Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманидаги кўпқаватли замонавий уйлар ёнида 2019 йили «Ёрқин ҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғинининг мўъжазгина биноси қад ростлади. Уни кўриб, шу ҳудуддаги «Спутник – 16-А» мавзеси аҳолиси беҳад қувонди. Бироқ кўпчиликнинг шодлиги узоққа чўзилмади. Чунки орадан икки йил ўтар-ўтмас, «Спутник – 16-А» мавзеси «Хушнуд» МФЙ тасарруфига ўтказилди. Йиғиннинг янги оқсоқоли Орифжон Алиқуловнинг айтишича, бунга Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори асос бўлган.
Айни пайтда ушбу мавзе аҳолисининг аксарияти «Хушнуд» маҳалла фуқаролар йиғини идораси қаердалигини билмайди. Қариялар ва ёш болали аёллар анча наридаги идорага бориш учун светофор ўрнатилмаган, алоҳида белгиланган жой йўқ. Қипчоқ кўчасидан ҳаётларини хатарга қўйиб ўтишга мажбур бўлишмоқда. Устига-устак, йўл четида пиёдаларга мўлжалланган йўлаклар ҳам йўқ.
Яна бир гап. Жорий йил бошида бу кўчага чироқлар ўрнатила бошланди-ю, ярмига етганида тақа-тақ тўхтади. Ана шунинг оқибатида одамлар тунлари ёритилмайдиган 700 метрлик масофани туртиниб-суртиниб, минг бир қийинчиликда босиб ўтишмоқда.
Тўғри, ҳудудда ҳозир ҳам бунёдкорлик ишлари давом эттирилмоқда. Жумладан, еттита тураржой биноси, ҳарбийларга мўлжалланган иккита етти қаватли «яшил уй» қурилди. Ўз-ўзидан аёнки, аҳоли гавжум жойда жамоа транспортига эҳтиёж кучаяди. Лекин бу мавзеда аҳён-аҳёнда қатнайдиган 184-автобусни кечқурун соат олтидан кейин кутиш бефойда. Бинокорлар мавзесидан келувчи 66-автобус ярим соатда бир кўриниш берса-берадики, бўлмаса, йўқ. Қипчоқ кўчасидаги янги уйлар томонига ҳалигача бекат қурилмаган.
Маҳалла раисининг жамоат транспортларини кўпайтириш юзасидан тегишли ташкилотларга қилган мурожаатлари жавобсиз қолди. Унинг йўлга светофор ўрнатиш ҳақидаги таклифи ҳам инобатга олинмади.
– Аҳоли бўш вақтини мазмунли ўтказиши, жисмоний тарбия билан шуғулланиши учун имкониятларимиз етарли эмас, чунки спорт майдончасига ўрнатилган жиҳозларнинг кўпи синиб-бузилиб кетди, – дейди шу мавзеда яшовчи Дилмурод Пиримқулов. – Ажабланарлиси, бошқа мавзелар тобора обод бўлиб бораётган бир пайтда, чеккароқда бўлганиданми, бизнинг мавзеда ижобий ўзгаришлар сезилмаётир.
Президентимизнинг 2021 йил 19 июндаги «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига кўра, 2022 йил 1 июлга қадар юртимиздаги кўп квартирали бинолар жойлашган ҳудудлар очиқ танлов ўтказиш йўли билан бошқарувчи ташкилотларга бириктириладиган бўлди. Уларнинг зиммасига шартномаларга биноан барча кўп квартирали уй-жойларни бошқариш, шунингдек, якка тартибда қурилган уйларга, мулкчилик шаклидан қатъи назар, ташкилотларга (объектларга) коммунал ва авария вазиятларини бартараф этиш хизматларини кўрсатиш, тегишли ҳокимлик билан тузилган шартнома асосида ҳудудни кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва бошқа бир қатор вазифалар юклатилди.
– Шундай бўлишига қарамай, бизнинг мавземиз аҳолиси бу тузилмага қўшилмади, – дейди Ислом Матчонов. – Чунки уй-жой учун белгиланган мажбурий бадаллар анча қиммат, уй эгаллаган майдонга қараб, ўртача 70-80 минг сўмга тўғри келар экан. Хонадонлар соҳиблари уни тўлашга рози бўлишмагани сабабли янги ташкилот ўз фаолиятини тўхтатди.
Табиийки, одамлари бирлашмаган, инфратузилмаси яхши ривожланмаган мавзе ёки маҳаллани обод гўшага айлантириш даргумон. Масалага шу нуқтаи назардан ёндашганда, «Спутник – 16-А» мавзесида ҳали қилинадиган ишлар кўп. Аввало, мактаб, сайилгоҳ, автобус бекатлари, пиёдалар йўлакчалари қуриш, йўлга светофор ўрнатиш лозим. Энг муҳими, бу мавзе шаҳар четида жойлашгани боис мутасаддилар эътиборидан четда қолиб, ўгай ҳудудга айланиб қолмаслиги керак.
Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА
«ISHONCH»



