Ташаббусли бюджет: танга – топганники, от – минганникими?

161

Уч кун аввал кечга яқин телефонимга аллақандай код-хабарнома келди. Ҳали ўқиб улгурмасимдан асакалик блогер Отабек Нуритдинов қўнғироқ қилиб қолди: «Дўстим, ташаббусли бюджет бўйича лойиҳамизга овоз тўплаётгандик, сиздан берухсат рақамингизни ҳам киритвордим. Илтимос, шунинг кодини айтворинг, бугун овоз тўплашнинг охирги куни. Масала ичимлик сув муаммоси билан боғлиқ…»

Хуллас, савобли юмушга ҳиссам қўшилса, деб қўшни тумандаги ўзим билмаган бир маҳалла аҳли учун овозимни бердим. Эртасига блогернинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида айни мавзудаги аламли постга кўзим тушди. Демак, ҳудуд аҳли ҳар қанча тиришиб-тармашмасин, овозлар сони етмабди…
Тан олиш керак, «Ташаббусли бюджет» учун кураш бу гал жуда қизғин кечди. Одамлар ижтимоий масъулиятни ҳис эта бошлади, ўзаро жипслашди, ҳудудидаги ҳал этилиши зарур деб билган муаммоларни лойиҳа сифатида тақдим этиб, ғолиб чиқиш учун, эҳ-ҳе, нималар қилмади дейсиз: қаердадир битта овоз бир килограмм узум, бошқа жойда тарвуз, яна бир ҳудудда бир кило ўсимлик ёғи тарқатилди. Ҳатто чекка вилоятнинг чекка бир қиш­лоғидан пойтахт­­га катта юк машинасида «Пепси» ичимлигини ортиб келиб, бозор ўртасида одамларга илтимос қилиб, ҳар бир овозга салқин ичимлик тақдим этилгани ҳам оғиздан-оғизга ўтиб юрибди. Нима бўлганда ҳам, шу каби ташкилотчиларни қўллаб-қувватламоқ керак: ахир улар елиб-югуриб ўзлари учун ош сўрашмаяпти, нон сўрашмаяпти, аксинча кўпларнинг манфаатига хизмат қилувчи ижтимоий масалалар учун курашяпти.
Бироқ бу курашдаги ғалабаларда айрим ҳолларда ғирромлик ҳам роль ўйнаётгандай. Яъниким баъзи лойиҳаларда «жонсиз» рақамлар орқали сунъий овоз кўпайтирилгани яққол кўзга ташланиб қолди. Жумладан, ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларнинг бирида бир лойи­­ҳа учун берилган овозларнинг рўйхатида аввал кўзга ташланмаган алоқа компания­сига тегишли шубҳали кодларни ҳамда ўнлаб овозлар – ой-кунини қўйинг, ҳатто соат, дақиқа ва сониясигача айнан бир хил вақтда берилганини кўриш мумкин. Демак, платформа ижодкорлари ҳамда тегишли масъуллар «пуфлаб» шиширилган овозлар орқали ғирромлик билан ғолибликни қўлга киритган лойиҳалар масаласида ўз сўзини айтиши зарур. Йўқса, эл-юрт учун росмана югуриб, «Пепси» тарқатишгача борганлар қолиб, муаммоси ўта долзарб бўлмаган, аммо кимларнингдир манфаатига хизмат қилувчи лойиҳалар «эгарга ўтириб» кетаверади.
Иккинчи масала эса лойиҳа тақдим этаётган ҳудудларнинг аҳолиси ўртасидаги тавофут ҳамда бир кишининг бир неча рақамдан қайта-қайта овоз бериши билан боғлиқ. Дейлик, Шаҳрихон ва Улуғнор тумани аҳолиси ўртасида каттагина фарқ бор. Демакки, овоз тўплашда ҳам шаҳрихонликларнинг улуғнорликларга нисбатан имкониятлари кўпроқ. Шундан келиб чиқилса, икки ҳудуддан аҳамияти бир-биридан қолишмайдиган лойиҳаларни тарозига қўйишда айни жиҳатни ҳам кўзда тутувчи бирор-бир механизм ишлаб чиқилиши керак.
Кўплар эсласа керак, «Ташаббусли бюджет»нинг жорий йилнинг биринчи ярмидаги танлови якунлари эълон қилингач, ғолиб бўлган лойиҳалар орасида Бўс­тон туманидаги 4-мактаб мавзуси катта муҳокамаларга сабаб бўлганди. Яъни лойиҳада мактабни таъмирлаш учун пул сўралган, платформага мазкур муассасанинг ғарибгина биноси акс этган сурат жойлаштирилган, бироқ ижтимоий тармоқларда тарқалган тасвирларда мактабнинг аллақачон таъмирдан чиққанини кўриш мумкин эди.
Маълум бўлишича, мазкур мактабни мукаммал таъмирдан чиқариш мақсадида 2016 йили дастур бўйича 764 миллион сўм маблағ йўналтирилади. Аммо бу пуллар муассаса фасад қисмининг деразаларини алмаштиришга келганда тугаб қолади. Шундай қилиб, эшиклар янгиланиб, деразалар эски ҳолида қолиб кетади. 2021 йилга келиб ана шу кам-кўстларни тўғрилаш учун маҳаллий бюджетдан 250 миллион сўм маблағ ажратилади ва мактаб кўзни қувнатадиган қиёфага келади. Шундай экан, муассаса таъмири учун «Ташаб­бусли бюджет» орқали яна нега ­маблағ сўралган?
Ўрганишларимиздан аён бўлдики, муассаса биносининг орқа тарафи ҳамда ёпиқ спорт зали андак таъмирга муҳтож. Шунингдек, айрим синф хоналаридаги пойдеворнинг бир қисми шўрланиб тўкила бошлаган. Ташаббус муаллифи – ушбу мактаб информатика фани ўқитувчиси Акбаржон Тўхтасиновнинг қайд этишича, танловда ғолиб бўлиш учун ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам овоз беришга фаол жалб қилинган. «Ҳатто кўпчиликда иккитадан сим-карта бўлгани учун унисидан ҳам, бунисидан ҳам СМС юбориб, овозлар сонини кўпайтирдик, натижада ғолиб бўлдик», дейди у.
Кўриниб турибдики, олти йил аввал «давлат дастури бўйича мукаммал таъмирдан чиқарилди» деб ҳисоботларга тиркалган мактабга сўнгги икки йилда яна икки бор маблағ ажратиляпти. Бу нимадан далолат: пудратчилар сарф-харажатдан уриб қолганми ёки чиндан ҳам сарфланадиган маблағни чамалаб-чўтлашда лойиҳачи-ю молиячилар адашганми? Умуман, мукаммал таъмирдан чиқарилган объектнинг беш-олти йилга етиб-етмай, жиддий кам-кўстлари пайдо бўлиши ягона ҳолат эмас! Қурилишлар сифати назорати билан боғлиқ масала мамлакат бўйлаб жиддий ислоҳотга муҳтож.
Яна «Ташаббусли бюджет» мавзусига қайтсак. Куни кеча якунланган танловда Андижон вилоятидан 88 та ташаббус ­ғолиб деб топилди. Эндиликда мазкур камчиликлар ечими учун 88,8 миллиард сўм сарфланади. Эътиборлиси шундаки, ғолибларнинг аксарияти мактабгача таълим, умумтаълим ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларидир.
Хусусан, Андижон шаҳридаги 24-мактабнинг капитал қурилиш ва иссиқлик тизимини яратиш учун 1 миллиард 200 миллион сўмлик, 30-мактабнинг эса гарчи 2017 йилда янги қозонхона барпо этилган бўлса-да, иситиш тизими яроқсиз ҳолатга келгани сабабли иссиқлик тизими учун 1 миллиард 200 миллион сўмлик лойиҳалари ғолиб деб топилган. Эътиборлиси, ҳар икки мактаб вилоят марказининг энг асосий – Навоий шоҳкўчасида, жумладан, 30-мактаб вилоят ҳокимлиги маъмурий биносининг қаршисида жойлашган.
Дейлик, маҳаллий бюджет маблағларини тақсимлашда «қозоннинг бошида» турган масъуллар айрим соҳаларга бемақсад совурилаётган пулларни юқоридаги каби зарур муаммоларга сарф этганида, ҳозир ғолиблар сафида мазкур икки муассасанинг ўрнида ички йўл таъмири ёки ичимлик сув билан боғлиқ яна бир муҳим лойиҳа ғолиб бўлиши мумкинмиди?
Келинг, иддаоларимиз қуруқ бўлмаслиги учун мисолларга юзлансак. «Ishonch» газетасининг шу йил 19 февраль кунги 22-сонида «Тишинг борида тишлаб қол…» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган, унда шаҳарда қанча-қанча ижтимоий муаммолар турганда, ўтган йили вилоят марказидаги ўнлаб кўчаларда йўл ўртасидаги қатновнинг икки томонини ажратиб турувчи бетон тўсиқлар устига ҳар ўн метр оралиқда барпо этилган сунъий гулхоналар бузилиб, декоратив ғиштдан қайтадан қурилаётгани, оқибатда солиқ тўловчилар ҳисобидан йиғилган миллиардлаб маблағлар ҳавога совурилаётгани, камига қурилиш ишлари ҳеч қандай танловларсиз олиб борилаётгани таассуф билан қаламга олинган эди.
Ёки икки йил аввал Андижон шаҳри кўчаларига ўрнатилган – мамлакатнинг бош­­қа бирор ҳудудида учрамайдиган диод ёриткичли йўл белгилари хусусида ҳам газетамизда бонг урилганди. Яъниким йўл белги ишлаб чиқаришга ваколатли ягона давлат ташкилотининг ўн йиллик кафолатга эга, стандартга жавоб берувчи маҳсулотлари қолиб, маҳаллий тадбиркорнинг ҳеч қандай танлов-тендерсиз тақдим этаётган, бюджетга қарийб уч карра қимматга тушаётган сифатсиз маҳсулотлари ҳақида сўз борганди. Не дейсизки, ушбу жараён бугунга қадар давом этмоқда.
Ҳолбуки, мана, «Ташаббусли бюджет» кўрсатиб қўйди – ижтимоий неъматлар билан боғлиқ қанча-қанча зарур масалалар бор экан – шаҳар имижини яратиш ниқоби остида «пул ювиш» билан боғлиқ «ўйин»ларга берилмай, юқоридаги муаммоларни ҳал этсак бўлмайдими? Иқтисод­­чи Отабек Бакиров айтмоқчи, гул ижтимоий неъмат эмас-ку ахир?
Умуман, ижтимоий соҳа объектларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш, моддий техника базасини мустаҳкамлаш каби ишлар тегишли вазирликлар ва ҳокимликларнинг тўғридан-тўғри вазифасидир. Шундай экан, масъуллар «Ташаббусли бюджет» билан боғлиқ талабларни жиддий қайта кўриб чиқишлари, сунъий овозлар масаласида ҳам қандайдир нормаларни жорий этишлари зарур. Йўқса, одамларнинг халқчил ташаббусларга нисбатан умиди сўниб бораверади.

Нурилло НЎЪМОНОВ
«ISHONCH»