Янги авлод дарсликлари ўқувчини саводли қилишга қаратилиши шарт

131

Янги ўқув йили бошланиши билан ўқитувчилар ва ўқувчиларда ­дарслик масаласи кун тартибига чиқди. Асосан 6-7-10-синфлар ­дарслиги янгиланган бўлишига қарамай, акс садоси бутун жамиятда жаранглади.

Янги авлод дарсликлари ўртага чиққунига қадар ижара ҳақи муаммоси бир долға кўтарилган эди. Таълим хатога имкон қадар йўл қўймаслик шарт бўлган нозик соҳа ҳисобланади. Бутун миллат келажаги айнан таълимга боғлиқ бўлгани учун ҳам ундаги хато жамиятга қимматга тушади, йилларча ортга кетиши ёки гуркираб ривож­ланишини ҳал қилади. Айни сабабларга кўра таълим иштирокчилари доим диққат марказида туради.
Хўш, таълим тизимида бугун рўй бераётган ва амалга оширилган ишлар, янгиланишлар ҳақида таълимнинг асосий реализатори бўлган ўқитувчилар қандай ­фикрда?
Наманган шаҳридаги 43-мактаб она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Хуршида Нишонова шундай ­дейди:
– Янги авлод дарсликлари бўйича май ойи­­да ўқув-семинар ва тренинг машғулотлари ўтказилди. Тренер-ўқитувчи сифатида таклиф қилинганимда 6-синф она тили дарслигидан мавзу ўқитилди. Сабоқ кечимида она тили дарсининг ҳамма фанлар билан ўзаро боғлангани мени қувонтирди, аммо грамматика, ёзиш саводхонлиги бўйича бирор кўникма ­шакллантирилмаслигини кўриб, ҳайратландим.
– Балки муаллифлар эски услубдан қочмоқчи бўлишгандир?
– Она тилига эски ўқитиш тизими, янги ўқитиш тизими деган доно гапларни киритиш шарт эмас, ҳар қандай дарс­лик, у қайси давлат таълим принципларига асосланишидан қатъи назар, ўқувчини саводли қилишга қаратилиши шарт. Янги авлод дарсликлари эса фақат матн билан ишлаш, ўқувчининг оғзаки нутқини ўстиришга қаратилган, она тили дарслигининг маъновий мундарижасида ёзма нутқ саводхонлигига мутлақо эътибор берилмаган.
– 6-синф мисолида айтганда, адабиёт дарслиги сизни қониқтирдими?
– Таассуфки, адабиёт дарслиги ҳам ҳаминқадар. Матн билан танишаётган ўқувчига матн ўртасида қўшимча савол ва топшириқлар бериш билан боланинг матнни тушуниш малакасини шакллантириш мумкинлигига шубҳам бор. Негаки, бадиий матн мутолаасига киришган ўқувчини айнан бадиий асарнинг сеҳрли жозибаси ўзига тортади. Матнга киришиб ўқиб келаётган болани мутолаадан узиш – у тобора шўнғиб бораётган бадиий оламдан суғуриб олиш дегани. Бадиий матн­дан таъсирланишни бир неча баробар пасайтиради. Матн ўртасида берилган савол ва топшириқлар ўқувчининг матн мазмунини тушунишига ёрдам бериши мумкин, аммо бадиий матн мутолаасидан завқ туйишига халал беради.
Чиндан ҳам, адабиётнинг иш қуроли туйғулар, шу орқали ўқувчига таъсир қилади, унда эзгулик ва ­ёвузлик тушунчаларини тўғри қарор топтиради, маънавий ва ахлоқий сифатларини озиқлантиради.
Ҳар бир соҳада мунтазам ўзгаришлар, янгиланиш­лар бўлиши шарт. Бусиз ривож­ланиш имконсиз, бир жойда туриб қолиш кўлмак каби кишини айнитади. Аммо ҳар бир ўзгариш узоқ ўйланган, пухта тайёрланган, соҳага оид барча жиҳатларни икир-чикиригача инобатга олган ҳолда амалга оширилса, кутилган самарани беради.

Ойхон СИНЧИЕВА