Бугун мобил қурилмалар замони. Қўл телефонисиз ишимиз ҳам битмайди, кунимиз ҳам ўтмайди. Айниқса, керакли вақтда ўчиб қолса, хунобимиз ошиб, олди-ортимизга қарамай, тезроқ тўлов қилиб, уни “ёқиш” пайида бўламиз. Аммо ҳозир аксарият мижозлар ойлик тарифларга ўтган. Бунинг қулайлиги ҳақида гапириб ўтирмайман. Чунки мени ёзишга ундаган бутунлай бошқа бир муаммо.
Яқинда юртимизнинг йирик телефон компанияларидан бири – Mobiuz ойлик тўлови 75000 сўмдан кам бўлган тарифларга уланган мижозларини кунлик тарифга ўтказиб қўйди. Шахсан менда ва бир қанча танишларимда ҳам шундай бўлди. Бунинг ноқулайлиги шундаки, сизга бир ой бериладиган дақиқа, смс ва мегабайтлар 30 ёки 31 кунга бўлиниб, кунлик бериб борилади. Агар сиз кунлик белгиланган мегабайтларни ишлатиб бўлсангиз, кейинги ишлатган мегабайтлар учун тўлов ҳисобингиздаги пулдан ечила бошлайди ва тез ўтмай телефонингиз ўчади-қолади. Ортиқча ишлатиладиган мегабайтлар нархи қанчалигини билмайман. Аммо бу яхшигина маблағ бўлишига шубҳам йўқ. Тез-тез телефоним ўчиб қолавергач, шундай хулосага келдим.
Шундай қилиб, август ойининг бошида доимгидек 50 мингдан ошиқ пул тўладим. Тарифим ойлик – Mobi50 тарифи эди. Аммо ойнинг ўртасидан ўтгач, телефоним ўчиб қолди. Телефонимни титкилаб, қаердадир сиз кунлик тарифдасиз деган ёзувларни ўқидим ва тушундимки, компания мендан кунлик тўлов ечиб оляпти. Демак, ҳисобимдаги маблағ тугаган ва телефоним ўчган. Шундан сўнг 20 минг сўм тўлов қилдим. Аммо 4 кун ўтиб яна телефоним ўчди. Бу сафар ҳам ҳисобимга озроқ маблағ ташладим. Бироқ икки кундан сўнг яна ўчди ва яна ҳисобимни тўлдиришимга тўғри келди. Хуллас, ана шу йўсинда илгари бир ойда 50 минг-55минг атрофида тўлов қилган бўлсам, август ойи ҳали тугамай туриб 80 мингдан ошиқ маблағ тўладим. Шундай муаммога дуч келган танишларимдан бири компанияга боришимни маслаҳат берди. Бордим. Оператор йигитнинг айтишича, 75 мингдан кам тўлов қилинадиган барча тарифлар кунликка ўтказилибди. Бу ҳақда ҳар бир абонентга СМС хабари юборилган экан.
Хўп майли, СМС хабари юборилибди. Ҳозир қандай билмадиму, аммо олдин тарифимизни ўзгартириш учун ҳисобимизда камида бир доллардан кам маблағ бўлмаслиги лозим эди. Тарифни ўзгартиришимиз билан зарур маблағ ечиб олинарди. Қолаверса, абонент ўзи хоҳласа бирор тарифга ўтади, хоҳламаса йўқ. Компанияда вазиятга бироз аниқлик киритгандек бўлдим. Абонентларга эски Mobi 50 тарифи ёпилаётгани боис янги Mobi 50+га ўтишларини сўраб СМС юборилган экан. Аммо кўпчилик уни ўқимаган ёки эътибор қилмаган. Шунда компания ўзи турли вақтда абонентларини янги тарифга ўтказа бошлаган. Бироқ кўпчилик бу ҳолатга тайёр бўлмаган ва ҳисобини тўлдирмаган. Ҳатто нега бундай бўлаётганини тушунмаган ҳам. Қолаверса, юртдошларимиз ойни бошида ҳам эски тариф бўйича тўлов амалга оширишган-да. Янги тарифга ойлик тўлов қилинмагач, абонентлар автоматик кунлик тарифга ўтказилган. Натижада эса юқорида айтганимиздек, белгиланган дақиқалардан ёки мегабайтлардан ортиқ ишлатилганига бошқа нархларда ҳисоб-китоб қилиниб, абонентларнинг телефони тез-тез ўчиб қолмоқда.
Компания эса одамларга ортиқча ноқулайлик келтираётган бу ҳолат юзасидан “Кунлик тариф сизга маъқул бўлмаса, *111*000*1# рақамларни териш орқали мазкур тарифни блоклаб, янги тарифга ўтиб олинг” мазмунида хабар юборгани йўқ. Ваҳоланки, миллионлаб одамлар бунинг ортидан ортиқча чиқимдор бўлишмоқда. Шундай пайтда бўлса-бўлмаса танишувлар, ёқимли мусиқалар ҳақидаги хабарларни юбориб турадиган компания бўлаётган ҳолат юзасидан ўз абонентларига қайта-қайта СМСлар юбориб, юзага келган тушунмовчиликни тезроқ бартараф этиш ҳақида ўйласа бўлмайдими?
Ушбу ҳолатда истеъмолчилар манфаати зарар кўрмоқда. Айниқса, ёши катта мижозлар қачоки фарзандими, набирасими, операторга қўнғироқ қилиб, сабабини билиб, керакли рақамларни териб, кунлик тарифни блокламагунча асраб қўйган пенсиясидан тўлаб юраверади. Қанча одамларнинг телефони аллақачон ўчиб, ҳали қайта ёқишга маблағи ҳам бўлмагандир? Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ёки бошқа масъул ташкилотлар бу тушунмовчиликнинг тагига етса, мижозлар номидан Mobiuz дан жавоб сўраса бўлмайдими?
Биз эса “Ўйинни ҳалол ўйнанг, ҳурматли “Mobiuz”чилар!” деб қоламиз.
Зебо Музаффарова
