Маданият вазири О.Назарбеков,
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари М.Ҳожиматов эътиборига!
Юнон файласуфи Цицерон: «Биз ўтмишдан кул-кукун эмас, балки чўғ оламиз», деган экан.
Дарвоқе, IX-XIV асрларда юз берган биринчи ва иккинчи Ренессанс XVI-XVII асрларда Европада уйғониш даврини бошлаб берди. Натижада буюк кашфиётлар, ихтиролар қилинди. Фан ва техника тараққий эта бошлади.
Таъкидлаш лозимки, ана шу давр алломалари қатори Абу Райҳон Беруний меросини ўрганиш, унинг ҳаёти ва фаолиятини тарғиб этиш, улуғ аждодимиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш учун тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар йили алломанинг таваллуд санаси кенг миқёсда нишонланяпти.
Афсуски, ана шундай бир пайтда Хоразм ибратхонаси вакилларининг тарихни бузиб кўрсатиш, аниқроғи, Беруний шахсиятини унинг аслиятига зид равишда жонлантиришга уринишаётганлиги дилни хуфтон қиляпти. Хусусан, Раҳматулла Отақўзи ўғли Уйғуннинг мустақиллик мафкураси тамойилларига мутлақо зид бўлган, ва айтиш мумкинки, шўролар даври мафкураси асосида ёзилган «Абу Райҳон Беруний» драмаси (Беруний сиймосига ҳақорат!)ни Хоразм вилояти театри 2022-2023 йилларга мўлжалланган репертуар режасига киритибди.
Маълумки, ана шу асарда диний ва дунёвий фанлар ўртасида кескин кураш кечиши тасвирланади. Дин арбоблари Берунийни даҳрийга чиқариб, қаттиқ ҳақоратлашади. Шайхулисломдек етук дин арбобининг дунёвий илмга қарши туриши, Берунийдек улуғ олимнинг илмини писанд қилмай, унинг тарихий-илмий асарларини йўққа чиқариб, иблис, кофир деб ҳақорат қилиши, дунёнинг турли жойларида яшаб-ижод қилаётган олиму уламоларни чорлаб, академия («Дорул ҳикма») ташкил қилиб, бошпана бериб, ҳомийлик кўрсатган Маъмуншоҳни бебурдга чиқариш, Маҳмуд Ғазнавийдек дунёни титратган подшоҳ хонадони, (яъни муслимлар етакчиси саналган) Амир ул-мўъмининни (яъни аждодларимизни) маиший бузуқликда айблаши, унинг синглиси Сайёрани Екатеринага ўхшатиши, аждодларимизни (бу ўша пайт мафкурасига керак эди) обрўсизлантириш каби ҳолатларга алоҳида урғу берилган. Қайд этиш жоизки, муаллиф чиндан ҳам ўша давр мафкурасига хизмат қилишга мажбур бўлгандир, лекин бугунги театр жамоаси қандай қилиб бу асарни саҳналаштириш, Берунийдек аллома сиймосини ёш авлод кўз ўнгида бу қадар салбий йўсинда намойиш этишга қарор қилди.
Фикримиз асоссиз бўлмаслиги учун асардан бир-икки диалог келтирсак:
Шайхулислом: – (Берунийнинг «Ал-боқия» китобини қўлга олиб). Хўп, (Берунийга) бу китобда Муҳаммаднинг ҳаётини сиз оддий одамларнинг ҳаётидай содда таъриф этибсиз. Ахир, ҳамма билади-ку, у пайғамбар! У Расул (Аслида Шайхулислом бу китобни ёқлаши керак эди).
Беруний: – Буни ҳеч ким инкор этмас. Лекин унинг ҳаёти, таржимаи ҳоли равшан, қилган иши аниқдир. Муҳаммад ҳам инсон эди сизу бизга ўхшаган. Ахир у ҳам инсонлардек бир онадан туғилган. Қабиласи қурайш эди. Ҳошим эди отаси (Ҳошим эмас, Абдуллоҳ! К.Нуржонов). У туғилди, у яшади, у курашди, сўнг ўлди…
– Пайғамбарлар, авлиёлар келиб кетган беҳисоб, Мусо, Исо, Яъқуб, Довуд, етмиш беш минг пайғамбар тарихларда зикр этилур, ўйлайманки, билурсиз. Муҳаммад ҳам ўшаларнинг бири эди.
Шу ўринда Уйғун бу диалогни қоралашда 75 минг пайғамбарни қаердан олди, яна буни Берунийдек олим номидан айттирганини тушуниш қийин. Беруний шу қадар нодонмидики, пайғамбарлар сонида адашса?!
Аълам: – У донишманд, доно эди!
Беруний: – Тўғри зукко, донишманд, кўп ақлли ва тадбиркор бир зот эди, шубҳасиз. Аммо у ҳам инсон эди, бу ёғини унутманг! Ҳа, тақсирлар… Динлар қурол кучи билан тарқатилган вайрон бўлган мамлакатлар, ёндирилган шаҳарлар, пайғамбарлар қиличидан ўтказилган шўрликлар, буни асло унутманг… Ҳа, чиндан ҳам тарихнинг ҳар бир саҳифасида қон изи! (7-8 бет).
Яна таажжубдан ёқа ушлайсан, наҳотки, Беруний пайғамбарларни шу қадар қораласа? Ахир Беруний атеист коммунистдек тасвирланган ўша асарни бугун саҳнага чиқариш қайси мантиққа тўғри келади?
Азиз ўқувчи, энди мўминлар етакчиси саналган Маҳмуд Ғазнавийдек машҳур подшоҳ хонадонида тарбия олган синглиси Сайёра тимсолига эътибор қаратинг: Уйғун тасвирида Сайёра Ғазна элчиси Қоратегинни севади. Диалог:
Сайёра: – Хоразмшоҳ саройида мендан улуғ зот бўлмас. Шоҳ амридан менинг амрим устун бўлур! Ахир мен Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг ҳамшираси бўламан! Амин бўлгил, севгимизга ҳеч ким ҳалал беролмас. Агарда шоҳ эрим бўлса, сен севгилим бўласан.
Қоратегин: – О, бу гаплар қанча оғир…
Сайёра: – Бундан оғир гаплар бор.
Қоратегин: – Ё Раббий!
Сайёра: – Ҳа шуни яхши билиб қўйки, мен билган эркакларнинг орасида сен тўртинчи эрурсан…
Кейинчалик муаллиф айни шу аёлнинг ишқи Берунийга тушганини тасвирлайди (подшоҳзода бир аёл қанчалар ахлоқсиздек тасвирланганига эътибор қаратинг!).
Аждодларимизнинг, подшоҳзодаларимизнинг шаънига туҳмат эмасми бу? Ахир Муслимзодаларни бундай қоралашлар, авлодларига ўз ўтганларининг обрўсини тушириб, уларда ёшларимизда исломга, ўтмиш тарихига нисбатан нафрат уйғотиш кимга керак бугун?
Шу ўринда яна бир диалогга эътибор қаратсак:
Маҳмуд Ғазнавий: – Ҳа, эсимдан чиқай дебди, ҳарамни ҳам тозаланг. Гўзаллари қолсин, аммо ёши ўтган жувонлар навкарларга улашилсин ё қул қилиб сотилсин, ҳарна пул-да…
Маймандий: – Ҳеч шубҳасиз!
Маҳмуд Ғазнавий: – Ҳа, ўзинг ҳам танлаб ол.
Маймандий: – Миннатдорман, улуғ султон, дуо қилиб юраман.
Маҳмуд Ғазнавий: – Биласан-ку, менинг учун бир кечадан ўтган қиз ортиқ мени қизиқтирмас. Хоҳлаганинг сеники.
Ана энди ҳақли савол туғилади. Хоразм вилояти театри саҳнасида бугун ана шу диалогларнинг янграшидан кимдир манфаатдорми? Бу ёш авлод олдида ўз даврида бутун илм аҳлига ҳомий бўлган Маъмуншоҳдек аждодларимиз номини қора отлиқ қилиш эмасми?
Яна бир гап: ушбу асарни саҳналаштиришга ҳаракат қилаётган Хоразм вилояти театри директори, бош режиссёри, репертуарга масъул бўлган театрнинг бадиий эмакдоши, бадиий кенгаш фаолиятидан вилоят ҳокимлиги, вилоят маданият бошқармаси мутасаддилари, маънавият ва маърифат, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими мутасаддилари хабарсизми?
Бу фикрга ишониш қийин, албатта. Аммо кимдир драмадаги ўша мантиққа зид, чиркин мафкура ёқланган эпизодларни олиб ташлаб, истиқлол мафкураси қолипига солиб, «тозалаб» саҳналаштиришни режа қилган дейиш мумкин. Аммо дунёдан кўз юмган муаллифнинг «розилигисиз» асардаги асосий ғояни тубдан ўзгартиришдек номақбул ишга қўл уришга кимнинг ҳадди сиғар экан? Шахсан мен эски мафкура билан суғорилган «Абу Райҳон Беруний» драмасини саҳналаштиришни тарих асло кечирмайдиган хато иш, деб ҳисоблайман.
Комил НУРЖОНОВ,
ўлкашунос-тадқиқотчи
Манба: «Milliy tiklanish» газетаси.
