Фидойи шифокор хислати

103

«Айримлар, бу беш кунлик ­дунёда маза қилиб яшаб қолай, дейди. Аммо улар бу дунёда ҳамма нарса ҳисоб-китобли, ўлчовли эканини ­хаёлларига ҳам келтиришмайди.

Маишатга берилиш, организмни зўриқтириш инсон соғлиғига путур етказадиган асосий омиллардан бири. Нима учун оддий ҳаёт кечирадиган одамлар кўпам касал бўлавермайди? Чунки уларнинг ҳаёт тарзи оқилона турмуш кечириш учун қулай ва талаблар даражасида. Одамнинг вужуди қийналмаса, зўриқмаса ва инсон тоза сув ичиб, тоза ҳавода нафас олса, 100-150 йил ҳам яшаши мумкинлиги олимлар томонидан исботланган. Бунга ўртача умр кўриш даражаси 83 йил бўлган японларнинг ҳаёт тарзи яққол мисолдир».

Бу фикр-мулоҳазалар суҳбатдошим – тажрибали, фидойи шифокор, қалби пок, тилида ва дилида ҳамиша яхшилик туйғулари уфуриб турувчи дилкаш-дардкаш инсон Санобар Мусиновага ­тегишли. У билан суҳбатлашсангиз, дардингизни ҳам унутасиз. Сизни қандайдир меҳрли инсоннинг сеҳри қамраб олади.
Бу шифокор аёлни салкам йигирма йилдан бери яхши биламан. Ёши улғайган сари одамнинг соғлиғи ҳам кетаркан. Ана шу соғлиқни тиклаш – шифокорлар зиммасида. Ақлли, билимли, кўпни кўрган, тажрибали, халқ табобати билан замонавий тиббиётни ўзаро уйғунликда олиб борадиган ва амалда қўллайдиган, тўғри ташхис қўядиган шифокор бўлса, бемор тез тузалади.
Санобар Мусинова ана шундай хислатларга эга, ноёб фазилатли шифокор-кардиолог. У ўз умрини беморлар соғлиғини тиклаш, уларнинг дардларига шифо топиш учун сарфлаётган, гоҳида тунни кунга улаб, ўз ҳаловатидан кечиб яшаётган врачлардан бири.
– Шифокорликни танлаб кам бўлмадим, – дейди Санобар Мусинова –– Самарқанд давлат медицина институтини тугатганимга ҳам келаси йили 40 йил бўлади. Бу йиллар малакали шифокор бўлиш учун ҳақиқий синов, тажриба, тинимсиз билим, изланиш ва амалиёт даври бўлди, десам, янглишмайман. Ҳам ишладим, ҳам ўқидим, илмий тадқиқотлар ҳам олиб бордим, оилани ҳам бошқардим. Тиббиёт фанлари номзоди бўлдим. Ҳар бир бемор мен учун кашф этилмаган бир сирли дунё. Уни ўрганиб даволаш – менинг бурчим. Уни уддалашда хатоликка йўл қўйиш асло мумкин эмас. Шифокор хатоси – бу умр жафоси. Ҳамкасбларимга ҳам шуни ­таъкидлайман.
Санобар Мусинова пойтахтдаги 2-марказий клиник шифохонада бош шифокорнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосари бўлса-да, беморлари олдида раҳбарлигини батамом унутади, ўзини оддий шифокордай тутади. Бемор билан илк бор юзлашгандаёқ, дардининг асл сабабини билишга, синчиклаб ўрганишга интилади. Дилдан суҳбатлашади. Беморнинг ҳаётини, барча хислатларини, одатларини, ҳатто фикр-ўйларини ҳам билишга ҳаракат қилади. Гўёки унга энг яқин сирдош, дардкаш бир инсон дуч келгандай. Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, у бемор учун қайғуриб, қийналади, азобланади.
Ўзининг беморларидан ташқари шифохонада даволанаётган бошқа инсонлар тақдирини ҳам ўйлаш, жонлантириш бўлимини алоҳида назоратга олиб, касаллар ҳақида қайғуриш – унинг зиммасида. Муаммо туғилса, бош врач билан бамаслаҳат иш кўради, тезда ечимини топишга интилади.
Оддий инсонларга қараганда, шифокорларнинг ҳаёт тарзи жуда қийин, ўзига хос. Айниқса, аёл шифокорлар учун икки баробар оғир, мураккаб. Улар учун иш вақти ва кунлик фаолият чегараланмаган. Гоҳида ҳамширалар беморнинг ҳолатига қараб шифокорни ярим кечада ҳам безовта қилишлари мумкин.
– Бир пайтлар ўзим ҳам ёш келин бўлиб, қайнона ва қайнотамнинг синовларидан ўтганман, – дейди Санобар Мусинова. – Ҳозир ўзимнинг ҳам иккита келиним бор. Аёлнинг жони қирқта деб, бежиз айтишмаган. Иш ва оила ташвиш­лари… Булар ҳаёт талаби, турмушнинг ўзига хос сир-синоатлари. Лекин ҳаётимнинг асосини ташкил қилувчи шифокорлик вазифам, тиббиётимизнинг бугунги куни ва келажаги мени кўп ўйлантиради, ташвишлантиради. Биласизми, ҳар бир беморнинг танаси бир-биридан фарқ қилади, ҳеч қайсиси бир-бирига ўхшамайди. Касалликнинг пайдо бўлиши ва уни даволашда ҳам ана шу алоҳида организм хусусиятларидан келиб чиқиш лозим. Қадимда беморларни мижозига қараб даволаш усули бежиз танланмаган. Биз ҳозир нима қиламиз? Масалан, қон босим ошганда фақат уни тушириш билан овора бўламиз, бу касалликни келтириб чиқарадиган асл сабабларни эса баъзан эсдан чиқарамиз. Яна бир гап: замонавий дори-дармонларнинг аксарияти Европа давлатлари ва Ҳиндистонда ишлаб чиқарилади. Улар асосан ўша давлатлардаги беморларда клиник синовлардан ўтказилади. Лекин бизнинг беморлар билан уларнинг беморлари организми бир хил эмас-ку?!. Бундан хулоса шуки, дорилар таъсирига алоҳида ёндашув талаб этилади.
Тўғри, кейинги йилларда тиббиётимиз жуда каттта ютуқларга эришмоқда. Замонавий шифохоналар барпо этилмоқда, халқ табобатига кенг йўл очилмоқда. Ўта ноёб жарроҳлик амалиётларини ҳам ўзимизнинг шифокорлар амалга оширишни бошлашди. Гоҳида тиббиётда кутилган натижалар бўлавермайди Мисол учун, яқинда Самарқанд шаҳридаги тиббиёт муассасасида донордан жигарни кўчириб ўтказиш бўйича ўтказилган илк жарроҳлик амалиёти ижобий натижа бермади. Бу кўнгилсизлик кўплаб шифокорлар қатори мени ҳам ташвишга солди, дилимни оғритди. Ҳозирги кунда бу амалиётнинг сабаблари аниқланмоқда. Менимча, хорижда ишлаётган бир ватандош ҳамкасбимиз айтганидек, у тиббиёт тизимимизнинг замонавий тенденциялардан жуда орқада қолиб кетгани, тиббиёт ходимлари малакасини етарлича ошира олмаслигимиз, тиббиёт институтларида ўқитиш даражасининг пастлиги, Россия тиббиёти ортидан қувиш каби жуда кўп омилларга бориб тақалади. Бунга қўшимча қилиб айтиш мумкинки, донордан кўчириб ўтқазишдан сўнг қўллаб-қувватловчи ўта ноёб дори-дармонларнинг етишмаслиги ҳам асосий сабаб бўлиши мумкин.
Биз бир кардиолог шифокорнинг ҳаёти ва касб фазилатлари ҳақида қисқача ҳикоя қилдик. Булар – инсоннинг энг нозик аъзоси бўйича мутахассис, юрак шифокори Санобар Мусинованинг ҳаётидан бир томчи, холос. Унинг ўй-фикрлари, таклиф ва мулоҳазалари бир дунё. Беморларнинг шифо излаб, Ҳиндистон, Германия, Туркия ва бошқа давлатларга катта маблағ сарфлаб бориши уни ҳам ташвишга солади, ўйлантиради.
Касалхоналардаги шарт-шароитларни тубдан яхшилаш, уларни замонавий тиббиёт воситалари билан жиҳозлаш, шифокорлар малакасини ошириш – долзарб вазифалардан бири. Буюк табиб, тиббиёт асосчиси Ибн Синонинг юртида яшаётганлар эндиликда ўзга юртларда шифо излаб юриши жуда ачинарли. Ҳатто қаҳрамонимизнинг ўзи ҳам шифокор бўла туриб, турмуш ўртоғи оғир касалга чалинганида Россия ва Туркиядаги клиникаларга мурожаат қилишига тўғри келган.
Тиббиёт тизимида ўзгаришлар бўляпти, янгиликлар кўп. Аммо натижа ҳали ҳам кўзланганидан кам. Оғриқли муаммолар талайгина. Афсуски, уларни бир-икки йилда ҳал қилиб бўлмайди.
Ҳаётда унутилмас онлар кўп бўлади. Одамзод заковат қаршисида бош эгади, меҳр-шафқат қаршисида тиз чўкади. Биз беморларга нафақат тиббиёт хизмати, дори-дармонлар, балки ўзимизнинг чексиз меҳр-муҳаббатимиз, одамийлик фазилатимиз, бебаҳо қадриятларимиз, сеҳрли ширин забонимиз билан ҳам хизмат кўрсатмас эканмиз, ҳамма ютуқларимиз амалда эмас, сўзда бўлиб қолаверади.

Жаббор РАЗЗОҚОВ,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист