Ошкора фикр – газета мундарижасини бойитади

87

«Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририяти жамоаси Сирдарё вилоятидаги газетхонлар, матбуот тарқатувчилар, касаба уюшма фаоллари ва журналистлар билан юзма – юз мулоқотда бўлди.

– Сўнгги йилларда таҳририятга аҳоли томонидан турли мазмундаги мурожаатлар сони кўпайгани одамлар бизни ўқиётгани, бизга ишонч билдираётганини исботламоқда, – деди «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари бош муҳаррири Ҳусан ­Эрматов. – Юзма-юз мулоқотлар, ўйлаймизки, мавзулар доирасини кенгайтиришга хизмат қилади.
– Юртимиз шиддат билан тараққиёт сари илдамлаб бормоқда. Мана шундай паллада масалага тўғри ёндашув, атрофлича таҳлил, асосли танқид зарур. Бу эҳтиёжни, шубҳасиз, газета қондира олади. Шунинг учун ҳам 11 та газета ва журналга обуна бўлганман, – дейди Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов. – Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, улар орасида «Ishonch» газетаси чинакамига ишончни оқлаб келаётир. Газета саҳифаларида илғор фикрли кишилар муносабати тезкорлик билан бериб борилишига ўрганиб қолдик, «Ishonch»ни ўқишга шошадиган, сўроқлайдиган бўлдик. Истагимиз, газета доимо ­фикрларга очиқ майдон бўлиб қолаверсин! Яна бир гап: китобхонлик, китоблар мавзуси ҳақида энг кўп таҳлилий мақола берган газета деб «Ishonch»ни айтамиз. Таклифимиз, бу бардавом бўлсин, шунингдек, «Янги номлар» деган рукн ташкил этилса ва унда нашрдан чиққан янги асарлар ҳақида маълумот ва тақризлар берилса, айни муддао бўларди.

Изланишдаги нашр

– Таҳририятнинг сўнгги йилларда обуначилар манфаатини ўйлаб шартнома таклиф қилиши, газетанинг муштарий қўлига боришини назорат қилиб, газета етказиш ишларига ҳам ўзи бош-қош бўлиши, йил давомида мониторинг амалга оширгани истеъмолчи манфаатига хизмат қилаётир, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилояти кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов. – Кўплаб чет муаллифлар, турли соҳа мутахассислари учун минбар бўлиб келиши билан газетанинг қадри ошиб бораётир. Нашр энди шунчаки янгиликлар тасмаси эмас, балки ўқишли материаллари сабаб авайлаб-асраб қўйиладиган газетага айланди. ishonch.uz сайти ҳам жонланиб, таҳлилий ва танқидий мақолалари билан муштарийларини хурсанд қилмоқда.

Эътирофга сазовор

– Газета халқчил, берилган мурожаатларга ўрганиш билан жавоб бермоқда. Кўтарилган муаммога барчанинг эътиборини қаратмоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилояти кенгаши Ижтимоий суғурта бўлими бошлиғи Раҳматилла Султонов. – Газетхонлар «Ishonch»да чиқдими, демак, масала ечимини топади», деган гапни ишониб айтишяпти. «Касаба уюшмаси аралашгач», «Ishonch»га жавоб берадилар», «Сўраган экансиз?» рукнларини катта қизиқиш билан кузатиб борамиз. Таклифим, газета саҳифаларида касаба уюшмалари тарихи, дунё касаба уюшмаси тажрибалари ҳақида ҳам мақолалар кўпайса…
– Газетхонларнинг фикрини мунтазам ўрганиб бориш, улар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш хайрли иш, албатта. Ижодий жамоа қандай ишларни амалга оширди, мазмундорлик ва таъсирчанликни яхшилаш учун яна нималар қилиш керак, қандай режалар бор каби саволларга юзма-юз кўришганда аниқ жавоблар топилади, – дейди «Yangi Sirdaryo» ва «Новая Сырдарья» газеталари бош муҳаррири, шоир Муҳаммад Исмоил. – Бошқа нашрлар қатори «Ishonch»нинг ҳам ҳар бир сонини ўқиб бораман. Ўзимга маъқул келган материалларни белгилаб қўяман. Уларни ­бошқаларга ҳам ўқишни тавсия этаман. Шундай таҳлилий мақолалар борки, уларни ҳамкасбларим, маҳалладош­лар, оила аъзоларим билан ўртоқлашаман.

Таҳририятга таклифлар

– Элига, юртига нафи тегадиган иш билан шуғулланган киши жисмонан бақувват, руҳан бардам бўлади. Ҳаётга муҳаб­бати ортиб кўнглидагини қоғозга туширади, – дейди Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар кенгаши раиси Қаршибой Эшназаров. – Севимли газетамизда меҳнат билан ижодни баравар олиб бораётганлар ҳаёти, уларнинг ижод намуналари бериб борилса, жуда мамнун бўлардик.
Иштирокчилар билан кечган жонли мулоқот давомида муштарийларга касаба уюшмаси, таҳририят фаолиятига оид викторина савол-жавоблари ташкил этилди. Зукко иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг Тошкент шаҳар ҳамда Сирдарё вилояти бўлимлари, шунинг­дек, «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририяти билан «Yangi Sirdaryo» ва «Новая Сырдарья» газеталари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва таж­риба алмашиш борасида меморандумлар имзоланди.

Озода МАМАДАЛИЕВА
«ISHONCH»