Яқинда Гулистон шаҳрида гуллар фестивали бўлиб ўтди. 2018 йилдан буён ўтказиб келинаётган тадбирнинг бу галгиси кўпчиликни ранжитгани рост.
Биринчидан, фестивалга қўйилган табиий гуллар сони ва тури жуда кам. Майдондаги безакларнинг аксари сунъий. Ландшафт-дизайнерлик ишлари ҳам саноқли. Бу ҳам етмаганидек, аввалги йиллардаги безаклар бу йил ҳам қайта намойишга қўйилган.
Иккинчидан, безаш ишларида иштирок этаётган ташкилотлар бу ишга ўз ёнидан маблағ сарфлаган ёки мактабгача таълим ташкилотлари ҳовлисидаги безаклар кўчириб келтирилган. Хусусан, вилоятнинг мактабгача таълим ташкилоти ходимлари бозордан 800 минг сўмга гул сотиб олганини рўй-рост айтишяпти.
Хуллас, хўжакўрсинга ташкиллаштирилган фестивалнинг мақсад-муддаосини ҳеч ким тушунгани йўқ. Гулистонликларни ҳайратга солмаган мазкур тадбир сайёҳ ва туристларни мафтун қила олишига сира кўзим етмайди. Ваҳоланки, мутасаддилар бу фестивални сайёҳлар оқимини кўпайтириш, туризмни ривожлантириш йўлидаги навбатдаги тадбир, дея ахборот беришмоқда.
Муҳаммадкарим АБДУМУМИНОВ,
санъатшунос
