Таълимдаги тажрибалар ўзини оқлаяпти(ми?)

76

Моҳият мудом қиёсда очилади. Бирор ҳолатнинг яхши ё ёмонлигини билиш учун, албатта, бу ҳақда тушунча, тасаввур ва тажрибага эга бўлиши шарт. Шу ҳолдагина тўғри хулоса чиқариш мумкин. Акс ҳолда, Абдулла Орипов айтгани каби, кичик кўлмакни бутун дунё деб ўйлаган тилла балиқчага ўхшаб жоҳилликда ўтиб кетиш мумкин.

Ҳозир кун тартибида турган, миллат тақдирини ҳал қилиш даражасида муҳим бўлган дарс­лик масаласида ҳам вазият шундай. Таққосламагунча тўғри ва холис фикр бериб бўлмайди.
Болалари мактабга борадиган ота-оналарнинг янги авлод дарсликлари ҳақидаги фикрлари турлича. Кимдир дизайни, яна биров танланган матнлар, баъзилар топшириқларга урғу бермоқда. Умумлаштириб назар солганда – қониққандан кўра, қониқмаган ота-оналар кўпчиликни ташкил қилади. Ва улар ўз қарашларини шу пайтгача амалда бўлган дарсликлар билан солиштириб далиллайди.
«Дарслик ҳақида мутахассис фикр билдиргани маъқул, у бунинг учун махсус ўқиган» дейишингиз мумкин. Аммо маҳсулот ҳақидаги охирги хулосани истеъмолчи бериши мантиққа тўғри келади. Чунки ўзига маъқул бўлмаган маҳсулотни ҳеч ким истеъфода этишни истамайди.
Дарсликлар ҳар қандай миллат ривожланиши, жамият тараққиёт этиши, муносиб кадрлар етишиб чиқишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Унинг сифати ўқувчининг интеллектуал, маънавий ва ахлоқий сифатларига тўғридан-тўғри таъсир этгани учун ҳам бутун жамиятнинг келажаги унга боғлиқ. Шу боис дарслик атрофида кўтарилган шов-шувга эътиборсиз қарамаслик, бундан муҳимроқ ишлар борку, дея ажабсинмаслик керак.
Янги авлод дарсликларини умумлаштирувчи бир жиҳат бор – бу уларнинг хориж дарс­ликларига ҳаддан ташқари ўхшаб кетиши. Ҳатто баъзи ўринларда кўчириб олингандай, мисол ва матнларгина ўзгартирилгандай туюлади. Балки фақат туюлаётгандир…
Мана шу ерда тажриба алмашиш деган тушунча бўй кўрсатади. Яъни уни ким ­қандай ­тушунади ва қай тарзда фойдаланади? ­Тажриба алмашиш деганда, одатда, бирор ривожланган давлатнинг муайян соҳадаги ютуқларини ўрганиш ва уни маҳаллий шароит, миллий ­мансублик, устувор ­қадриятлар, ахлоқий тамойиллар каби қатор омилларни ҳисобга олган ҳолда ўз юртида татбиқ этиш тушунилади. Аммо нафақат таълим, балки бошқа соҳалардаги палапартиш, тушунарсиз, ўзини оқламаётган ўзгаришларнинг аксарияти «тажриба ўрганиш» шунчаки нусха кўчириб қўя қолишдан иборатлигини кўрсатмоқда.
Яна бир муаммо – тажриба алмашишга кўпинча бевосита соҳа мутахассиси эмас, раҳбарият боради. Шу туфайли ҳам яхши, илғор, замонавий, соҳани ривожлантирадиган ислоҳотлар кутилган самарани бермаяпти. Дейлик, таълимни янги босқичга кўтариш, жаҳон талабларига жавоб берадиган даражага келтириш учун айнан ўқитувчи бориши керак ­тажриба ўрганишга. Вазир ёки бирор бошқарма бошлиғи эмас. Чунки ўқитувчи жараённинг ичида, бирор таклиф ё ўзгаришнинг мактабларимизга фойда келтириш-келтирмаслигини угина реал тасаввур қила олади. Акс ҳолда ҳозирги «вазирликдан мактабга» – тепадан пастга тартибидаги ислоҳотлар вақт ва маблағ сарфи бўйича қолаверади, таълим иштирокчилари таж­риба қуёнчаси бўлишда давом этаверади.
Қуруқ гап бўлмаслиги учун дарс ўтишнинг интерфаол усулларини олайлик. Жорий этилганига 10 йиллар бўлганига қарамасдан бу усул таълимни ноутбукка боғлаб қўйиш, қоғозчалар тарқатишдан айтарли даражада юқорига чиқмади, умид қилиб кутилган муваффақиятга олиб келмади. Қайтага ўқитувчи тайёрлаган электрон матнни кўчириб олиш, дафтарга ёзмай, компьютердан чиқариб келиш «анъанаси» пайдо бўлди. Қўл хотираси деган гап бор, доим ёзиб юрган одам кам хато қилади. Ўқитувчи ўтадиган мавзусига чуқур тайёрланиш, унга доир янгиликларни ўрганиш, қай шаклда етказса – самарали бўлиши учун кўргазмали қуроллар ҳам тайёрлайди. Бу илгари ҳам бўлган, таълимда янгилик эмас, аммо асосий ўринни эгалламаганди. Методикада олтин қоида бор: дарсдаги бош кўргазмали қурол – ўқитувчи! Ҳозирги вазият эса бош қуролнинг охирги ўринларга тушиб қолганини, муаммолар ҳам шундан келиб чиқаётганини кўрсатади.

Дарслик масаласида ҳам шундай йўл тутилгани маъқул. Уни бир неча йиллик таж­рибага эга ўқитувчилар ёзиши керак (дарсликка киритиладиган материалларни, яъни назарий асосни, табиийки, олимлар тайёрлайди). Ўқитувчи дарс­ликнинг амалиётга татбиқ этилиши, самара келтиришини таъминлайди. Чунки назария қанчалар пухта бўлмасин, у амалиётсиз қийматга эга эмас.

Ойхон СИНЧИЕВА