининг барглари баҳор ёки ёз ойларида қуриб тўкилмоқда?
Қайрағочларни азим пойтахтимиз Тошкентда кўпам учратавермайсиз. Яқинда «Яланғоч ота» қабристони ёнидаги кўп қаватли уйлар атрофида, «Экобозор»га яқин жойда 3-4 туп қайрағочни кўриб, очиғи, ҳайратландим. Дарахтларнинг яқинига бориб қарасам, худди Ёқутжон опам айтганидек, барглари оппоқ бўлиб, қовжираб тўкилган экан. Баргларни қўлимга олиб, разм солдим, жуда майда, кўз илғамас қорамтир нималардир бордек. Балки булар баргларнинг замбуруғ касаллигидир. Ёки экологик омиллар таъсирида пайдо бўлган бирон-бир касалликмикан ёки фақат айнан қайрағоч баргларини ейдиган ҳашоратлармикан? Буни мутахассислар аниқлаб, ечимини топишлари керак.
Хоразмдаги уйимизда бобом эккан гужумлар ҳамон ўсиб турибди. Раҳматли отам уларни кўз қорачиғидай асрар эди. Яқин атрофдаги далаларда ишлайдиган аёллар борми, тракторчилар борми, бригадир борми, ким бўлишидан қатъи назар, ёзнинг иссиқ кунларида гужум тагида роҳатланиб ҳордиқ чиқариб, чой ичиб кетишарди. Гужумни эккан бобомни эслаб, дуо қилишарди. Кейинчалик бир офат пайдо бўлди, яъни гужумимизнинг йўғон танасини катта мўйловдор қўнғизлар кун сайин кемира бошлади. Улар тез кўпайиб борарди. Илгари Хоразмда бундай ҳашорат учрамас эди. Отам мутахассислар билан учрашиб, шуни аниқладики, бу очофат қўнғизлар четдан келган экан. Хоразмда уй-жой қурилиши учун ёғоч асосан Россиядан келтирилган. Ёғочлардаги қўнғиз личинкалари, ғумбаклардан ривожланган қўнғизлар бизнинг иқлим шароитга тез мослашиб, асрга тенгдош гужумларга қирон келтирган эди. Отам гужумларни бир неча бор кимёвий воситалар билан дорилатди, лекин фойдаси бўлмади. Улар қуриб қолди.
Мана, орадан салкам 30 йил вақт ўтиб, бугун гужумимиз томирларидан униб чиққан ниҳоллар яна қуёшга бўй чўзмоқда.
Кейинги йилларда одамлар негадир гужум экмай қўйишди. Шаҳар ва хиёбонларга Хоразм иқлим шароитига умуман мос келмайдиган манзарали дарахтларни экиш урф бўлган. Маълумки, Хоразмнинг иқлими иссиқ, тупроғи шўр, тоғлар йўқ. Арча дарахтини ниҳолидан ёки уруғидан экиб кўпайтириб бўлмайди. Арча фақат тоғларда, тоғолди ҳудудларда ўсади. Бундан бир неча йил илгари Хоразмга борганимда, Урганч шаҳридаги йўлак­лар, касалхоналар, ­хиёбонлар, аҳоли дам оладиган масканларга, ҳатто, Боғотдан то Хонқагача бўлган асфальт йўл бўйларига экилган арча кўчатларини кўриб, жуда ачинганман. Арча ниҳолларининг аксарияти сарғайиб, қуриб қолган эди. Агар ўша йиллари ўша жойларга қайрағоч, мажнунтол, қоратол, терак каби дарахт кўчатлари ўтқазилганда эди, улар бугун серсоя дарахтларга айланган бўларди.
Ҳалиям кеч эмас, ҳар бир ҳудуднинг иқлим-шароитидан келиб чиқиб, ўша жойда ўсадиган дарахт турларининг кўчатларини ўтқазсак ёки уруғларидан экиб кўпайтирсак, мақсадга мувофиқ бўларди.
Яшиллик оламининг ҳам ўз табиий қонунияти бор, инсоният уни асло бузиб, ўзгартира олмайди. Аксинча, қилинган машаққатли меҳнатлар, сарфланган миллионлаб маблағлар самарасиз, исроф бўлиб қолаверади. Бепоён чўллар, қум саҳроларида ўсадиган жузғун, оқ саксовул, қуёнсуяк, селен каби ўсимлик ва дарахтлар борки, уларни ҳарчанд уринмайлик, баланд тоғларда асло ўстириб бўлмайди. Улар фақатгина юқори ҳароратли қумларда яйраб ўсади. Турли арчалар, бодом ва дўланалар эса тоғ-у тошларда илдиз отган яшил мўъжизалардир. Улар шу иқлим шароитга миллион-миллион йиллар давомида мослашиб борган.
Бугун Ёқутжон опам қувонч билан қўнғироқ қилди. Айтишича, қовжираб қолган гужум яна кўм-кўк бўлиб, янги барглар чиқариб, яшнаб кетибди. Бу хабардан сўнг эртаси куни ҳув ўша «Яланғоч ота» қабристони ва «Экобозор» яқинидаги қайрағочларни кўргани бордим. Улар ҳам кўм-кўк янги барглар чиқариб, кўкка бўй чўзмоқда экан. Буни кўриб, Яратганга беҳисоб ҳамдлар айтдим.

Марҳамат МАТВАФАЕВА,
биология фанлари номзоди