«Дунё сен билан!» ёхуд «Қуёш болалари»га кўмак

78

Ҳилола Тўхтамуродова Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида таваллуд топган. У «Дунё сен билан!» лойиҳасига асос солган бўлиб, «даун» синдроми билан туғилган болаларнинг ҳунар орқали қўл моторикасини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Унинг ҳаётига назар ташласангиз, жуда кўп машаққатлар чеккани, аммо матонат билан барчасини енгиб ўтганини кўрасиз. Бугун у 5-6 йил аввал, ҳаттоки, орзу қилиб ҳам кўрмаган натижаларга эришмоқда. Қуйида Ҳилоланинг ҳикоясида ана шу ибратли ҳаёт йўли ҳақида сўз боради:

– Менинг болалагим икки қисмдан иборат бўлган. Бири онам билан, бири бувим билан боғлиқ.
Уч ёшимда ота-онам ажрашган. Эсимни таниганимда ўгай отамнинг ­уйида улғаяр эдим. Назаримда аввалига ҳаммаси кўнгилдагидек яхши эди. Аммо укамнинг дунёга келиши билан отамнинг феъли ўзгарди. Кун сайин менга нисбатан зуғумлари ортди. Бошқа болалар каби ўйинчоқ ўйнаш, эркалик қилиш, ҳаттоки, китоб ўқиш ҳам тақиқланди. Мактабдан келиб, боғчада ишлаётган онамга ёрдам бергани борардим, уй юмушларини бажариб, укаларимга қарардим. Икки нафар укамнинг улғайиши, уларга кўз қулоқ бўлиш менга юклатилганди. Барча юмушлар поёнига етиб, кечки соат ўн бирларда, дарс қиламан деганимда отам «ухлаш керак» дея чироқларни ўчириб қўярди. Мактабда синфдошларимнинг камситишлари, ўқитувчиларнинг турткилари ҳам гўёки мени катта қилиб қўйгандек эди. Ўзимни 9 ёш эмас, 18 ёшдек ҳис қилардим.
Ўн икки ёшимда бу меҳрсизлик­ларга чидолмай бувимникига қочиб кетдим. Ҳаёт янгидан бошланди. Янги мактаб, янги синфдошлар. Фанларни ўзлаштиришим яхши томонга ўзгарди. Энг муҳими, бу ерда ўгай отанинг таёқлари йўқ эди. Кичиклигимдан ўрганган ҳунарим мунчоқлардан безак ясашни давом эттира бошладим.
Ҳаммаси яхши кетаётганди. Аммо бир куни мени машина уриб кетди. Бир йил аравачада юрдим, мактабга шу ҳолда қатнадим. Кейинчалик ҳассага таяниб бордим. Бироқ оёғимнинг гипси туфайли қишда совуқ ўтиб, шифокорлар энди юролмаслигимни айтишди…
Мен эса бир умр шундай қолишни истамас эдим, доимо ҳаракат қилардим. Ва ниҳоят… 2011 йил 11 июнь куни илк қадамимни қайта ташладим. Бу мен учун гўёки қайта туғилиш бўлди. Одамларнинг «оёғи қийшиқ экан», «оқсоқ экан» деган гапларини эшитсам-да, аҳамият бермасликка ҳаракат қилдим.
2014 йил тиббиёт коллежига, 2018 йил Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат ­институтига грант асосида ўқишга кирдим. Менда ижтимоий фаолликка бўлган қизиқиш уйғонди. Зулфия номидаги давлат мукофотига ҳужжат топширдим. Бир эмас, бир неча бор. Ҳар гал турли сабаблар билан қайтаришган: «Ҳужжатларинг тўлиқ эмас, халқаро сертификатларинг кам, мақолаларинг йўқ…». Ўша пайтда бу гаплардан роса хафа бўлганман, йиғлаганман. Бироқ, ҳозир уларга раҳмат айтаман.
Негаки, шу сабаб Республика ҳунармандлар уюшмаси аъзоси бўлдим. «Ҳужжатларингда мақолалар йўқ экан», дегани учун ижодга уриндим. Ишонасизми, газета ва журналларга юборилган мақолаларим 48 марта қайтиб келиб, қирқ тўққизинчиси чоп этилган. Бу орада халқаро форум ва танловларда иштирок этдим, грантлар ютдим. Илк бор Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган «Каштачиликда ҳаёт порлайди!» дея номланган кўргазмада қатнашиб, ғолиб бўлдим, 2018 йил Россияда ўтказилган халқаро танловнинг «Энг яхши сувенир» йўналишида 1-ўринни қўлга киритдим. Бу барча ютуқларимнинг дебочаси бўлди, десам асло муболаға эмас.
…Ўша кезларда хаёлимни бир лойи­­ҳа банд этган эди. Ғоянинг пайдо бўлиши эса болалигим билан боғлиқ эди. Мен 6-7 ёшли қизалоқ пайтимда маҳалламизда бир қиз бор эди. Ёши 16 да. Аммо фикрлаш доираси, адашмасам, мен каби, менинг ёшимдаги болалар каби эди. У жуда меҳрибон эди. У кўчада мени кўрганида қучоқлаб оларди. «Сени жуда яхши кўраман» дерди. Кейин­чалик у билан яқин дўст бўлиб кетдик. Бирга ўйнардик, қувнардик. Аммо менинг ёшим улғайган сари тафаккур ­доирам кенгайиб борар, у эса… Кейин мен бувимникига кўчиб кетдим. Аммо уни унутмадим. «Нега шундай?» деган савол доимо мени қийнаб келарди. Ва бир куни билдимки, у «даун» синдромига чалинган экан… Менинг лойиҳам ана шунда туғилган – «қуёш болалари»га кўмак бераман».
2017 йили «Баркамол авлод маркази»да қизлар учун тўгарак ташкил қилдим. Ўша вақти бир аёл келиб, «Менинг ҳам қизимни тўгарагингизга қабул қилсангиз. Бироқ у бошқа болаларга ўхшамайди» деди. Сўнг мендан сўради: «даун синдроми» ҳақида эшитганмисиз?».
Шу он дугонам ёдимга тушди. Ҳеч иккиланмасдан «қизингиз келсин» дедим. Ва бу орада мен касаллик тарихи ва жараёнларини, унга чалинган болалар билан қандай ишлашни ўргана бош­ладим. У қизалоқ билан 4 ой давомида ишлаганимдан кейин ундаги тасаввурларнинг ўзгаргани кўзга ташланди. Билдимки, улар нафақат бажара олади, балки, яратади ҳам.
Лойиҳамнинг номи шундай пайдо бўлди: «Дунё сен билан!». Ўзим рус ва инглиз тилларини, ҳунармандчиликнинг 30 хил йўналишини билганим туфайли лойиҳани йўлга қўйиш қийин кечмади. У халқаро мутахассислар томонидан ҳам илиқ кутиб олинди. Ҳозиргача йигирмага яқин давлатда бўлдим. Грантлар қўлга киритдим. 2019 йилдан бошлаб Тошкент шаҳрида шундай болалар учун тўгарак очдим. Улар 6 ой давомида ҳунар ўрганиб, ўзлари ясаган ишларини онлайн бозорда сотишни йўлга қўйиб, 11 миллонгача даромад олишди. Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Республика ҳунармандлар уюшмаси билан ҳамкорликда вилоятларда ҳам бундай болажонларга тренинглар ўтказдик. Лойиҳа ­доирасида қарийб 2 минг нафардан ортиқ бола қамраб олинди.
Бугунгача мен ҳаётдан чиқарган хулоса шундай: барча ютуқларнинг асоси – ҳаракат. Ҳар қандай ғояни амалга оширса бўлади. Фақат эзгу мақсад, интилиш бўлса, бас. Чунки дунё биз билан!

Ҳилоланинг сўзларини
Дилноза АБДУҲАМИДОВА
ёзиб олди