Меҳнат муносабатларидаги халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда

41

Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари конфедерациясининг вакиллари, Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон касаба уюшмалари раҳбарлари Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюришди.
21 сентябрь куни меҳмонлар Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбаева билан учрашди.

Мулоқот чоғида таъкидланганидек, сўнгги йилларда меҳнат муносабатлари тизимида сезиларли ўзгаришлар бўлди, соҳада ташкилий-хуқуқий, қонунчилик ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва энг муҳими, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди.
Учрашувда томонлар меҳнат муносабатларини такомиллаштиришда минтақавий ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ушбу жараёнларда касаба уюшмалари фаолиятини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Хусусан, 2021 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, Кенгашнинг ўтган даврдаги фаолияти давомида қатор тадбирлар амалга оширилгани меҳнат муносабатларини такомиллаштиришда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшди.
Учрашув якунида меҳнат муносабатлари йўналишида ҳамкорликдаги лойиҳаларни фаоллаштиришга келишиб олинди.