ёхуд ёшини яшаб бўлган симёғочлар қачон алмаштирилади?
Негадир ҳозирги кунда бирор-бир муаммо ҳақида тегишли ташкилотга кимдир ариза билан мурожаат қилса, ўша ташкилот мурожаатни жойига чиқиб ўрганиб, камчиликларни бартараф этиш ўрнига аризачининг номига икки энлик жавоб ёзиш билан кифояланиб қўя қолади.
Бундан ярим йил илгари Наманган шаҳрининг қоқ марказидаги «Шарқ тонги» маҳалласининг Самарқанд кўчасида яшовчи фуқаролар электр симёғочларнинг мутлақо яроқсиз аҳволга келиб қолгани, ёғин-сочинли кунларда, лойгарчиликда бу чириган симёғочларнинг қулаб кетиш эҳтимоли борлиги ва очиқ қолган электр симлари шу ерда яшовчи инсонлар ҳаёти учун хавфли эканидан шикоят қилиб, «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖга мурожаат қилишган эди.
«Чорсу» деҳқон бозорига туташ ҳудудда яшаётган фуқароларнинг аризасида кўрсатилган муаммо, мана, ярим йилдирки, муаммолигича қолмоқда. Улар ёзган аризанинг орқаси бўш қолмасин, деган «яхши ният»да жавоб тариқасида «уста монтёрлар» И.Бозоров ва Ж.Бозоровлар иштирокида тузилган бир энлик далолатнома ташлаб кетилган. Далолатнома
«…ушбу яроқсиз симёғочларни 2022 йилнинг иккинчи чорагида тўғрилаб бериш тушунтирилди. Ҳозирги ҳолатда вақтинча хавфсизлиги таъминланди» деган жумлалар билан якунланган.
Ҳа, шунақа, айрим мурожаатлар қоғозларда ўрганилиб, қоғозлардагина бартараф этилмоқда. Буни «Шарқ тонги» маҳалласининг Самарқанд кўчасида ҳозир ҳам қийшайиб, одамлар устига йиқилгудек бўлиб турган «ошини ошаб, ёшини яшаб бўлган» симёғочлар исботлаб турибди.
Орзугул РУСТАМОВА
«ISHONCH»
