Факт. ДТМнинг mandat.dtm.uz сайтидаги очиқ маълумотларга кўра, жорий йилда 1 миллион 73 минг 821 нафар абитуриент олий ўқув юртларига кириш учун тест топширган. Шундан 550 минг нафари (51,2%) ўтиш баллининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 баллни ҳам тўплай олмаган.
Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Халқ таълими вазирлиги ҳолат юзасидан билдирган расмий муносабатида фикр-мулоҳазалар жуда ўринли эканини таъкидлаб, муҳокама қилинаётган кўрсаткичлар барча тест синовларида қатнашган 1 миллиондан зиёд абитуриентнинг натижалари эканига урғу берди.
Вазирлик баёнотида 2022 йилги тест синовларида иштирок этган жами абитуриентларнинг 386 523 нафарини мактабни шу йил тамомлаганлар, 810 мингдан ортиғи касб-ҳунар мактаблари, академик лицейлар битирувчилари ҳамда аввалги йилларда олий таълим муассасаларига ўқишга киролмаган ёшлар экани айтиб ўтилган.
Муносабатда келтирилишича, 2021 йилда битирувчиларнинг ўртача балли (самарадорлик кўрсаткичи) 2020 йилга нисбатан 69,8 баллдан 74,9 баллга, яъни 5.1 баллга ошган.
Паст натижа кўрсатган (56,7 баллдан кам) битирувчиларнинг улуши 2021 йилда 2020 йилга нисбатан қарийб 13 фоизга ёки 35 232 нафарга камайган. Жумладан, 2020 йилда 56.7 баллдан паст натижа кўрсатган битирувчи-ўқувчилар 138 780 нафар (46 %)ни, 2021 йилда эса 103 548 нафар (33 %)ни ташкил қилган.
“Албатта, ҳозирги кундаги мактаб битирувчиларининг билими ва кўникмалари паст эканини қайд этиш керак. Ҳозирги кунда мактаб таълимида таълим мазмунини янгилаш ҳамда педагогларнинг малакасини ошириш бўйича бошланган қадамлар секин-асталик билан битирувчиларнинг даражасига ижобий таъсир кўрсатади, деб ўйлаймиз. Шуни ҳам таъкидлаб ўтишни истардикки, ҳозирги вақтда Халқ таълими вазирлиги томонидан ДТМ билан ҳамкорликда битирувчиларнинг мактаб якуний давлат имтиҳонлари натижаларига кўра олий таълим муассасаларига киришини ташкил этиш, имтиҳонларни унификациялаштириш борасида ишлар олиб борилмоқда”, – дея хулоса қилинган хабарда.
Мулоҳаза. Болаларимизнинг илмсизлигида асосан ўқитувчини айблаймиз. Тўғри, шолига қўшилиб курмак ҳам сув ичганидек, шунчаки кунни ўтказиб, маошини олиб юрган ўқитувчилар ҳам йўқ эмас. Бундайлар нафақат таълим, балки бошқа соҳаларда ҳам бор. Лекин ўз ишини қадрлайдиган, заҳматкаш, инсофли, ёш авлод таълим-тарбиясига масъулият билан ёндашадиган ўқитувчилар ҳам кўп эканини унутмаслик керак.
Аслида, ўқитувчининг яхши дарс ўтмаслигига жиддий сабаблар бор. Ана ўшалар таълим сифатига салбий таъсир кўрсатяпти ва унинг оқибатида ўқитувчилар айбсиз айбдорга айланиб қолмоқда. Бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз.
Бу йилги тест синовларида юзага қалқиб чиққан натижа ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмади. Ўқитувчи-ю ўқувчининг боши эгатлардан кўтарилмаган, мажбурий меҳнат, қоғозбозликдан бўшамаган йиллар, таълим соҳасида олиб борилган “кенг кўламли ислоҳотлар” натижаси бу. Аммо… Танганинг икки эмас, уч томони борлигини унутмайлик. Масалага тепароқдан туриб қарасак, аҳвол ваҳима қилаётганимиздек эмаслиги ойдинлашади.
Яширишнинг ҳожати йўқ – авваллари ўқишга киришнинг турли “усул”лари бор эди. Ўша кезларда ҳақиқий илми-толиблар қолиб, мактабни аранг тамомлаган, юқорида катта таниши бор, отаси бой “иккичи”ларнинг ошиғи олчи эди. Аччиқ бўлса-да, ҳақиқат бу.
Ўрни келганда, битта мисол келтирсам. 2011 йили олий ўқув юртига ўқишга ҳужжат топширдим. 110 баллнинг нари-берисида талаба деган номга мушарраф бўлдим. Ўша пайтда кириш баллининг энг юқориси, адашмасам, 207 балл эди. Тасаввур қиляпсизми, учта фандан шунча балл тўплаш учун қанчалар билимли бўлиш керак?
Ўқиш бошланиб, гуруҳимиздаги ўша “даҳо” билан яқиндан танишдим. Ўзимизга ўхшаган оддий одам экан. Тўрт йил давомида унда бирон-бир ноёб қобилият сезганим йўқ. Энг қизиғи, ҳозир ўша “даҳо” онаси билан бозорда аёллар кийимини сотяпти.
Хўш, ўша йиллар оралиғида “бункер-бункер” ўйнаб, 200 дан юқори балл тўплаб, ўқишга кирган “даҳо”лар ҳозир қаерда?
Аслида, аввал ҳам таълим сифати яхши бўлмаган. Ҳозирги биз ор қилаётган “натижа” эса бир-икки йилдан буён ДТМ анча ҳалолроқ ишлаётганидан, олий таълим тизимида коррупцияга курашилаётганидан, ўқишга киришнинг чиркин “усул”ларига барҳам берилаётганидан далолат. Кишини умидлантирадиган яна бир муҳим мужда шуки, кўпчилик боласининг билимига жиддий эътибор бера бошлади. Умуман, бугун бу борада қарашлар ўзгарди.
Хулоса. Хўш, энди нима қилмоқ керак?
Энг аввало, ўқитувчи ва мураббийларнинг қадр-қиммати, шаъни, ғурури, мақомини тиклашимиз, ойлик маошларини кўтаришимиз шарт. Уларни ортиқча қоғозбозлик ва ваколатига кирмайдиган ҳар қандай вазифалардан озод этиш зарур. Бусиз ислоҳотлар кутилганидек ижобий самара бермайди. Хуллас, чиқарилаётган қарорлар қоғозда, айтилаётган гаплар ҳавода қолмасин. Ана шунда на ота-она ва на ўқувчи ўқитувчига ҳурматсизлик қила олади…
Иккинчидан, зудлик билан синфдаги ўқувчилар сонини қисқартириш лозим. Бундан буён бир хонада 45 та болани ўқитиб бўлмайди. Икки-уч сменада шунча болага дарс ўтиш учун ўқитувчи темирдан бўлиши керак, назаримда…
Бу муаммони ечишнинг бирдан-бир йўли – янги мактаблар қуриш. Буни бюджет кўтармайди, дея пайсалга солишнинг ҳожати йўқ! Зотан, бизга ҳозир турли осмонўпар бинолару ситилардан кўра шу муҳимроқ. Буни амалга оширмасак, аҳвол эски ҳаммом, эски тослигича қолаверади.
Учинчидан, кадрлар масаласини қайта кўриб чиқиш жоиз. Бугун мактабларда ёши бир жойга бориб қолган устозлар жуда кўп. Адолат нуқтаи назаридан айтиш лозимки, ёш ва билимли ўқитувчилар бир четда қолиб, мана шуларга узоқ йиллар соҳада ишлаб келяпти деб кўпроқ дарс соатлари берилмоқда. Бундан буён мактабларда ёш ва умидли, салоҳияти баланд устозларгина тўлиқ ставкада фаолият юритсин. Эскича дунёқарашда қотиб қолган, ўзгаришларни хушламайдиган, ҳаммани ўзининг йўриғига юргизадиган, ҳар гапининг бирида “кўп йиллик директор”лигини пеш қиладиган отахону опахон раҳбарлар масаласини ҳам қайта кўриб чиқиш керак.
Мана шу учта муҳим масалани кун тартибига чиқариш ва унинг ижросига зудлик билан киришиш лозим. Зотан, келажак бугундан бошланади. Ана шундагина таълим тизимимизга ойна тутилган кезларда ҳозиргидек уялиб қолмаймиз.



