Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида пойтахтимиздаги ахборот воситаларида фаолият кўрсатаётган ижодкорлар ўртасида шахмат бўйича мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган турнир ташкил этилди.
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Тошкент шаҳар бўлими, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда «Китоб маркази – китоб дунёси» тармоқ савдо маркази кўмагида ўтказилган турнир швецарча тизимда 7 партиядан иборат бўлди. Унда 30 нафарга яқин журналист ва ижодкор ўзаро кураш олиб бордилар.
Шунингдек, мазкур мусобақа доирасида талабалар турнири ҳам уюштирилдики, бу, бўлғуси журналистларда шахмат спортига бўлган эътиборни оширди.

Муросасиз баҳсларнинг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, 1-ўрин «Қишлоқ ҳаёти» газетаси бош муҳаррир ўринбосари Ҳабиб Темировга насиб этди. 2-ўринни пойтахтимиздаги 54-мактаб маънавият тарғиботчиси Талъат Примов эгаллади. 3-ўрин «Ренессанс ТВ» канали мухбири Суҳробжон Аввалбоевга насиб этди.
Таниқли журналист, ёзувчи, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳаммад турнирда «Энг фаол иштирокчи» сифатида эътироф этилди.
Байрамона тарзда ўтган мусобақа жараёнида университетда таҳсил олаётган талабалар устоз журналистлар касб маҳоратининг сир-асрорлари хусусида фикрлашди. Айниқса, тадбирга соҳир овоз соҳиби – Шуҳрат Дарё томонидан куйланган қўшиқлар ўзгача руҳ баҳш этди.

Мусобақалар якунида ғолиб ва совриндорлар, баҳсларда ўз маҳоратини намойиш этган бир гуруҳ ижодкорлар ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Энг эътиборлиси, турнирда ғолибликни тантана қилган журналистлар диплом, медаль, совғалари қаторида мусобақа низомига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан муомалага киритилган 5 граммлик олтин қуйма танга, 2 ва 3-ўрин соҳиблари эса кумуш қуйма тангаларга мушарраф бўлдилар.



